Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Оила асосларини янада мустаҳкамлаш — бош вазифа

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида Хотин-қизлар қўмитаси олдида турган долзар вазифалар, улар ижроси билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасидан оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдириш, аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралиш, ёшларни турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушишининг олдини олиш, аёлларни уларга муносиб меҳнат билан бандлигини таъминлаш, оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш юзасидан аниқ таклифлар сўралди. 
Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бош вазир ўринбосари, Хотин қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бошчилигида Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, "Нуроний", "Маҳалла", "Камолот" тузилмалари, Дин ишлари бўйича қўмита, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбар ва мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Гуруҳ аъзолари жорий йилнинг 20 январидан бошлаб Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, мавжуд вазиятни чуқур ва пухта ўрганмоқда, бу борада оддий оилалардан, кўпни кўрган отахон ва онахонлардан таклифлар олинаётир.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Наманган вилоятининг Норин туманида "Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хонадонларга ташриф буюриб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан амалга ошириладиган ишларни ташкил этиш" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича республика, вилоят ҳамда туман ишчи гуруҳлари аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, котиблари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Семинарда сўзга чиққанлар оилалар, аҳоли хонадонлари, фуқаролар йиғинлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик объектлари, ижтимоий соҳа объектларини ўрганишдан кўзланган мақсад, муаммоларга тез ва самарали ечим топиш йўллари, ўрганишлар тартиби ҳақида батафсил маълумот берди. Бу борада аҳамият қаратилиши лозим бўлган жиҳатларни алоҳида таъкидлаб ўтаркан, барчани мазкур жараёнда талабчан, ташаббускор бўлишга ва мулоҳазали, тизимли иш олиб боришга ундади.
Семинар иштирокчилари шундан кейин Ҳаққулобод шаҳридаги Яйдоқ МФЙга ташриф буюришди. Мазкур йиғин ҳудудида ўрганишлар олиб бориш юзасидан ташкил этилган намунавий ишлар билан танишилди. Ўнга яқин хонадонларда бўлиб, турли ёшдаги оила аъзолари билан суҳбатлашилди. Маҳалла, туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар таснифланди.
Жумладан, маҳалланинг "Тошкент" кўчасида истиқомат қилувчи Ҳ.Мелибоев оиласида бўлиб ўтган суҳбатда аниқланишича кейинги йилларда ушбу ҳудуд аҳлини ернинг сизот суви кўтарилиши муаммоси қийнаб келмоқда. Ушбу муаммо туман ҳокимлиги кўмаги билан ҳал этилиши мумкин.
Семинар жараёнида ишчи гуруҳлари вакилларига оила аъзоларининг ёшидан келиб чиққан ҳолда уларнинг бандлик даражаси, меҳнат фаолияти, машғулот тури, оиланинг иқтисодий аҳволини ўрганиш давомида аниқланган муаммоларни маҳаллий даражада ҳал этиш имкониятларини яратиш бўйича тавсиялар берилди. Оила даромадларини ошириш юзасидан аҳолига оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, шахсий томорқа хўжалигини юритиш, чорва моллари ва паррандалар сонини кўпайтириш чоралари ҳақида йўл-йўриқ кўрсатиш лозимлиги таъкидланди. Фаолияти ривожланган тадбиркорларнинг янги иш ўринлари яратиш бўйича имкониятларини ҳам ўрганиш белгилаб берилди.
Айни пайтда ишчи гуруҳлар белгиланган ҳудудларда ўз ишини давом эттирмоқда.
                                                                                                                                                                                                                             Шаҳло ТОШБЕКОВА,
                                                                                                                                                                                                                            “Оила ва жамият” мухбири

Похожие статьи