Заголовок страницы

Якка тартибдаги тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати»даги фаолият турларини амалга оширишлари мумкин.
Юридик шахслар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни молия-хўжалик фаолиятининг ҳисобот давридаги натижаларига мувофиқ тўлайдиган бўлса, якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгилаб қўйилган солиқ тўловларини амалга оширадилар. Яъни, тадбиркорлик субекти ой давомида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар белгиланган, муайян тўловдан четга чиқмайди. Солиқлар тадбиркорнинг фаолият тури ва уни амалга ошириш жойига қараб энг кам иш ҳақига каррали миқдорларда белгиланган ставкалар бўйича тўланади. Бунинг устунлик тарафи шундаки, тўлов тушум суммасига боғлиқ бўлмайди.
Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорга қатор имкониятлар яратилган, хусусан, у ўзини ижтимоий суғурта қилдириш, иш даврларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат стажига ҳисоблатиш ҳуқуқига эга. Банк муассасасида ҳисоб рақамига эга бўлиш ҳуқуқи, муҳр ва штампнинг борлиги хусусий тадбиркорга хўжалик фаолиятининг тўлақонли субекти бўлиш, юридик шахслар билан шартнома асосидаги муносабатларга киришиш имкониятини беради.
Шунингдек, шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши мумкин. Айниқса, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар учун қатор имтиёзлар берилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 311 ва 375-моддаларига асосан, янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субекти қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадалларини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлаши белгиланган.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан бандлигини таъминлаш ва уларга ўз бизнесларини йўлга қўйиб олгунларича шароит яратиш мақсадида, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўқишни тамомлагандан кейин 12 ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 6 ой муддатга озод этилган. Бу ўз навбатида ёш тадбиркор учун ушбу даврда фаолиятини ривожлантириб олишига туртки бўлади.
Бироқ, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб 12 ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар бир неча фаолият тури билан шуғулланишлари мумкин. Бунинг учун уларга бошқа бир ходимларни ишга жалб этиш зарурати юзага келади. Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4725-сонли Фармонига асосан, 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан 1 нафардан 3 нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда, у коллежни битиргандан бошлаб 12 ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилиши белгиланди.
Шунга мувофиқ, хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги 219-сонли қарори қабул қилиниб, «Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.
Ушбу Низомга асосан, хусусий тадбиркор томонидан унинг билан меҳнат муносабатлари ўрнатган ва тузилган меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажарадиган ходимга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи олинмайди.
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан нафақага чиққан шахслар ёлланган ҳолда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилганда ҳам имтиёзлар назарда тутилган. Масалан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланадиган ходимлар учун суғурта бадали миқдори ҳар бир ходим учун белгиланган миқдорнинг 50 фоизини ташкил этиши керак. Яъни, ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида белгиланган.
Ушбу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади. Календар йил мобайнида имтиёзларга ҳуқуқ пайдо бўлганда ёки тўхтаганда суғурта бадалларини қайта ҳисоблаш ушбу ҳуқуқ пайдо бўлган ёки тўхтаган ойдан бошлаб амалга оширилади.
Агар, хусусий тадбиркор қатъий белгиланган солиқни тўлашдан қонунчиликка мувофиқ вақтинчалик озод қилинган ҳолларда, мазкур имтиёз қатъий белгиланган солиқни ҳар бир ходим учун тўлашга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорлик субектларини рўйхатдан ўтказиш таомили ҳам соддалаштирилган бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказиш учун жисмоний шахс томонидан ўз яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона дарча”га ўзи келган ҳолда, почта алоқаси ёки Интернет тармоғи орқали белгиланган шаклда ариза-хабарнома тақдим этилади.
Аризага 2 дона фотосурат, паспорт нусхаси, давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати ҳамда якка тартибдаги тадбиркорнинг хоҳишига кўра икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари тақдим этилади. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг масъул ходими ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 2 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда тадбиркорлик субектининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат реестрига киритади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани беради.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларни масофадан туриб интернет орқали рўйхатдан ўтказишнинг мавжуд эканлиги уларга янада қулайлик яратиш имконини берди.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида текширишларни тартибга солиш ва тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мисол учун, Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноят (солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)ни илк маротаба содир этиб, у аниқлангандан кейин 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа молиявий жарима турларини тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ҳамда у жавобгарликдан озод қилинади.
Шу билан бирга, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди. Агар якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилиши белгиланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларда тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган жавобгарлик чораларини либераллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ушбу Кодекснинг 108-моддасига киритилган ўзгартиш билан жиноят қонунчилигида қўллангани каби, солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарликлар содир этган тақдирда, молиявий санкциялар ҳар бир ҳуқуқбузарликка нисбатан алоҳида-алоҳида қўлланилиши ўрнига, унча оғир бўлмаган молиявий санкциянинг оғирроқ жарима билан қамраб олинишини назарда тутувчи меъёрлар билан тўлдирилди.
Айтайлик, бир ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг 100 баравари, иккинчиси учун энг кам иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарималар белгиланган бўлса, аввалги тартиб-қоидаларга кўра, ушбу иккита ҳуқуқбузарликнинг ҳар бири учун белгиланган молиявий жарималар қўлланилар эди. Ўзгартишга асосан, бундай ҳолларда ҳар иккала ҳуқуқбузарлик учун назарда тутилган молиявий жарималарнинг фақат оғирроқ миқдори, яъни энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима белгиланадиган бўлди.
Якка тартибдаги тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги Қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати»даги фаолият турларини амалга оширишлари лозим. Бугунги якка тартибдаги тадбиркорга қатор имкониятлар яратилган, хусусан, у ўзини ижтимоий суғурта қилдириш, иш даврларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат стажига ҳисоблатиш ҳуқуқига эга. Банк муассасасида ҳисоб рақамига эга бўлиш ҳуқуқи, муҳр ва штампнинг борлиги хусусий тадбиркорга хўжалик фаолиятининг тўлақонли субъекти бўлиш, юридик шахслар билан шартнома асосидаги муносабатларга киришиш имкониятини беради. Шунингдек, у ҳисобот топширишда интерактив хизматлардан фойдаланиши, шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши мумкин. Якка тартибдаги тадбиркор ўз ишини мустақил тарзда, ходимларни ишга ёлламаган ҳолда мулкчилик ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда ўзига тегишли бўлган мулклар асосида юритади. Қонундаги ходимларни ишга ёллашни тақиқлаш тўғрисидаги талаб ҳунуармандчилик фаолиятини амалга оширишда истисно қилинади. Улар кўпи билан беш нафар шогирдни уларга тегишли ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга ҳақли. Жисмоний шахс сифатида фаолият кўрсатаётган тадбиркор ўз мажбуриятлари бўйича жавобгарликни ундириш қаратилиши мумкин бўлган ўзига қарашли барча мулклар ва никоҳ шартномаси тузилмаган ҳолларда турмуш қурган вақтдан бери биргаликда ишлаб топган мулкларнинг ярми билан ўз зиммасига олади. Бунда кўчмас мулк, автомобил, заргарлик буюмлари ва бошқа оилавий мулкларнинг кимга – хотин ёки эр номига расмийлаштирилганлиги аҳамиятга эга эмас, яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу мол-мулкларнинг ярми оила аъзолари бошлиқларидан бирига тегишли бўлади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2015 йилдан бошлаб солиқ тўловлари тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ойдан эмас, кейинги ойдан ҳисобланиши туфайли вужудга келган имтиёз улар сонининг янада ошишига сабаб бўлмоқда. Мазкур тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш таомили содда бўлиб, аризага 2 дона фотосурат, паспорт нусхаси, устав ҳамда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўшиб тақдим қилганда рўйхатдан ўтказувчи орган 1 иш кунида уни рўйхатдан ўтказади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларни масофадан туриб интернет орқали рўйхатдан ўтказиш имкони мавжуд эканлиги уларни рўйхатдан ўтказиш таомилида янги имтиёзга сабаб бўлди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти бўйича устав тақдим этилмаслиги тадбиркорни унинг тайёрлаб берилиши учун консалтинг хизматини ёллаш ва унга ҳақ тўлашдан озод этади.
Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишларнинг янги тартиби 
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонига асосан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Бундан фақат юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар мустасно эканлиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди.
Юқоридаги Фармондан келиб чиқиб, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан Назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар — юридик шахслар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 6 майда 2878-сон билан давлат рўйхатдан ўтказилди. Мазкур Низомга кўра унинг қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда кредит битимларида назарда тутилган масалалар бўйича, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида, шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари ва ваколатхоналари, тугатилиб, қўшиб юборилиб (олиниб), давлат реестридан чиқарилган субъектлар, бюджет ва жамоат ташкилотлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштиришга татбиқ этилмайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” Қонунининг 64-моддасига кўра, суд ижрочиси қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс томонидан ижро ҳужжати талаблари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, шу жумладан ижро ҳужжати бўйича пул маблағларининг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида ўтказилиши, уларнинг сақланишига ва ҳисобга олинишига доир белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ундирувчининг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан текшириш ўтказади. Бундай текширишни ўтказишда қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс тегишли бухгалтерия ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни суд ижрочисига тақдим этиши шарт.
Шу билан бирга, юқоридаги Низом қўзғатилган жиноят ишлари доирасида тайинланган текширишларга нисбатан ҳам тадбиқ қилинмайди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси тафтиш ўтказишни тартибга солувчи янги боб билан тўлдирилди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни тафтиш қилиш иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни текширилаётган субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда таққослаб кўриш йўли билан олиш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади. Тафтиш ўтказиш учун тайинланадиган шахслар сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг, давлат солиқ хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ва ҳудудий молия органларининг мутахассислари иштирок этиши мумкин.
Жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган тафтиш ўтказиш муддати ўттиз календарь кунидан ошмаслиги керак, зарур бўлган ҳолларда, текширилаётган субъектнинг ҳужжатлари ҳажми, фаолиятининг тури ва кўламлари ҳисобга олинган ҳолда, бу муддат терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан узайтирилиши мумкин, бироқ. дастлабки тергов ва суд мажлисида жиноят ишини муҳокама қилишнинг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган муддатларидан ошмаслиги керак.
Шунга алоҳида урғу бериш керакки, тадбиркорлик субъектларини тафтиш қилиш юридик хизмат вакиллари ва (ёки) жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъекти мазкур ҳуқуқдан воз кечган ҳоллар бундан мустасно) ўтказилади.
Юридик хизмат вакилининг иштирокидан ва (ёки) адвокатнинг юридик ёрдамидан воз кечиш тафтишнинг кейинги босқичларида тадбиркорлик субъекти томонидан уларни жалб этиш учун тўсиқ бўлмайди.
Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 28 январда 2757-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом билан бу борадаги ҳуқуқларни амалга ошириш тартиби белгилаб берилган. Агар тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни жалб этиш истаги билдирилган бўлса, текширишни бошлаш адвокат етиб келгунга қадар йигирма тўрт соатга тўхтатиб турилади. Хусусан, мазкур низомнинг 3-бандига кўра, адвокат йигирма тўрт соат ўтгандан кейин тадбиркорлик субъектини ҳимоя қилишга киришмаган тақдирда, текшириш унинг иштирокисиз бошланади.

Хусусий мулкдорларга имтиёзлар

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни баратарф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 391-сонли қонуни хусусий мулкка нисбатан давлат томонидан берилаётган кафолатларни янада мустаҳкамлади.
Мазкур қонун билан амалдаги Ўзбекистон Республикасининг жами 43 та шундан 10 та Ўзбекистон Республикаси Кодексларига ва 33 та қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015йил 15майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари-тўғрисида»ги ПФ-4725-сонли Фармонига асосан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида белгилаб берилган янги меъёрларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Бу қонунга асосан Суд ва прокуратура органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини ошириш, давлат, ҳукуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини ошириш, тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёз ва преференцияларнинг амалиётда қўлланилишини назорат қилиш механизмини такомиллаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратилган.
Жумладан, тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг ролини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республкасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига ҳамда «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилиб, товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмларни фақат суд қарори асосида мусодара қилиш механизми жорий этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, мол-мулкни хатлаш суриштирувчининг ёки терговчининг қарори бўйича прокурор розилиги билан ёки бу тергов ҳаракатини бажаришни тергов органига топширишга ҳақли бўлган суднинг ажрими бўйича амалга оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари орасидаги низоларни тезкорлик билан кўриб чиқиб қонуний ҳал этилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекснинг 116, 122 ва 125-моддаларига ўзгартиришлар киритилиб, хўжалик судлари томонидан даъво аризаларини иш юритувга кабул қилиш ва ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш муддатлари ўн кундан беш кунгача, шунингдек, давлат ёки бошқа органнинг ҳужжатини ҳақиқий эмас, мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топиш бўйича ишларни кўриш муддати 30 кундан 15 кунгача қисқартирилди.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузганлик, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиққанлик ва (ёки) ўтказганлик учун –мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар: кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, -энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши жорий этилди.
Мазкур Қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишларни ташкил этиш ва ўтказишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси «Хусусий корхона тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиб, уларда тадбиркорлик субъектларини текшириш даврийлигига, муддатларига ҳамда улар манфаатдор ваколатли органларни иштирок этишларига қулай имкониятлар яратилди.
Масалан, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 39-моддаси қайта таҳрир қилиниб, тўртта янги қисм билан тўлдирилди. Кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар эса кўпи билан уч йилда бир марта, фақат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан ўтказилиши белгилаб қўйилди. Хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан беш йилда бир марта амалга ошириладиган бўлди. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни ўтказиш муддатлари ўн календарь кундан ошмаслиги керак.
Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.
Текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига уни текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмаслиги тўғрисидаги меъёрлар билан тўлдирилди.
"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни баратарф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 391-сонли қонунининг қабул қилиниши мулкий муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш орқали мулкдорлар ҳуқуқларининг муҳофаза қилиниши бўйича аниқ чоралар тизимини яратишга ёрдам беради. Қолаверса, жаҳон амалиётида ҳам иқтисодиётнинг ривожланишида мамлакатда тадбиркорлик учун яратилган қулайликлар асос эканлиги исботланган.
Оилавий тадбиркорлик қай тартибда амалга оширилади?
— 2012 йил  27 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, оилавий тадбиркорлик — оила аъзоларининг даромад олиш мақсадида амалга оширадиган ташаббускорлик фаолияти. У иштирокчиларнинг ихтиёрий асосда, юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Юридик шахс ташкил этган оилавий тадбиркорлик — оилавий корхона. Унинг иштирокчилари — оила бошлиғи,  турмуш ўртоғи, болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари оилавий корхона иштирокчиси бўлиши мумкин. Оилавий корхона иштирокчиларидан бири унинг бошлиғи бўлиб, унга оилавий корхонанинг барча иштирокчиси бир овоздан иш муомаласида ўз номларидан иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаролар учун имтиёзлар талай. Хусусан, тадбиркорлар 3 кун ичида барча ҳужжатни расмийлаштириб, фаолиятни йўлга қўйиши мумкин. Оилавий корхона учун қонунчилигимизда қатор солиқ имтиёзлари ҳам яратилган. Жумладан, уйи­да оилавий тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган кишилар тураржойини нотураржойга ўтказиши талаб этилмайди. Қонунга мувофиқ, оилавий корхона оила аъзолари яшаб турган тураржойда фаолият юритиши ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини шу жойнинг ўзида сотиши мумкин. Қолаверса, коммунал тўловлар учун ҳақ ҳам жисмоний шахслар учун белгиланган миқдорда тўланади. Бу каби енгилликларнинг берилиши аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишга бўлган қизиқиши янада ортишига, янги иш ўринлари яратилишига ва аҳоли бандлиги таъминланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, оилавий корхоналар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ягона солиқ тўловчиси ҳисобланади. Уларга кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ имтиёзлари, преференциялар ва кафолатлар татбиқ этилади. Яъни, оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди. Агар оилавий корхона халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариб сотса, сотувдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан ҳам озод қилинади.
— Юридик шахс ташкил этмаган оилавий корхоналар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 370-моддасига кўра, юридик шахс ташкил этмаган оилавий корхонада фақатгина корхона номидан иш кўрувчи, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосигина қатъий белгиланган солиқнинг тўловчиси ҳисобланади. У Кодекснинг 311-моддасига асосан ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда, оиланинг бошқа аъзолари эса (ўн саккиз ёшга тўлмаганлар бундан мустасно) ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадалларини тўлаши белгиланган.
Юуклаб олиш [98,5 Kb] (cкачиваний: 4)