Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Аёл адашмасин…

Биз “Аёл” сўзига луғатимиздаги энг чиройли таърифларни қўшиб айтишга одатланганмиз. Уни қуёшга, ойга, гулга қиёслаймиз, шиддатини дарёларга менгзаймиз. Аёл ҳам ўзининг меҳру муҳаббати, фидойилиги билан умри давомида бу қиёсларга муносиб яшашга интилади.
Шунинг учун бўлса керак, аёл билан боғлиқ кўнгилсизликларни оғриқли қабул қиламиз:
– Аёл бунёд этиш, барпо қилиш, бирлаштириш учун яратилган. Унинг ножўя хатти-ҳаракатлари қонунга ҳам, дину диёнатга ҳам тўғри келмайди, – тарзидаги гаплар билан умрининг қай лаҳзаларидадир адашиб, нопок йўлларга кирган, хатони хатога улаган, ҳаёт йўлини барбодлик тараф бурган аёл ҳақида ўз фикримиз, эътирозимиз, ачинишларимизни билдирамиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани фуқароси Дилбар Аҳмедова (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартириб берилган) ана шундай тўғри йўлдан адашган аёллардан бири.
 
Норасидага тамға босилди
“Ҳамма иллат бекорчиликдан келиб чиқади”, дейди ёши улуғлар. Дарҳақиқат, ўрта маълумотга эга, тўй кўрган, оналик мақомига эришган Дилбар ҳам кучи, имкониятига яраша бирорта фойдали иш билан шуғулланганида, меҳнатнинг, меҳнат билан топилган даромаднинг қадрига етарди. Кимнингдир чўнтагига кўз тикмасди...
Урганч шаҳар деҳқон бозорини уч-тўрт ёшлар орасидаги қизчаси билан айланиб юрган Дилбарнинг кўзи “Севинч” савдо мажмуасидаги растанинг ёнида турган сумкага тушади-ю, нафси ҳакалак отади.
Қизини шаҳардаги касалхонага, шифокор кўригига олиб келаётгани, яъни эзгу мақсад – оналик мажбурияти билан юрганини ҳам унутади. Қизчасига ўша сумкани олиб келишни буюради. Ҳали “Бу – меники”, “Бу – ўзганики” дея ажратишга ҳам фаҳми етмайдиган қизалоқ сумкани олиб келиб, онасига беради. Дилбар сотувчи О. Ҳалимованинг ўта бандлигидан фойдаланиб, баҳоси 16.000 сўм бўлган сумка ва унинг ичидаги 500 АҚШ доллари, тўрт миллион сўмдан ортиқ пулга осонгина эга чиққанидан қувониб, шифохонага ҳам бормай уйига қайтади. Бу нохуш воқеани баён қилар эканмиз, кўнглимизда қатор мулоҳазалар уйғонади.
Аслида оналар гўдагига шамолни ҳам раво кўрмайдилар. Боласи бир “уҳ” деса, ўттиз икки томиридан оғриқ келади. Наҳот, 24 ёшга кириб, оқ-қоранинг фарқига бориб қолган аёл ўз қўли билан норасида гўдагининг пешонасига “ўғри” деган тамғани босса?! Боса туриб, қўли титрамаса?! Бугунги оналар қизларини ўқитишни, олим, шифокор, санъаткор мақомига етказишни орзу қилишади. Шу умидда фарзандларининг қўлидан етаклаб фан тўгараклари, спорт майдонлари, санъат масканларига олиб борадилар. Ахир, Дилбар ўзга сайёрадан келган кимса эмаски, атрофидаги шундай орзу-ҳавасларни кўрмаётган бўлса! Кўрган, албатта! Лекин бир лаҳзагина ақлни йўқотиш, шайтон измига кириш унинг юзини бир умрга қора қилди...
 
Ҳукм ўқилди
 “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади”, деган гап айни ҳақиқат. Дилбар Аҳмедова ҳам ички ишлар ходимларининг ҳушёрлиги, тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида бу воқеадан кўп ўтмай қўлга олинди. Суд ҳайъати даъвогар О. Ҳалимованинг кўрсатмаларини тинглаб, жиноий иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишни очиш жараёнида қўлга киритилган ашёвий далилларга баҳо бериб, ҳукм чиқарди: Дилбар Аҳмедова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 127-моддаси 3-қисми, 169-моддаси 3-қисми билан айбланиб, 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Лекин унинг ҳомиладорлиги, вояга етмаган фарзанди борлиги, ўзлаштирган пулининг (Дилбар қўлга тушгач, ўғирланган пулнинг маълум қисмини эгасига қайтарди) бир қисмини О. Ҳалимовага қайтариб бергани каби ҳолатларни ҳисобга олиб, айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасига биноан шартли ҳукм қўлланиб, 2 (икки) йил синов муддати белгиланди.
Маҳкума устидан назорат олиб бориш Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ИИБ зиммасига юклатилди. Д. Аҳмедовадан даъвогар фойдасига ўғирланган пулнинг қолган қисми ҳам ундириладиган бўлди...
... Гўё иш осонгина кўчгандек, 6 йиллик маҳбуслик, озодликдан маҳрумлик болалар, яқинлар дийдорига интизорлик икки йиллик чекловли, назоратли ҳаётга алмаштирилгандек. Аслида содир этилган жиноятнинг моҳияти жуда оғриқли. Меҳр-шафқат, адолат тамойилларига асосланган қонунларимиз жиноятчи аёлга яна бир имкон берди. У шу имкониятдан фойдаланиб, қилган гуноҳи учун тазарру қилиши, кўнглини ёмонликлардан поклаб, ўзининг, фарзандларининг тақдир ўзанларини тўғри сўқмоқларга буриши шарт. Агар унинг кўнглида: “Ҳа, ҳукуматимиз одил, кечираверади”, деган нотўғри иштибоқ уйғонса, нонкўрлик, нодонлик қилса... Умид қиламизки, бундай бўлмайди. Дилбарнинг боши деворга урилиши билан якунланган қилмиши ўзи учун ҳам, ўзгалар учун ҳам сабоқ бўлади. Ахир, инсон бир марта яшайдиган дунёга хато қилиш, хатолар жабрини тортиш учун эмас, бахтли яшаш учун келади-ку. Шундай эмасми, азизлар?
 
Фурқатжон ҒАЙБУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси
бош бошқармаси инспектори, лейтенант.
Маҳмуда САЪДУЛЛАЕВА,
“Saodat” журнали бош муҳаррир ўринбосари.
 
P.S.: Ҳаётимиз кундан-кун юксалмоқда. Юртимиз обод бўлиб, фуқароларимизнинг фаровон яшашлари учун янгидан-янги имкониятлар яратилмоқда. Лекин барибир сўзликларимиздан “жиноят”, “жиноятчи” сўзларини ўчириб ташлай олмаяпмиз. Айниқса, “жиноятчи аёл” тушунчаси оилаларимиз, фарзандларимиз тақдиридаги қора доғдек изтиробга солади.
Азиз опа-сингиллар, атрофимизга ҳушёрроқ нигоҳ билан қарайлик. Балки, ёнгинамизда қайбир аёл эгри йўлларда қадам ташлашга шайланиб тургандир?! Эҳтимол, уни йўлдан қайтариш учун бизнинг маслаҳатимиз, насиҳатимиз, озгина мададимиз керакдир... Ҳар ҳолда бугун аёл шаънини ерга ураётган жиноятлар қандайдир олис ўлкаларда эмас, кўчамиз, маҳалламизда содир этилмоқда. Биз лоқайд, бепарво бўлмасак, адашаётганларни тўғри йўлга бошласак, жуда кўп кўнгилсизликнинг олди олинади. Ҳаётимиз янада гўзаллашади.

Похожие статьи