Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Оилавий ажримларнинг сабаби нимада?

Фарзандларнинг бағри бутун бўлиб улғайиши учун энг аввало оилада аҳил, тотув муҳит ҳукм суриши керак. Шу боис ота-боболаримиз ўғил уйлаб, қиз чиқараётганда бўлғуси оиланинг тинчлиги, мустаҳкамлигини сақлашга астойдил ҳаракат қилишган. Узоққа бормайлик, ўн беш-йигирма йил илгари ҳам кимнингдир оиласи бузилибди, деган гап чиқса, одамлар беихтиёр ёқасига туфлаб, истиғфор айтишар, бундай ҳолатни фожеа, мусибат, деб қабул қилишар эди. Бугунги кунга келиб эса ажралиш оддий ҳолатга айланмоқда. Хўш, гулдек оилаларни ажримгача олиб келаётган муаммолар нимадан иборат? Бунда кўпроқ ким айбдор?
КЕЛИН-КУЁВ АРОСАТДА
– Бир танишим қизини қўшни маҳаллага узатганди, – дея ҳикоя қилади Тошкент шаҳрида яшовчи Манзура исмли аёл. – Орадан кўп вақт ўтмай,  уни қизи билан учратдим. Ажралиш учун судга ариза бергани кетаётган экан. “Қудам ўғлини рашк қилиб, қизимга тинчлик бермади”, дейди. Куёвнинг онаси эса, уни қизининг оилавий муаммоларга аралашаверишда айблаяпти. Ёшлар нима қилишини билмайди.  Бир оила пароканда бўлиш арафасида.
7351 ОИЛАДА НОТИНЧЛИК
Ирода БОЛТАХОДЖАЕВА, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси вазифасини бажарувчи:
– 2016 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар туманлараро судларига никоҳдан ажратиш ҳақида жами 7351 та даъво ариза келиб тушган. Шундан 3018 таси қаноатлантирилган, 2863 таси рад этилган, кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритувдан тугатилган. 1320 тасини кўриб чиқиш  кейинги йилга қолган.
2017 йилнинг 3 ойи давомида эса никоҳдан ажратиш ҳақида жами 1164 та даъво ариза келиб тушган. 2017 йилнинг 1-чорагида  бундай аризалар билан бошқа туманларга қараганда Учтепа ҳамда Юнус­обод туманлари судларига нисбатан кўпроқ мурожаатлар бўлган. 2017 йилнинг 1-чорагида никоҳдан ажратиш ҳақида Юнусобод туманидан 142 та, Сергели туманидан эса 121 та даъво ариза келиб тушган.
Эр-хотин ўртасидаги ажралишларга асосий сабаб сифатида тарафларнинг характер ва дунёқарашлари тўғри келмаганлиги ёки улар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳурматнинг йўқолганлигини келтириш мумкин.
САБРДА ГАП КЎП
Музаямхон ФАРМОНОВА, Республика “Оила” илмий-амалий маркази катта илмий ходими:
– Жойларга чиқиб, ота-оналар ва ёшлар билан учрашиб: “Нима учун оилавий ажримлар кўп?”, деган саволни берганимизда, қайноналарнинг ўта талабчанлиги, ёшларни оилага енгил-елпи қараётгани, сабрсизлиги,  муомала ва тинглаш маданияти йўқлиги, аксарият ажримларда  эса қизнинг онаси сабабчи, деган  фикрларни айтишмоқда.
Яқинда бир тадбирда қайнона келини билан бўлган воқеани сўзлаб берди. Олий маълумотли келинчак таътил олиб, тўйдан кейинги дастлабки кунлар қайнона-қайнотасининг хизматини қилади. Таътили тугагач, ишга қайтмоқчи эканини айтади. Қайнона: “Еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда, мен сизни ишлатмайман”, дейди. Келиннинг ранги қизариб, ичи қизиса-да, дардини ташқарига чиқармай, жим қолади. Бироздан кейин қайнона: “Ҳа, келинпошша, индамайсиз, сизни ишлатмай бошимга ёстиқ қиламанми, албатта, ишлайсиз-да”, дейди. Бу вазиятда,  сукут сақлагани келиннинг ютуғи эди. Агар шартакилик қилганида борми, қайнонаси билан келишмовчиликлар бошланарди. Шунинг учун  муомалада мулоҳазали бўлиш, ҳар бир гапни айтишдан аввал ўйлаш, катталар гапирганда  охиригача тинглаш жуда муҳимдир.
“Оилавий ажримларда йигитларнинг ҳам айби бор”, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун марказимиз фақат қизларни эмас, йигитларни ҳам оилага тайёрлашга ҳаракат қилаяпти. Лекин оилада “қайнона” бош бўлади. Негаки, илиқ муҳит яратиб, оила аъзоларини  жипслаштирадиган ҳам, низоли вазиятларни юзага келтириб, оила қут-баракасини, тинчини бузадиган ҳам аёл эканини унутмайлик.
Арши аъло ларзага келмасин
Ўткир ҲАКИМОВ, Яккасарой туманидаги “Усмон бин Мазъун” жоме   масжиди имом хатиби:
– Муқаддас динимизда сабрсизлик, қаноатсизлик, жоҳилона такаббурлик каби арзимаган сабаблар билан оилани бузиш қаттиқ қораланади. Пайғамбар (с.а.в)  айтадилар: “Иблис ўз курсисини сув  устига ўрнатиб, шайтонвачча малайларини    инсонларни йўлдан оздириш  учун ҳар тарафга жўнатади. Унга энг яқин ва яхшиси энг катта фитна қилгани бўлади. Топшириқни бажариб келганидан сўнг улардан бири: “Мен фалончини ҳеч ҳолига қўймадим, охири, йўлдан оздирдим ва фалон гуноҳларни қилдирдим”, дейди. Кейингиси ҳам, ундан кейингиси шу фикрни айтади. Иблис уларнинг ишидан қониқмай: “Ҳеч нима қилмабсанлар”, дейди. Улардан сўнггиси  келиб, “Мен  фалончини ўз хотинидан ажратдим”, дейди.  Иблис бу ишдан қаноатланиб, чексиз шод бўлади ва уни қучоқлаб: “Сен энг, зўрисан”,  дейди”. Оила бузилишида шайтоннинг шодлиги, Аллоҳнинг эса ғазаби бор.
Қуръони Карим “Нисо” сурасида оила бошлиқлари бўлмиш эркакларга қарата:  “Сизлар қарамоғингиздаги аёлингиз билан яхшилик ила яшанг…”, дея хитоб қилинган.  Ушбу оятга мувофиқ эркаклар ўз аёллари билан хушмуомалада бўлиб, уларнинг ҳақларини тўла адо этиб, шоду хуррамлик ила яшашларига шароит қилиб беринг, деган. Пайғамбар с.а.в ҳадиси шарифларида аёлларга шундай дейдилар: “Қайсики аёл ўз эридан арзимас нарса сабабли талоғини сўраса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди”...
Бу ҳадиси шариф аёллар учун жуда қаттиқ огоҳлантириш маъносини ўз ичига олган. Аёллар эрларига  қаноат ва чиройли одоб билан итоат қилмоқликлари вожиб бўлади. Ҳар икки тараф ҳам ўз ҳақларини, вазифаларини чиройли адо этсалар, албатта, оила мустаҳкам бўлади.
КИМ ШОХИДА, КИМ БАРГИДА?
Нодира ШОДИЕВА, уч келиннинг қайнонаси:
– Гап фақат қайноналарда эмас. Биз шохида юрсак, ҳозирги келинлар баргида юради. Тўғри, улар уй-рўзғор ишларига пишиқ-пухта, тўйгача  турли ўқув марказларида пишир-куйдирни, пазандаликни ўрганишяпти. Аммо қанийди  муомалани, сабр-қаноатни ўргатадиган ўқув курслари ҳам бўлса эди...
Қўполроқ бўлса ҳам айтаман, айрим оналар қизларига: “Фақат эрингни кўнглини олсанг бўлди”, деб ўргатишади. Қайнона-қайнота билан  ҳисоблашиш шарт эмас, деб ўйлашади. Аёл киши қайнона бўлгунча, бир ўғилни тарбиялаб, касб-корли қилгунича қанча меҳнат, қанча машаққат чекиши ҳаммага равшан.
 Ҳурматли келинпошшалар паҳлавондай ўғилни вояга етказиб, ўқитиб, касб-корли қилиб қўйган онаизорларни озгина ҳурмат қилишса, ноўрин гапириб дилини оғритишдан ўзларини тийишса, қайнона ҳам мойдек эрийди. Қаловини топса, қор ҳам ёнар, дейишгани бежиз эмас.
ЁНИДА ЖИЛМАЙИБ,
ОРТИДАН ЁМОНЛАМАНГ!
Гули ТОИРОВА, Бухоро вилояти, “Оила” илмий-амалий маркази директори:
– Ота-боболаримиз келин тушганидан сўнг 40 кун чилла сақлаган. Шу даврда қайноналар келинчакни ёнига олиб, рўзғорнинг паст-баландини, уйдаги шароитни ўргатишган. Афсуски, бугунги замонавий қайноналарнинг айримлари ҳали ёш, тажрибасиз бўлгани сабабли келинларига қандай муносабатда бўлишни билишмайди. 37-38 ёшида келин туширган аёллар, қайноналикни фақат буйруқ беришдан, келиннинг ишларидан айб қидиришдан иборат, деб билаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Келин ёшлик қилиб, овозини баландлатганда қайнона яхши гапирса, келин хатосини тушунади. Узр сўрашга ғурури йўл қўймаса, ҳеч бўлмаса овоз оҳангини ўзгартиради. Айрим қайноналар келинини ёнида мақтаб, бировларга ёмонлайди. Бундай носамимийлик ҳам келишмовчиликларни юзага келтиради.
 
ТУҲМАТ ТОШИ ОҒИР ЭКАН!
Гулсун ТОЖИЕВА, Бухоро вилояти:
– Телефон сабаб қизим икки боласи билан ажралишга мажбур бўлди. Унинг қўл телефони куёвимнинг номида. Куёв бола компанияга бориб, кириш-чиқиш қўнғироқларнинг барчасини аниқлаштириб, текширган. Рақамлардан тўрттасида эркак кишининг овози янграган. Қизим ўзини оқлаш учун рақам эгаларига қўнғироқ қилиб боғланган. Улардан айримлари адашиб тушган рақамлар бўлса, баъзи дугоналари хўжайинларининг телефонидан қўнғироқ қилгани аниқ бўлди. Аммо рашкчи куёв қизимга туҳмат қилиб, ажралишга ариза берди ва ниятига етди. Кўп ўтмай куёвга ёшгина хотин ҳам топилиб, уйланиб олди. Иккинчи оиласидан фарзанди бор. Қизим эса иккита тирик етим боласи билан рўзғор аравасини тортиб яшаяпти. Оиласидан ажралгани-ку майли, туҳматга қолгани одамга алам қилар экан.
ОҚБАТИНИ ЎЙЛАШ КЕРАК!
Танзила БОТИРОВА, Норин тумани, “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Жорий йилнинг тўрт ойи давомида 4 та оиладан мурожаат бўлди. Кўп ҳолларда аёллар ажримга шошадилар. Оилада озгина келишмовчилик, муаммо пайдо бўлса, ундан қутулишнинг ягона чораси шу деб ўйлашади. Ёки эркакни бир боплаб чўчитиб қўйиш мақсадида ҳам ажралишга ариза беришади. Унинг оқибати нима билан якун топишини ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Баъзи аёллар: “Дугонам эридан ажрашиб ҳам бинойидек яшаяпти, оч қолгани йўқ”, деган фикрга бориб, ҳаётини  ўзи барбод қилади. Аксарият ёшлар  қайнона-қайнота, овсинлар билан бирга туришни  исташмайди. Шу боис кўпинча жанжал уй-жой талашишдан бошланади. Ака-укалар орасига совуқчилик тушади. Алоҳида уйда яшашни истаган келин боласини кўтариб ота уйига кетиб қолади. Ўртада гап-сўз кўпаяди. Шу боис биз уй-жойга муҳтожлиги бор оилаларнинг аризаларини туман ҳокимиятига тақдим этамиз.
АҲИЛЛИК МЕЗОНИ
Муҳиба Ҳамидова, филология фанлари номзоди, Республика “Оила” илмий-амалий маркази катта илмий ходими:
– Айрим хонадонларда янги келин келгач,  қайноналар тан олишни истамаса-да, ҳамма эътибор келинига бўлаётгандек, назардан четда қолаётгандек ҳис этадилар ўзларини. Ота оила бошлиғи сифатида янги келинчакка яхши гапириб, янги муҳитга мослашиб олиши учун  меҳр кўрсатади. Аммо буни нотўғри тушуниб, келинни қайнотадан рашк қиладиганлар ҳам учрамоқда. Келинини ўз эридан рашк қилиш учун ўша аёл маънавиятдан қанчалар йироқ бўлишини тасаввур қилаверинг.
Бу ёшда айрим қайноналар жиззаки бўлиб қолади. Тез-тез тоби қочади. Болалари уни тушунмаётгандек туюлади унга.  Заҳрини келинига сочади. У ҳам аввал бошда чидайди. Куёв: “Нима қилса ҳам, шу менинг онам”, деб уни йўлга солади. Аммо жиззакилик, арзимаган гап-сўзларда араз-гина, адоват бошланса, оқибати суд залигача етиб бориши мумкин. Бундай нохуш ҳолатнинг олдини олиш учун келин ҳам, қайнона ҳам кенг феълли бўлиб, бир-бирини тушунса, нур устига нур бўларди.
 
ҚАЙНОНА ҚОЗОНИДА ҚОВУРИЛСА...
Одина ОТАЖОНОВА, психология фанлари номзоди, доцент:
– Бугунги ажримларнинг сабабчиси кўпроқ қиз ўстираётган оналарда, деб биламан. Оналар қизларини уйда қандай эркалатиб ўстиришган бўлса, тушган хонадонида ҳам шундай яшаши керак деб ўйлашади. Қизига тушган хонадони аҳлини ҳурмат қилишни ўргатиш ўрнига, куёвни қўлга олиши кераклигини ўргатишяпти. Ёшларнинг ҳар бир ишига тушуниб-тушунмай аралашавериши натижасида ёш оилани пароканда қилиб қўйишяпти. Қизларимизда озгина фидойилик, сабр-қаноат, эртанги кунга ишонч туйғуси йўқ.
Оилани бежизга кичик ватанга қиёслашмайди. Ватандаги камчиликлар бировларга айтилмайди, дастурхон қилинмайди, сир тутилади. Бизнинг ёшлигимизда: “Тушган хонадонингда сув келса, симириб, тош келса, кемириб яшагин”, “Минг яхши бўлсанг ҳам кўкрагингга муштлаб, ўзингга сабр тилаб тургин, болам”,  деб ўргатишган.
Оналар қизларининг тақдирига бефарқ, лоқайд бўлсин, демоқчи эмасман. Фақат эрка қизи ношукр­лик қилганида кўкрагидан итариб, қайнонасининг аравасига ташлаб қўйса, ўша қайнона ҳам шундай сабрли келинини бағрига босади. Керак бўлса ўғлидан ҳам ҳимоя қилади.  Ҳар қандай қайнона келган келинни ўзининг қозонида қовуриб олади. Шу қозонда пишгани пишади, пишмагани хомлигича қолиб кетади. Қайноналар ҳам келинини келган кунидан бошлаб, ўз боласидек бор  камчиликлари билан қабул қилса, хатоларидан фожеа ясамай, кўз юмиб кечирса ва тўғри йўлга бошласа ана бундай оилада чинакам меҳр-муҳаббат шаклланади.
ХУЛОСА
Халқимиз орасида жаҳл чиққанда, ақл қочади, деган нақл юради. Ана ўша жаҳлни  ақлга  бўйсундира олган инсон, чинакам бахтлидир. Нима бўлганда ҳам бир дастурхон атрофида, ота-она, фарзандлар тафтини ҳис этиб, бир бутун оила бўлиб яшашга нима етсин.
 
Нигора РАҲМОНОВА тайёрлади.

Похожие статьи