Заголовок страницы

Амир Темурнинг тўнғич хотини, Чиғатой улуси хони – Қозонхоннинг қизи Бибихонимнинг асл исми Сароймулкхонимдир. У дастлаб амир Ҳазағоннинг набираси – Ҳусайн ибн Мусаллабга, кейин (Ҳусайн қатл этилгач)1870 йилда  Амир Темурга никоҳланган. Шу боис Амир Темур «Кўрагон» унвонига мушарраф бўлади. Зотан хон авлодига мансуб Сароймулкхоним ҳарамдаги барча маликалардан улуғ ҳисобланиб, «Катта хоним» ёхуд «Бибихоним» деган унвонга ноил бўлган.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Бибихноим ўз замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор, маслаҳатдон, етук ақл-заковатли аёли, шунингдек, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир бўлган. Бибихоним мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган, салтанат ишларида доно маслаҳатлари билан иштирок этган. У айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор берар, толиби илмларга ҳомийлик қиларди. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларида кўпинча ҳамроҳлик қилган. Бибихоним салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишга ўзининг оқилона маслаҳатлари билан ёрдам берган. Амир Темур Бибихонимга ошкора бўйсунмаса-да, бироқ унинг оқилона маслаҳатларига ўзида қандайдир эҳтиёж сезиб турган.
Бибихоним ўз жамғармаси ҳисобидан Самарқандда улкан мадраса (Бибихоним мадрасаси) қурдирган.
Бибихоним фарзанд кўрмаган бўлса-да, соҳибқирон ўз набиралари –  Муҳаммад Султон, Халш Султон, Улуғбек ва бошқа мирзоларни бевосита зукко Бибихоним тарбиясига топширган.
Самарқандда Амир Темур Бибихонимга атаб қурдирган Бибихоним жоме масжиди мавжуд. Бибихоним ҳақида халқ орасида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган.