Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Раъно Юлдашева: “Ҳар бир қиз гўзалдир. У оила меҳрига лойиқ.”


Раъно Юлдашева - Фарғона вилояти Қўқон шаҳар махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежининг директори. У бу масканда 20 йилдан бери меҳнат қилиб келади. Раъно опа қизларнинг таълим олиши ва тарбиясига ўзгача ёндашадилар. Биз Раъно Юлдашевага мактабда олиб борилаётган ишлар ва  кейинги қадамлар хусусида  саволлар билан мурожаат қилдик.
-Опа, айтингчи, қизлар ушбу махсус таълим коллежига асосан қандай сабабларга кўра жойлаштириладилар?
-Коллежимизда бутун Ўзбекистондан келган 200 дан ортиқ қизларимиз бор. Уларнинг бу ерга жойлаштирилишларига асосий сабаб оилаларидаги салбий муҳит ва меҳрнинг йўқлигидир. Кўп ҳолларда оила аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг таранглашуви оқибатида қизлар уйларидан чиқиб кетадилар ва мактабга бормай қўядилар. Яна бир сабаб оилада ижтимоий ҳолатнинг танглигидир. Баъзи ота-оналар, фарзандаларини деярли қаровсиз ҳолда қолдириб турли хорижий давлатларга чиқиб кетишмоқда. Баъзилари, катта ёшдаги бобо ва бувилари ёки бошқа қариндошлари қарамоғида қоладилар. Улар эса кўпинча болалар билан яхши муносабат ўрната олмайди, уларга етарлича эътибор ва меҳр бера олмайди. Қаровсиз қолган болалар, ҳатто, таълим масканларига бормай қўядилар. Кўча – куйда бегона инсонлар билан танишиб, улар билан дўстлашади. Баъзилари эса, ҳуқуқбузарликлар содир этади. Натижада, бизнинг таълим масканимизга олиб келинади.

-Опа, албатта бу ачинарли ҳолат. Хуш, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мумкин ва қандай?

-Ота-оналар фарзандларига меҳр кўрсатишга етарлича вақт ажратмайдилар. Улар пул ишлаш билан бандлар. Болалар эса эътибордан четда қоладилар. Ҳаётнинг энг оғир дамларида ҳам болалар ўз ота-оналари билан бирга бўлишлари лозим. Уларнинг меҳри ва парвариши билан бир қаторда керакли ижтимоий хизматлар асосий муаммоларни ечишга ёрдам бериши мумкин. Биз қиз болалар хусусида гапираётган эканмиз, шу нарсани таъкидлаб ўтмоқчиманки, қиз боланинг энг яқин дўсти унинг онасидир. Ҳар қандай қиз  ўз онасидан ибрат олади. Шу сабаб қиз бола вояга етаётган маҳалда она унинг ёнида бўлмоғи шарт. Бундан ташқари, бугунги кунда давлатимизда  қиз болалар учун таълим олиш, мусиқа ўрганиш, спорт билан шуғулланиш ва бошқа кўплаб имкониятлар мавжуд. Бу имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш зарур.
Гуруч кўрмаксиз бўлмайди. Ота-она ўз фарзандига етарлича эътибор бера олмаётган экан, маҳаллий ташкилотлар бу борада бефарқ бўлмасликлари лозим. Керак бўлса доимий назоратга олиб улар билан ишлашлари зарур. Бу ташкилотлар оиладаги ҳолатдан хабардор бўлсаларгина керакли ёрдамни кўрсатиши, зўравонлик, таҳқирлаш ва бепарволикнинг олдини олиши мумкин бўлади. Хотин-қизлар қўмитасининг маҳаллий бўлинмалари ҳам болалар, айниқса қизларни ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнашлари зарур. Яна бир масала шундан иборатки, маҳалла фаоллари ва мутасаддилари ҳам ота-оналар ҳамда болалар билан тўғри мулоқот қилиш бўйича малакаларини оширишлари лозим. Улар оила муаммоларига қандай ёндашиш, ҳолатни мониторинг қилиш ва керакли чораларни кўриш бўйича махсус кўникмаларга эга  бўлишлари лозим.

-Раъно опа бу ер ўз номи билан ёпиқ турдаги таълим муассасаси. Албатта, бу ерда ишлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, тўғрими?

-Албатта. Қизлар бизнинг коллежимизга келганида авваламбор, уларнинг юрагига йўл топишимиз зарур. Биз ўқитувчиларимизнинг салоҳиятини ошириш учун уларни махсус ўқув курсларига юбориш имкониятларига эга  эмасмиз. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқитишни коллежимизнинг ўзида ташкил қилишимиз лозим. Мен ҳолатни тушуна оладиган, қийинчиликларни эътиборга олиб, мунтазам равишда амалий тавсиялар бера оладиган малакали тренерларни таклиф қилишни истар эдим. Қизлар муассасамизга келгач, дастлабки олти ойда жиддий қийинчиликларга юз тутамиз. Улар ўз олилаларини соғинадилар, қочиб кетишга ҳаракат қиладилар ва биз билан мулоқотдан ўзларини олиб қочадилар. Биз қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз ва охир-оқибатда улар билан яхши муносабатларни ўрнатишга эришамиз. Аммо, билим ва касбий кўникмаларни шакллантириш бўйича махсус тренинглар ташкил қилинса, бу ўқитувчи ва тарбиячиларимизга катта ёрдам берган бўлар эди.
Ўқитувчиларимиз ўз фанлари бўйича кучли мутахассислардир, аммо улар ижтимоий хизмат ходимлари эмас. Улар ўз ўқувчилари билан мулоқот қилишда қийинчиликларни бошдан кечирадилар. Баъзан улар олдимга келиб, қанчалик ҳаракат қилмасинлар талабалари билан ўзаро мулоқотни  шакллантира олмаётганликларини билдирадилар. Мен ўзимни уларнинг ўрнига қўйиб кўришим мумкин. Бу осон эмас. Шунинг учун ҳам уларнинг салоҳиятини ошириш учун назарий ва амалий машғулотлар ташкил қилинса айни муддао бўлар эди.
Ҳозирда биз ҳар бир қизимизнинг ҳолатини баҳолаш ҳамда уларнинг реабилитацияси, ўз оилалари ва жамиятга қайта интеграцияси бўйича индивидуал режаларни ишлаб чиқиш ҳамда  амалга ошириш бўйича лойиҳани ишлаб чиқмоқдамиз. Ҳаракат режаси, шунингдек, қизларнинг реабилитациясига ёрдам берувчи бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олган. Яқинда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) биргаликда қизлар учун терапия сифатида фотосессияни ташкил қилдилар.
Келгусида руҳшуносларимиз қизларимизга малакали маслаҳат беришда уларнинг портретларидан фойдаланадилар. Шу билан бирга, коллежимизда фотосуратлар кўргазмасини ташкил этиш режамиз ҳам бор. 200 дан ортиқ қизлар суратга тушди. Ушбу тадбирни қизларимиз ўзгача бир кўтаринки кайфиятда қабул қилаётганликларини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Бу қизлар ўзига бўлган ишонч ва эътиборга муҳтождир. Уларнинг барчаси меҳрибон ва эътиборли оила муҳитига лойиқ.

Похожие статьи