Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Айбдор ким? (ёхуд шумқадам келин, бехосият қўшни)

“Келин келди-ю, уйимдан файз-барака ариди”, “Шу қўшним шумқадамми дейман, бизникига кириб-чиқса, нуқул бир дилсиёҳлик бошланади”, “Шу қизни ўғлимга унаштирганимдан бери бошимиз мусибатдан, азадан чиқмай қолди”. Юқоридаги каби иддаоларни умрида ҳеч бўлмаса бир маротаба эшитмаган одам бўлмаса керак. Бундай айбловлар оқибатида оиласи бузилганлар, номига доғ тушганлар ва ҳаттоки умр бўйи ҳаёти ўнгланмай ўтиб кетган инсонлар бор. Ҳақли савол туғилади: Бировни “бехосият”лик, “шумқадам”ликда айблаш тўғрими? Бундай “тамға” билан “сийланган”лар чиндан ҳам айбдорми?
Биринчи воқеа:
Тўйдан сўнг хонадонда боқилаётган икки ҳўкиз бирдан ётоқчилаб, пичоққа келди. Бир амаллаб сўйиб ҳалоллаган бўлишса-да, барибир гўшти мўлжалланганидан анча арзонга сотилди. Ҳамманинг кўнглига: “Вой, келинчак шумқадам экан”, деган ўй оралади. Бир ҳафта ўтар-ўтмай куёвнинг икки холаси бирин-кетин вафот этишди...
Келинчакка “шумқадам” деган тамға ёпиштирилди. Тўй-тадбирларда қариндошлар унга очиқ-ойдин рўйхушлик беришмас, ўзларини олиб қочишарди. Бир ойга етмай, қайнона уйидан рўзғорини бўлак қилишди. Оила эл қатори яшайверди. Аммо аёл хонадонга қадам қўйган куни орага тушган совуқчиликни бир этак фарзандлар ҳам илитолмади. Ёши улуғлар аёлнинг тили заҳар, кекчи, ёмон хотиралар ва ўзига нисбатан билиб-билмай қилинган ёмонликларни унутмайдиган нобоп феълли эканини гапиришади. Бугун ўша “шумқадам” келин саксон ёшни қоралаган момо. Аммо феъл-атворида ҳануз қусурлар, ислоҳга муҳтож нуқсонлар учрайди...
 
Иккинчи воқеа
Турмушининг тўртинчи йили эри вафот этди. Икки бола билан бева қолди. Орадан уч йил ўтиб, хотини билан ажрашган бир йигитга турмушга чиқди. Никоҳга йил тўлмай эркак автоҳалокат сабабли кўз юмди. Иккинчи марта ҳам беваликнинг қора либосини кийган жувон орадан беш йилча ўтиб, яна бир инсонга никоҳланди. Буни қарангки, ҳеч қанча ўтмай, унга уйланган эркак озодликдан маҳрум этилди. Жувонни яқиндан таниганлар унинг анчагина такаббур, ҳасадчи, инсон кўнгли билан ҳисоблашмайдиган қалби қаттиқ, дея сифатлайдилар...
 
Учинчи воқеа
Унаштирилган йигити сувга чўкиб ўлганидан кейин қизга нафақат бегоналар, балки ўз яқинлари ҳам шумқадам, бехосият деган таънали кўз билан қарай бошлашди. Бир пайтлар ҳусни, ақл-ҳуши, пазанда-чеварлиги билан ҳамманинг ҳавасини келтирган қизни энди ҳеч ким сўрамас, ҳатто хотин қўйган, хотини ўлганлардан ҳам совчилар келмасди. Уйга келин келди. Энди қиз ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ бўлди. Ҳатто келинчакнинг ташаббуси билан оила аъзолари даврасида, бир дастурхондан овқатланишдан ҳам маҳрум этилиб, ажратиб қўйилди. Аламзадалик, изтироб, жамиятдан сидирилиш қизнинг асабига салбий таъсир қилиб, баъзан ойлаб йўқ бўлиб кетадиган одат чиқарди. Охир-оқибат қизни руҳий касалликлар шифохонасига ётқиздилар. Бир неча йиллик ғам-алам, изтиробли умрдан  сўнг у руҳий касалликлар шифохонасида вафот этди...   
 
ҲИКМАТ
 “Олам бир тоққа ўxшайди, – дейди Ҳазрат Жалолиддин Румий “Ичингдаги ичингдадур” рисоласида. – Яxши ёки ёмон сўзингнинг акси ўзингга, фақат ўзингга қайтади. Мен яxши гап айтган эдим, тоғ ёмон жавоб қайтарди, дея олмайсан. Бу – имконсиз. Чунки тоғда булбул сайраса, акс-садо бўлиб ҳеч қачон эшак ёки қарғанинг овози қайтмайди. Акс-садо эшак овози бўлса, билгилки, бу ёқда ҳанграган ҳам эшакдир”.
 
НИЯТ ХОЛИС БЎЛСИН!
Дарҳақиқат, инсоннинг ўй-хаёллари унинг ҳаётини, тақдир йўлини бошқаради. Бироқ ҳаётда биз умуман кутмаган, хаёлимизга келмаган ҳолатлар бўладики, буни ҳеч бир инсон ихтиёрий равишда ўзи истамайди. Халқ орасида асосан келинларга шундай назар билан қаралади. Яъни, хонадонда яхши-ёмон ҳодисани албатта, келинчак билан боғлашади. Қайсидир ҳолатларда, бу фикрлар ҳам тўғридир. Зотан, элнинг ҳар бир сўзида ҳикмат мужассам. Мақоллар, халқона ибораларнинг ҳеч бири шунчаки айтилмайди. Ҳар бир жумла остида йиллар давомида тўпланган ҳаётий тажриба ва миллионлаб чиғириқдан ўтган нуқтаи назар ётади.
– Гуманизм, инсонпарварлик деган ҳодисаларнинг қадрини ҳар қанча баланд тутсам-да, халқнинг заковату тажрибасига ҳам бепарво бўлолмайман, – дейди шоира ва олима Нодира Афоқова. –  Яъни “шумқадам”, “бехосият” деган сўзларга ишонгим келади. Кимдадир манфий энергиялар йиғилганига ишонаман. Замонавий руҳшунослик, умуман, илм-фанда ҳам шунга ўхшаган қарашлар мавжуд. Фрейдизмга кўра, муайян халқ ёки авлоддаги кучли интилишлар, мусбат ё манфий энергиялар жамланиб шу халқ ё авлоднинг бир ёки бир неча вакилида ўзини намоён қилади. Кенгроқ миқёсларда олиб қарасак, озодликка, мустақилликка бўлган интилишларнинг воқеланишида ҳам ана шундай руҳий асос ётади. Озодлик курашлари фақатгина ижтимоий асосларга эга деб ўйлаш хатодир. Кичикроқ миқёсларда айтсам, ўшандай одамлар ё ўзларидаги, ё авлодларидаги манфий энергияни жамлаб, ғайриихтиёрий равишда воқелантирадилар.
Ғарбда шундай ақида бор: “Сен ҳаётда хаёлингни яшайсан”. Шарқ фалсафаси эса “Сен ўй-хаёлларингдасан. Ўй-хаёлларинг эса сендадир”, дейди. Таъбир жоиз бўлса, фикри салбий хаёлларга тўла одамларнинг ҳаётлари тушкунлик, ранж ва аламлар билан ўтади. Аксарият ҳолларда бундай кишилар атрофдан, ҳаётдан, тақдирдан, баъзида эса яқин инсонларидан шикоят қилиб юрадилар. Аммо тафаккур қилинса, ҳар бир муаммо ва мушкулотнинг ечими инсоннинг ўзидадир. Яъни “Сен қалбингни ислоҳ қилсанг, Аллоҳ сенинг ҳолатингни ислоҳ қилади”, дейди ислом оламининг буюклари.
Баъзида шунчаки тасодифлар туфайли бегуноҳ одамларнинг айбдор бўлиб қолиши кузатилади. Баъзан бу айбсиз “айбдорлик” ҳисси инсонни бутун умр таъқиб қилиши ва ҳаттоки ҳаётда ўрнини, бахтини топишга халал бериши ҳам мумкин.
 
“ЎЛЧАНГАН УМР”
Таҳририятга келган мактубдан:
“... Турмуш ўртоғим билан аҳду паймонли эдик. Бироқ ҳали турмуш қуриш режамиз йўқ, чунки иккимиз ҳам талаба эдик. Бирдан улар томондан бизникига совчилар бориб “Бувисининг мазаси йўқ, тўнғич неварасининг тўйини кўриб қолсин”, дея оёқ тираб тўйни тезлатишди. Апил-тапил тўй бўлиб ўтди. Тўйдан уч кун ўтиб бувимиз-қайнотамнинг оналари вафот этдилар. Шу бўлди-ю, менинг номим “шумқадам” бўлди. Қайнонам кўз очирмайдилар. Орқамдан ўзимга эшиттириб: “Касофатинг ўзингга урсин, шумқадам”, дейдилар. Жуда эзилиб кетдим. Ахир, қайнона-момомнинг касаллигини билишарди, вафот этишини билиб тўйни ўзлари тезлатишди-ку, нега бировнинг тугаб бораётган умрига мен айбдор бўлишим керак? Мен-ку оиламни сақлаб қолиш учун сабр қилаяпман, лекин ҳар нарсанинг чегараси бор, бир куни сабрим ҳам тугайди. Ўшандаги ҳолатимдан хавотирдаман...”
 
БУНИ ТАҚДИР ДЕЙДИЛАР
Марям Азиззода, Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани:
– Бу маломатга мутлақо қаршиман. Биринчи ўғлимга келин фотиҳа қилганимиздан кейин, ўғилларимнинг иши юришиб кетди. Учинчи ўғлим темир йўллар институтига давлат гранти асосида ўқишга кирди.  Иккинчи келинни фотиҳа қилган кунимдан ишлар чаппасига кетди. Ўзим етти ой касалхонада ётдим. Орада  қўққисдан онам вафот этдилар.  Одамлар “Келинингизнинг фотиҳасини қайтаринг, қадами ёқмади”, дейишди. Унамадим.  Фотиҳа қилинганидан тўққиз ой ўтиб келин олдик.  Бўш-баёв сигиримиз мени шохлаб, етти дақиқалик клиник ўлимдан кейин ўзимга келганман. Юзим, бошимга сигирнинг шохи кириб кетган.  Аллоҳга шукрлар бўлсин, даволаниб, ўзимга келиб олдим. Бу ҳолатларни оиламизга кўз тегиши, назарланиш, дея қабул қилдик. Келиним хижолат, қудалар хижолат.  Лекин айб улардами? Йўқ, албатта!  Балки ўзимнинг бирор қилиғим Аллоҳга хуш келмагандир?  Кимнидир ранжитгандирман, болаларим билиб-билмай кўнгил оғритишгандир? Ёки олдинда бизни, фарзандларимни гўзал неъматлар кутаётгани учун шундай синовлар билан имтиҳон қилингандирмиз? Аллоҳнинг тақдирига бандаси айбдор бўлмайди. Шундоқ ҳам кўнгил олай, деб эртадан кечгача елиб-югуриб хизматимизни қилади. Бахтсизликни, дард, ғам, мусибатни  кимнингдир қадами билан боғлаш инсонийликка тўғри  келмайди, деб ҳисоблайман.
Дунёни меҳр-муҳаббат қутқаради, дейдилар. Атрофга меҳр-муҳаббат назари билан қараган, нияти яхши, кўнгли тоза, юзида табассум зоҳир киши хосиятли, файз-тароватли бўлади. Зотан, ҳадиси шарифда ҳам: “Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй кишилардан кутинглар”, дея марҳамат қилинади...
Умида ТУРСУНОВА

Похожие статьи