Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Болангизнинг энагаси ким?

Кўп қаватли уйда яшасак-да, қўшнилар билан жуда аҳилмиз. Кимнинг уйига меҳмон келди, кимнинг боласи бетоб, барчасидан хабардормиз. Бир-биримиздан меҳримизни, ёрдамимизни аямаймиз. Кейинги кунларда қўшнимиз Нодира опанинг 11 ёшлар чамасидаги ўғли уч нафар нотаниш болаларни тез-тез ҳовлига айлантиргани олиб чиқадиган бўлиб қолди. Қизиқсиниб болакайдан: “Уйингизга меҳмонлар келишдими?” – деб сўрадим. – Йўқ, ойим бу болаларга энагалик қиляптилар. Ҳозир ўзлари уйда йўқлар, бозорга кетганлар.
Бола дардини кимга айтишни билмай турган эканми, кўзларини жавдиратганча:
– Мана шу болаларни деб, дарсларимга улгуролмаяпман, уларни кўчага олиб чиқиб ўйнатишим, уйда эса тўполон қилдирмай ўтиришим керак. Чарчаб кетдим, – деди. Унинг елкасига оғир юк ортилгандек хўрсиниши юрагимни эзиб юборди.
Онасининг ўрнига вақтинча “энагалик” қилаётган болани бекор гапга солибман. Икки-уч қадам нарироқда ўйнаётган “тарбиясида”ги болалардан бири тупроққа юзтубан йиқилиб, бурнидан тирқираб қон оқа бошлади. Бола “ая-ая”лаб чинқириб йиғларди. Унга ачинганимдан болаларнинг онасини ҳам, уларга энагалик қилиш масъулиятини бўйнига олса-да, бозорма-бозор юришини канда қилмайдиган Нодира опани ҳам, “энага”ни гапга солганим учун ўзимни ҳам ёмон кўриб кетдим.
Келинг, мавзуга чуқурроқ киришдан аввал, тарихга бир назар солайлик. Қадимдан аждодларимиз фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, энагаликка оқила, фозила, илмли аёлларни ёллашган. Шу ўринда донолиги билан тилга тушган Бобурий малика Хонзодабегимнинг фарзанд тарбиясига ёндашувини эслайлик. Шайбонийхон 1506 йилнинг 15 ноябрида Балхни эгаллаб, қобилиятли ўғли Хуррамшоҳни бу шаҳарга ҳоким қилиб тайинлайди. “Мусаххир ил-билод” асари муаллифи бу ҳақда шундай ёзади: “Ёш бўлгани учун ул шаҳзоданинг энагаси мансабига Қанбар мирзо кўкалтош тайинланди. Ул яхши хислатли амир ҳамиша ўз марҳамати ва адолати соясини мазкур вилоят аҳолиси боши узра ёйди. Шунинг шарофатидан бутун Балх мамлакати ободончилик ва фаровонлик топди. Олий мартабали шаҳзода Хуррамшоҳ доимо соядек энагаси узангиси хизматида юрар, ҳеч қачон унинг буйруғи ва фармонини бажармасдан қолмас, ҳеч бир сўзини икки қилмас эди...” дейди. Бундан кўринадики, энагалик хизмати азалдан мавжуд бўлган. Аммо бугунги кунда-чи? Биз болаларимизга ҳақиқий оналик меҳрини бера оладиган энагалар хизматидан фойдаланяпмизми?
Келинг, шу ўринда интернет орқали бўлиб ўтган энагалик хизматига доир савол-жавобларни келтирайлик:
– Ассалому алайкум, боламга қараб туриш учун энага излаётгандим...
– Тушунарли, олдиндан айтиб қўяй, менинг хизматим сал қимматроқ, ҳамёнингиз кўтарса, гаплашамиз.
– Қимматлигининг сабабини билсам бўладими?
– Биринчидан, мен жуда саришта ва озода аёлман, иккинчидан бола парвариши борасида йигирма йиллик тажрибам бор.
– Хўп, бир ойлик хизмат ҳақингиз қанча бўлади?
– Уч юз АҚШ доллари бўлади. Шунингдек, болангиз еб-ичадиган ҳамма маҳсулотларни ва памперсини олиб келасиз.
* * *
– Эълон бўйича телефон қилаётгандим...
– Ҳм, қаерда ишлайсиз?
– Талабаман...
– Йўқ, мен талабаларнинг боласига қарамайман.
– Нега?
– Улар ҳақингизни стипендия олганимда бераман, деб чўзиб юришади...
* * *
– Икки ёшдан ошган қизчамга қараб турсангиз дегандим.
– Кунига йигирма минг сўмдан тўлайсиз.
– Хўп, лекин сизга шунча пул тўлаганимга яраша боламга қандай тарбия беришингизни билишим керак.
– Бола иштонини ҳўллаб қўймайдими?
– Баъзан...
– Демак, ҳар куни памперс олиб келасиз. Айтиб қўяй, мен яна икки болага ҳам қарайман. Агарда улар бир-бири билан уришиб қолиб, у-бу жойи тирналса, шикоят қилмайсиз...
Сизни билмадимку-я, аммо мен ўзларини энагалик мақомида кўраётган бу аёлларда заррача оналик меҳрини сезмадим. Улар учун биринчи масала – пул. Бола неча ёшда, нималарга қизиқади, қандай овқатланади, кун тартиби қанақа каби саволлар уларни мутлақо қизиқтирмади. Ахир, фарзанд тарбияси фақат қорнини тўйдиришу тагини қуруқ тутишдан иборат эмас-ку! Қолаверса, бу аёлларнинг шахси ким, фарзанд тарбиясига маънавий ҳақлими, булар ҳам мавҳум.
Худбинликнинг туғилиши
Энагалар орасида ўз вазифасига масъулият билан ёндашадиганлари ҳам талайгина. Шундай бўлса-да, фарзандларнинг ўз оналари бағрида улғайишлари тарафдоримиз. Энага хизматидан фойдаланишни шароит тақозо этса, наилож?! Гўдагини энагага топшираётган оналар психолог Лайло Шодиеванинг қуйидаги маслаҳатларини билиб қўйишса, зарар қилмайди:
– Агарда уй юмушларидан ташқари бошқа фаолият билан ҳам машғул бўлган онанинг боласи ҳали боғча ёшига етмаган бўлса, у энага хизматига эҳтиёж сезади. Бунда аввало, бола парваришига киришмоқчи бўлган аёл билан она суҳбатлашиши лозим. Унинг фарзандлари, оиласидаги муҳитнинг соғломлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Шунингдек, она энаганинг саломатлиги ҳақида шифокорнинг тиббий хулосасини талаб қилишга ҳам ҳақли. Энаганинг асли касби педагог бўлса, нур устига аъло нур!
Бола тарбияси билан шуғулланадиган аёл юқоридаги барча талабларга мос келиши мумкин. Аммо бола-чи? У қандай улғаяди? Психологларнинг бу борадаги тадқиқотларига кўра, энагалар қўлида тарбия топаётган болаларнинг аксарияти одамови, жамоага у қадар сингишиб кетмайдиган, худбин бўлиб улғайиши мумкин экан. Бобою бувисининг қўлида ёки мактабгача тарбия муассасаларида улғаяётган болалар эса киришимли, эркин фикрлайдиган ўғил-қизлар бўлиб вояга етиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат!
Бугун куч-қуввати, саломатлиги бўлса-да, ота-онасини боқдим, бўлди-да, дея гап-гаштаклардан бўшамайдиган айрим бувижонларга қарата: “Мевасидан данаги ширин” эмасми? Набираларингизнинг маънавий, жисмоний соғлом бўлиб вояга етиши манфаатдорлик юзасидангина уларни парваришлаётган энагалардан кўра кўпроқ сизни қизиқтириши керак-ку, дегимиз келади. Бу мулоҳазаларимиз оналар, энагаликка даъвогар аёллар ва бувилар даврасида давом этишига ишонамиз.
 
Навбаҳор РАҲМОНОВА

Похожие статьи