Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Фарзандингизни “кўк кит”дан ҳимоя қиляпсизми?

Ҳар икки ҳафтада опаларимнинг ота уйимизда йиғилишлари анъанага айланган. Ҳар бирининг уч-тўрт нафардан фарзандлари бор: улар мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, институт талабалари. Ҳаммамиз бир йиғилсак, гап гапга уланиб, давра қизигандан-қизийди. Жиянларимнинг аксарияти эса қўлидаги телефонининг ичига “шўнғийди”. – Фарзандларингизни “Кўк кит”дан ҳимоя қиляпсизми? – сўрадим беихтиёр уларни кузатар эканман опаларимдан. – Нима у “Кўк кит”? – опаларим оғзимга қарашди.
– Мен биламан, бу ўйин болаларни ўзини ўзи ўлдиришга ундар экан, – ваҳима билан гапга аралашди 8-синфда ўқийдиган бир жияним.
– Сен буни қаердан биласан? – уни хавотир аралаш саволга тутди онаси.
– Мактабимизда устозларимиз бу ҳақда кўп гапиришади, шундай ўйинлар таъсирига тушиб қолмасликка чақиришади. Баъзан огоҳлантирмасдан кириб қўл телефонларимизни йиғиб олиб, қандай ўйинлар ўйнаётганимизни бирма-бир текшириб чиқишади. Қайбир ўқувчининг телефонида ножўя тасвирлар бўлса, ота-онасини чақиртириб алоҳида гаплашишади…
– Эй, биз бу зорманда телефонларни тушунмасак, унда нималар борлигини билмасак, бу ўйин ҳақида қаерданам билардик! – деди гапларимизга бепарвороқ ўтирган яна бир опам.
– Мен яхши тушунаман. Келинг, ҳозир болаларнинг қўл телефонларини биргалашиб би-ир текшириб чиқамиз. Қани, улар қандай ўйинлар ўйнашар экан? – дедим “темирни қизиғида бос” қабилида иш тутиб.
Мен ҳали гапимни тугатмасимдан жиянларим бирзумда ерга сочилган тариқдай тарқаб кетишди. Изоҳга ҳожат йўқ: ўсмирлар “телефон текшириш” операциясига рози эмас! Ораларидан фақат бири: “Мана, меникини кўриб чиқинг”, деб қўлимга телефонини тутқазди. Қарасам, асосий дастурлар очиқ, аммо шахсий маълумотлар код билан ҳимояланган.
– Нималар бор бу папкаларда, нега кодлар билан беркитилган? – сўрайман ундан.
– Шунчаки, шахсий нарсаларим, хола.
– Мени айнан шахсий нарсаларинг қизиқтиряпти-да, қани, кодини айт, – талаб қилдим ундан.
У: “Телефонимни бериб туринг, ўзим очиб бераман”, деб қўлимдан телефонини олди-да, нари кетди. Сал ўтмай, мана, менинг яширадиган сирим йўқ, дея телефонини қизарибгина қўлимга тутқазди.
– Шундай экан, нега папкаларинг кодлар билан ҳимояланган? Нега уни очиш учун калит сўзни менга айтмадинг?..
Болакайга берган кетма-кет саволларим жавобсиз қолди. Ачинарлиси, опам ва жияним ранжиб қолишди. Бу ҳолат мени телефонлардаги ўйинларга чуқурроқ киришга ундади.
Ҳозирги кунда интернет, ижтимоий тармоқлар, турли оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган “Кўк кит”, “Китлар денгизи”, “Фея”, “Ф-57” ва “Ф-58”, “Мен ўйиндаман”, “Бадавлат ўзбек қизи” сингари болаларни, ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга ундайдиган ўйинларнинг жиддий хавфи ҳақидаги мақолаларни ўқиб, кўрсатув ва эшиттиришларни мунтазам кузатиб бордим. Ўрганганларим асосида ўсмир фарзандларининг қўлига ижтимоий тармоқ, интернетга уланиш имкониятига эга смартфонларни тутқазиб қўяётган ёки телефонларнинг қулайликлари, фойдали жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигидан бехабар айрим ота-оналар учун мутахассисларнинг “Кўк кит” онлайн ўйини ҳақидаги маълумотларини келтириб ўтишни жоиз деб билдим.
“Кўк кит” қандай ўйин?
Бу ўйин интернет дастурларида, асосан “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида ўйналади. Ўйин ўйнаш истагидаги иштирокчи ўйинни бошлаш учун аввало “Кўк кит” номли гуруҳга аъзо бўлиши керак. Негаки, бу ёпиқ гуруҳ бўлиб, унга ҳар қандай хоҳловчи ҳам қўшила олмайди. Яъни, агар иштирокчи ўспиринлик давридан ўтган бўлса, рад жавоби берилиш эҳтимоли юқори. Чунки гуруҳнинг асосий қатнашчилари 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлардир.
Ўйин 50 та босқичдан иборат бўлиб, сўнгги шартда иштирокчи ўз жонига қасд қилиши керак бўлади. Ким ҳам ширин ҳаётдан кечиб, ўзини ўлдирар экан, дейишингиз мумкин. Лекин ўйин шу даражада пухта дастурланганки, унда виртуал олам билан жонли ҳаёт чамбарчас боғланиб кетади. Барча мавзулар иштирокчининг руҳиятига ўта таъсирчан тарзда тузилган. Жойлаштирилган суратлар, ҳикоялар, қўшиқлар, видеотасвирлар одамни карахт қилиб қўяди. Ўйин модераторлари ўз аъзоларига, бу дунё ғурбатлардан иборат, яшашдан кўра ўлим афзал, дея уқтиришади. Қўрқувга тушган ўсмир онгига фақат бир фикр сингдирилади: “Агар кўк кит сени у дунёга олиб кетса, абадий жаннатда яшайсан”.
Ўйинда қандай топшириқлар берилади?
Гуруҳга аъзо бўлган иштирокчи учун гуруҳ модераторларидан бири кураторликка тайинланади. Куратор ўйин қоидалари билан таништирар экан, топшириқ тонгги соат 4:20 да берилишини ёзиб юборади. Иштирокчи ҳар тонг 4:20 да интернет орқали ижтимоий тармоққа кириб, ўйин шартини қабул қилиб олади.
Биринчи топшириқда иштирокчидан билагига олмос ёки бошқа бирор ўткир тиғли восита ёрдамида китнинг расмини ўйиб чизиб, уни суратга ёки видеога олиб кураторга жўнатиши сўралади. Бу билан ўйинчи гуруҳга кирганини исботлайди. Агар бу шартни бажаришдан бош тортса, ўйиндан четлатилади ва “қора рўйхат”га тушади.
Гуруҳ куратори тузоққа илинган ўсмирга самимий муносабатда бўлиб, унинг қизиқишлари, кайфияти ва ўзи ҳақида кўпроқ билишга интилади. Шу тариқа топшириқ шартларини тайёрлашда унинг заиф томонларидан фойдаланишга уринади.
Ўйиннинг сўнгги босқичида ўсмирнинг жасурлигини қайта-қайта такрорлайди: баланд бинонинг энг юқори қаватидан ўзини ташлашга ёки катта тезликда келаётган автомобилнинг йўлини кесиб ўтишга ундайди.
Топшириқ бажарилмаса нима бўлади?
Кураторлар сўнгги босқичдаги топшириқларни бажаришдан бош тортган ўсмирларга таҳдид қилишади, тазйиқ ўтказишади. Қандай қилиб, дейсизми?
Бундай ҳолатда улар иштирокчига “ссилка” – “ҳавола” юборади ва уни очишини сўрайди. Иштирокчи “ҳавола”ни очишга уринади ва қандайдир хатолик юзага келгандек кўринади. Аслида эса бу гуруҳ модераторларининг яна бир тузоғи эканлигини иштирокчи билмайди. “Ҳавола”га киргани заҳоти куратори махсус дастур орқали ўсмирнинг IP манзилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олади. 10-15 дақиқадан сўнг “Агар жонингга қасд қилмасанг, яқинларингдан айриласан”, “Биз сенинг барча сирларингдан хабардормиз, сиринг фош бўлишини истамасанг...” тарзидаги таҳдидли SMS хабарлар жўнатади ва ўсмирда қўрқув уйғотиш орқали худкушликка даъват этади.
Умуман танимаган, билмаган, умрида кўришмаган одами унинг манзили, исми-шарифини, унга тегишли бўлган шахсий маълумотларни айтгач, табиий ҳолки, ўспириннинг кўнглини хавотир қамраб олади ва улар мени кузатишяпти, деган хаёлга боради, ваҳимага тушиб, яқинларини ҳимоя қилиш учун яна бир хатарли қадамни ташлайди. Оқибат эса...
Нима учун ўйиннинг номи “Кўк кит”?
Нима учун ўйиннинг рамзий тимсоли учун арслон, чиябўри ёки қоплон эмас, айнан кит танланган? Мазкур ўйинни ишлаб чиққанларнинг фикрига кўра, кит энг ақлли жониворлардан бири бўлиб, айрим ҳолларда оммавий равишда ўзларини қирғоққа отиш орқали жонларига қасд қилишади. Бу билан улар гўёки иродаси мустаҳкам эканлигини намоён этармиш...
Экологларнинг бу борадаги фикри эса тамоман бошқача: “Кит энг меҳрибон жонзотлардан бири бўлиб, уларнинг бирортаси қалтис вазиятга тушиб қолса, бошқалари бу ҳолатга бефарқ қараб турмайди ва ҳалокатга учраган китни қутқаришга уринади. Афсуски, аксарият ҳолларда қирғоқда сув саёз бўлганлиги боис “қутқарувчи кит”лар ҳам нобуд бўлиши кузатилади”.
Ўйин тарғиботчиси ким, унинг мақсади нима?
Ўйин тарғиботчи Филипп Лис исмли йигит бўлиб, айрим манбаларда унинг қўлга олингани ҳақида маълумотлар бор. Тергов-суриштирув жараёнида ундан нега бундай гуруҳларни ташкил қилгани ҳақида сўралганда “Шунчаки, машҳурлик учун”, дея бепарвогина жавоб берган. Наҳотки, машҳурликка болалар, ўсмирларнинг умри, ҳаёти эвазига эришилса?!
Тиббий текширувлар натижаси Филипп Лисни руҳий касал деб топди ва унга бир йилгина қамоқ жазоси белгиланди, холос. Бироқ юзлаб ўсмирларнинг умрига зомин бўлган бу “ихтирочи”га нисбатан қўлланилган жазо кўпчиликнинг эътирозига, норозилигига сабаб бўлмоқда.
Огоҳлик – давр талаби
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг расмий маълумотларига кўра, юртимизда “Кўк кит” ўйини билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кузатилмаган. Бироқ мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида олиб борилаётган давоматни кузатиш тадбирларида ўқувчи-ёшларнинг уяли телефонлари текширилганда айрим ўқувчиларнинг бу хатарли ўйин иштирокчиларига айлангани аниқланган. Бу ўқувчилар билан психологлар алоҳида шуғулланишди ва уларни ўйиндан чиқаришга эришилди.
Агарда танишингиз, фарзандингиз, яқинларингизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 1 дан 50 гача бўлган рақамларни кўрсангиз ёки рус тилида ёзилган “Китлар юқорига қараб сузмоқда”, “Мени 4:20 да уйғот”, “Тинч хонадон”, “Рина”,  “Китлар кўп”, “Менгача бўлган 50 кун”, “Мен ўйиндаман”, “Сен ўйиндасан” деган ёзувларга кўзингиз тушса, бепарво бўлманг.
Айримлар, мен унча-мунчага алданмайман, дея шунчаки қизиқувчанлик қилиб ўйинга қўшилиб қолишади. Оқибатда руҳий тобеликка берилиб, билиб-билмай адашиб, адаштириб юрган кимсаларнинг ноғорасига ўйнаб қолишлари мумкин...
Хулоса ўрнида
Мавзуни бежиз оиламизда бўлиб ўтган воқеа билан бошламадим. Бу ўйиннинг фарзандларимиз ҳаёти учун нақадар хавфли эканлигини англаб етмаётган оилалар йўқ эмас...
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда таълим масканлари ҳамкорлигида мактаб, лицей ва коллежларда тушунтириш ишлари олиб борил­япти, ўқувчиларнинг давомати, смартфонлари текширилиб, ота-оналардан ҳам эътиборли бўлиш кераклиги сўраляпти. Лекин ёшлигида компьютер кўрмаган, интернет нималигини билмайдиган айрим ота-оналар бугун ижтимоий тармоқларда қандай хавф-хатар яширинганини тасаввур ҳам қила олмайдилар.
Бу каби ўйинларнинг мақсади, у билан боғлиқ нохуш воқеа-ҳодисалар тафсилотига тўхталиш орқали яна бир бор ота-оналарни, оиладаги катталарни огоҳликка чорламоқчимиз. Не-не умидлар билан вояга етказаётган фарзандларимизни ўзгалар қўлига топшириб қўймаслик учун уларнинг тарбиясига эътиборлироқ бўлайлик. Зеро, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда: “Бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади”. Аввало бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, мабодо, шароит тақозоси билан пайдо бўлганида, уни маърифат билан, соғлом фикр ва эзгу ҳаракатлар билан тўлдириш бизнинг зиммамизда.
“Кўк кит” ўйини юртимизда қай даражада оммалашган? Ўсмир-ёшлар бу ўйиндан қандай ҳимоя қилин­япти?
Шу каби саволларга мутахассислардан жавоб олишга ҳаракат қилдик.
Гулноза ДАМИНОВА, психолог:
– Жорий йилдан бошлаб барча таълим муассасаларига психологлар бириктирилиб, улар ўқувчи-ёшлар билан индивидуал равишда ишламоқда. Ўқувчилар орасида сўровномалар ўтказилиб, натижалари синчиклаб таҳлил қилинмоқда. Ташқи таъсирларга берилувчан, ижтимоий тармоқларда фаол, турли хилдаги виртуал ўйинларга қизиқиши кучли бўлган ўқувчилар алоҳида назоратга олинмоқда.
Профилактика мақсадида аноним тарзда ҳар бир гуруҳдан биттадан фаол ўқувчи танлаб олиниб, у орқали гуруҳдаги муҳитни назорат қилиб бориш йўлга қўйилди.
Муборак УМАРХЎЖАЕВА, Тошкент шаҳри Учтепа тумани “Қозигузар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Маҳалламиз фаоллари, асосий йўналишлар бўйича комиссиялар раислари, профилактика нозири билан биргаликда ўқувчи-ёшларни ижтимоий тармоқлар хатаридан огоҳ этиш мақсадида ҳудудимиздаги таълим муассасаларида тарғибот тадбирларини ўтказиб келаяпмиз. Барча кўнгилсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарликлар бекорчиликдан, болаларни назоратсиз қолдиришдан келиб чиқади. Шу боис биз, фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги ҳамда жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз зарур.
Гулистон ҚОДИРҚУЛОВА, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 71-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:
– Фарзандларимиз тўкин, тўкис ҳаётда улғайишаяпти, бундан қувонамиз, албатта. Аммо “тўқликка шўхлик” дегандек, баъзи ўқувчилар қимматбаҳо уяли алоқа воситаларини тутаётгани, русумлари борасида синфдошлари, мактабдошлари билан кимўзарга ўйнаётгани кишини хавотирга солади. Айрим оилаларнинг эса фарзандига ҳатто оддий телефон аппарати сотиб олиб беришга-да қурби етмаётгани ота-она ва бола ўртасида низолар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бола ота-онасига турли йўллар билан босим ўтказади. Ниятига, аниқроғи, кўнглидагидек телефон аппаратига етишиш учун ўз ҳаётини хавфга қўйишдан ҳам тойимайди.
Биз, мактаб маъмурияти ота-оналар билан келишган ҳолда мактабнинг ички қоидаларини қайта кўриб чиқдик ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқ мақсад-вазифаларни белгилаб олдик. Унга кўра ўқувчининг дарсга келиб-кетишини ота-онаси назорат қилиб туриши учун оддий, ҳеч қандай қўшимча имкониятларга эга бўлмаган телефон аппаратидан фойдаланиши мумкин. Мактаб ички қоидаларига бўйсунмай, қимматбаҳо аппарат ишлатадиган ўқувчининг телефони олиб қўйилади ва ўқув йилининг якунида ота-онасига қайтариб берилади.
Бир куни дарс пайти бир ўқувчимиз кутилмаганда ҳушидан кетиб, полга йиқилди. Тиббий бўлим ҳамширалари унга дарҳол биринчи ёрдам кўрсатишди. Ўқувчининг онаси билан суҳбатлашганимизда, фарзандининг қўл телефонидан бошини кўтармаслигини, кечалари алламаҳалгача интернетдан фойдаланишини, уни назорат қила олмаётганини куюниб гапирди. Биз бу ўқувчимизнинг қўл телефонини олиб қолдик. Юқорида таъкидлаганимдек, ўқув йили сўнгида ота-онасига қайтариб беришимизни айтдик.
Афсуски, ҳамма ота-оналар ҳам бир хил эмас. Яқинда ана шундай воқеанинг тамомила акси содир бўлди. Ўқитувчининг дарс ўтишига халал бериб, атрофидагиларни телефонидаги ўйинларга жалб қилиб, уларни дарсдан чалғитаётган ўқувчининг телефон аппарати олиб қўйилди. Эртаси куни онаси келиб, “Фарзандимнинг фалон миллионлик телефонини олиб қўйишга нима ҳаққингиз бор?!” дея дағдаға қилди. Иш фаолиятимизда бундай воқеалар ҳам бўлиб туради.
Мактабга ўқувчи илм олиш учун келади. Унинг эътиборини тортадиган, дарсдан чалғитадиган, вақтини зое кетказадиган, руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, ҳаттоки, ҳаётини издан чиқарадиган омиллардан ҳимоялаш барчамизнинг бурчимиздир.
Маълумотларга кўра, 2016 йилда Россияда 320, Қирғизистонда 95,  Қозоғистонда 90 нафар ўсмир “Кўк кит” ўйини  туфайли ўз жонига қасд қилган.
Адолат ФАЙЗИЕВА

Похожие статьи