Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Муаммонинг ечими суддами?

Ҳусан Тангриев: – Эркак осонликча аёлини, оиласини, болаларини тарк этмайди. Шунчаликка боришига аёлларнинг ўзи сабабчи. Эр кўнглини олишни эплашолмайди. Кейин “дод” солиб юришади.
Гулбаҳор Саид Ғани:
– Ажрашса, хотин билан ажрашади, боласи билан эмас. Боласидан пул қизғониб, ташлаб қўйганлардан нафратланаман! Бунақа ҳолатларга кўп дуч келяпман.
Дилшода Раҳматова:
– Қонуний эри бўла туриб, ота уйида яшаётган аёлларнинг аксарияти бунга қайнона зуғумини сабаб қилиб кўрсатишади. Президентимиз ҳам шу боисдан айрим қайноналарга мурожаат қилган эди яқинда... Бу шармандали ҳолат. Эркакларимиз учун... Мана шундай вазиятда (қаерга бориши, нима қилиши)ни билмай, тушкунликка тушаётган бирор касб-ҳунарга эга бўлмаган ёш аёллар орасида (!) боласини бошқа оилага сотиш ҳолати ҳам учраган! Хотин-қизлар қўмитаси раислари биринчи галда мана шундай оилаларни рўйхатга олиши, ёлғиз қолган аёлларни ишга жойлашга ёрдам қилиши, уларга руҳшунослар бириктириши лозим, деган фикрдаман. Афсуски, мен билган хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳатто аёлни эшитишни билмаслигини кўрсатди.
Дилором Саъдуллаева:
– Келинини ўз қизидай кўрган қайнона ҳеч қачон оилавий муаммоларга қудаларини аралаштирмайди. Афсуски, келинни рўзғорга мослашуви қийин кечганида ота-онасига мурожаат қилиш, бир оиланинг муаммосига иккинчи оилани аралаштириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу эса салбий ҳолатларга, келинни  қайнонаси, эри ва борган хонадонидан кўнгли совушига сабаб бўляпти. Баъзан бундай воқеалар аянчли оқибатларга ҳам олиб келганини эшитамиз: қайнона-келин можаросига ўғил аралашиб, келинни судраб отасиникига олиб бориб ташлаб, қайнотасига қаттиқ гапирибди. Қиз ўстириб, узатиб маломатга қолган ота куёвининг таъналарини кўнглига оғир олиб, юраги ёмон бўлиб вафот этди. Орадан икки ойча вақт ўтиб, куёв хотинини яна уйга қайтарди. Улар яна бир оила бўлиб яшашяпти, аммо энди ота йўқ. Ўша куёв хотини ва унинг яқинларининг кўзига қандай қарайди? Одам деган сал узоқни ўйлаши, андишалироқ бўлиши керак-ку, ахир!
Дилфуза Ашурова:
– Назаримда, инсоний муносабатларга путур етгандек. Ҳозир нафақат ёшларни, балки катталарни ҳам оилавий муносабатларга тайёрлаш керак. Аввал ёшлар хато қилса, катталар олдини олгувчи эди. Ҳозир ёшлардан кўра катталар сабрсиз. Гапирса, гап кўп. Болаларга барча шароит муҳайё. Аммо ёшлар мустақил ҳаётга тайёр эмас. Бировнинг фарзанди ўз уйида яшаб кетиши учун қайнонадан жуда катта сабр талаб этилади. “Ёмони кетиб, яхшиси келмайди. Яхшисини ўзинг экиб ололмайсан. Уни тарбиялаб, униб ўстирасан. Бунга сабр, вақт керак”, дерди бувим. Афсус, кўп ота-оналар фарзандларимга яхшилик қиляпман, деб энг катта зарар келтираётганларини англамайди.
Манзура РАҲИМОВА:
– “Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғасан!”, “Кетса кетаверсин, ўғлимни онаси ўпмаган қизга уйлантираман!” каби иддаолар узилай деб турган ришталарни буткул кесилишига сабаб бўлади.  Оила – муқаддас маскан. Уни авайлаб, асраш жуда муҳим. Оиланинг асосини эр ва хотин ташкил этади. Ҳозирги кунда кўплаб ёш оилалар “келишолмаяпмиз”, “эрим (ёки хотиним) менга мос эмас”,  деган баҳона-важлар билан  ҳуқуқий идораларга мурожаат қилишяпти. Ҳаётга, оилага енгил қараш оқибатида ажрашишлар сони  ортиб бормоқда. Ачинарлиси шундаки, аксарият ҳолларда эр-хотиннинг ота-онаси ёки уларга масъул бошқа ёши катта кишилар даврасида икки-уч оғиз насиҳат гаплар билан бартараф этиш мумкин бўлган масалалар судгача етиб бориб, ажримга сабаб бўляпти.
Умида АЗИЗ

Похожие статьи