Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Баҳор гулларидай қалбларда қолгай

Шоира Зулфияхоним ҳақида академик шоир Ғафур Ғулом “Муаззам Шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда”, деса, Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов “Қиз бўлса, отини Зулфия қўйгин”, деб лутф қилади. “Қайда кўрсам чинорни ё бахти барқарорни, Сизни эслайман”, – бу Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон эътирофи...
Ўтган йили худди шу кунларда Қорақалпоқ хал­қи Зулфияхонимнинг 100 йиллик тўйи тантаналарини нишонларкан, Бердах номидаги ҳашаматли сарой саҳнасидан ёшгина шоира қизнинг “Зулфия, Зулфия, яна Зулфия!” деб жаранглаган овози юрагимга қуйилиб қолган. Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Анна Ахматова, Роберт Рождественский, Давид Кугултинов, Мирзо Турсунзода... (бу қаторни яна давом эттириш мумкин) каби дунё таниган ижодкорларнинг Зулфияхоним ҳақидаги шеъру дил изҳорлари ҳам қалин китоб бўлади.
Зулфияхоним бош муҳаррирлик пайтида “Саодат” журнали ходими сифатида республикамиз вилоятларида сафарда бўлганимда, кексаю ёш аввало, шоира ҳақида савол беришар, унинг шахси билан қизиқишар, муҳаббату садоқати ҳаётий афсона бўлган бу инсонни ғойибдан яхши кўришлари нигоҳларидан балқиб турарди. Йиллар сайин воқеалар, қиёфалар, ҳатто ғаройиб шов-шувлар билан боғлиқ хотиралар ҳам хира тортади. Лекин бу ҳукм ҳам нисбий экан: Зулфияхонимнинг ижоди, аёл-она-арбоб-устоз сифатидаги фазилатларига қизиқиш вафотларидан кейинги йигирма йил ичида ортса-ортдики, камаймади. Бугунги кунда ҳатто адабиётдан анча йироқ бўлган момолар, оналар ҳам кўзларига чўғдек кўринган қизалоқларини, набираларини эркалатиб: “Мана шу қизим келажакда Зулфия мукофотини олади”, дейдилар. Шундай пайтларда ёдимга беихтиёр Зулфияхонимнинг 80 ёшга тўлганида Юртбошимиз Фармонлари билан ўтказилган тантаналар пайтидаги қиёфалари келаверади: кўзларида шукрона, ифтихор, миннатдорлик туйғулари қоришиб кетгандай эди. “Бахтим шу – ўзбекнинг Зулфиясиман” деган сатрларни ўша кунлари ёзган эдилар. Бундай иззат-икром нималардан келди? Назаримда, бу саволнинг жавоби ҳар биримизга тааллуқли.
Сокин дарёга ўхшарди шоиранинг табиати. Баъзиларга ўхшаб кўпчиликнинг ўртасига отилиб чиқиб шеър ўқиш одатлари йўқ эди, шарақлаб кулмасдилар. Назарлари тўқ – чақирилмаган жойга бормас, таклиф этилмаган нарсага қўл узатмасдилар. Шону шуҳрат, хурсандчилик осмон бўлиб бошларига ёғилганида ҳам сокин ва улуғвор, ним табассумли... ғам-ташвиш келганда – буни ҳеч кимга билдирмасликка қодир эдилар. Зулфияхонимнинг шеърлари – ёруғ қалбининг манзаралари, унда коса тагида ним коса қабилида кимларгадир отилган гина, тош, ҳатто ғубор йўқ. Ўтган асрнинг 20–70 йиллари оралиғиида энг оғир мусибатларни бошидан кечирди: акаси “халқ душмани” деб отиб ташланди, яна иккита акаси фожиали ҳалок бўлишди, умри давомида ўхшашини топмаган ёри – Ҳамид Олимжондан йигирма тўққиз ёшида бева қолди, ҳижрон дардини шеърга солиб енгмоқчи бўлди ва шу боис, яъни совет даврида ғамгин шеър­лар ёзгани учун танқид ва таъқибларга учради... Аммо шоира босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақидаги хотираларида кимлардандир, нималардандир нолимайди.
Аёл қалбининг бу қадар матонати, мардона тан олиш керакки, ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Гоҳ адолатсиз тузумнинг сохта гуллар билан безатилган аравасига чиқиб олиш учун жонни ҳовучлаб югурмай, гоҳ яхшию ёмонни аралаштириб устидан туҳмат, бало қуядиган қозонига ўт қаламай улуғвор яшадилар Зулфия опа. Чунки бу ҳаракатларнинг заминида энг катта ожизлик – ўз-ўзини яхши кўриш, ўз манфаати учун жонсараклик, қурбонлик ётади. Зулфия опа бундай туйғулардан жуда-жуда баландда яшадилар.
Парвардигори олам Зулфияхоним қалбини олам ва одамларга муҳаббату ҳурмат, сабр, поклик, шарқона ҳаё ва андиша, ўзини ва ўзгаларни қадрлаш каби фазилатлар камалаги – юксак  ички маданият билан зийнатлаган экан, деб ўйлайман. Аксарият одам шошилиб, бир-бири­дан орқада қолмасликка интилиб яшаётган ҳозирги замонда ҳаммамизнинг вақтимиз зиқ. Ҳар гал давраларда Зулфияхоним ҳақида сўраганларида ўйланиб, тараддудланиб қоламан: “Гапни нимадан бошласам, нималар ҳақида сўзласам тўғри ва фойдали бўлади?”, – деган савол ўтади дилимдан. Аёл, севикли ёр, шоира, она, устоз, арбоб – шубҳасиз, ХХ асрнинг таниқли шахсларидан бири бўлган Зулфия фаолиятининг барча йўналиши бўйича ўзим кўрган, эшитган ҳаётий мисоллар бири-биридан чиройли, ибратга лойиқ. Шунинг учун ҳам шоиранинг таваллуди мамлакатимизда шеърият, муҳаббат ва садоқат, аёл жасоратига бағишланган катта байрам сифатида нишонлангани халқимиз учун нечоғли қувончли воқеа бўлганини яна бир бор таъкидлагим келади. Бундай тадбирлардан мақсад унутилмас сиймоларга эҳтиром бўлибгина қолмай, янги ёш авлод орасидан улар каби халқ  ва Ватан шарафини юксалтирадиган ажойиб инсонлар етишиб чиқишига замин ҳам яратади.
Бугун, дунёнинг тараққий этган бир қатор мамлакатларида “оммавий маданият” шиори билан ёшлар ўз тарихи, минг йиллик анъанали, самимий туйғулар, умумбашарий инсоний фазилатларга оёқ босишдан уялмай қўйган бир замонда, Зулфия­хоним билан яқиндан танишганинг сайин азалий ҳақиқатга яна бир карра иқрор бўласан: оила – муқаддас бешик, ҳар бир ўғил-қизнинг келажакда ким бўлиб улғайиши аввало мана шу қутлуғ даргоҳда еган луқмаси, эшитган алласи, олган тарбиясига кўп жиҳатдан боғлиқ.
 “Мен яхши оилада ўсдим, – деб хотирлаганди Зулфияхоним. – Ота-онамнинг беш ўғил, икки қизлари бор эди. Лекин жуда тез камайиб кетдик. Мен отам билан онамни энг бахтиёр онларда эмас, ўша – оиламиз аъзолари камайиб бораётганда... қандайдир сабаблар билан кимнидир ўлим тортиб олса, бирини бошқа кучлар жувонмарг қилиб, қон йиғлатган пайтларда  англаб, қадрлайдиган бўлдим. Чунки ҳаёт бошларига қандай кунларни солмасин, ота-онам сира ўзларини йўқотган эмаслар. Ҳеч қачон ҳеч кимни қарғамадилар, қолганларнинг шукрини қилдилар”, – бу сатрлардан шоиранинг сабот-матонати сув ичган чашмани англаймиз.
“Ўн икки-ўн уч ёшимдан бошлаб онажоним ўзлари билиб-билмаган ҳолда мени адабиёт оламига олиб кирган эканлар, илк устозим онажоним бўладилар. “Ўтган кунлар” янгича ислоҳ қилинган ёзувда чиқди, униям ўқирдилар. Хуллас, китоблар оламида катта бўл­дим. Бир пайт­лар шундай бўлдики, “Булар диний китоблар”, деб ажо­йиб китобларни ёндириш бошланди. Лекин онам уларни сақлаб қолдилар. Ёстиқларининг тагига, ичига қўйиб яширдилар”, – бу эсдаликларни ўқиб тасаввуримизда худди кинолардаги каби манзаралар жонлангани сайин, қалбингга хижолатми, армонми тўлаверади: ўшандай даврларда онажонлар фарзандлари онгу шуурини ёритиш, миллатнинг маънавий дурдоналарини асраб қолиш учун ҳатто ҳаётларини таҳликага қўйишдан ҳам қўрқмаган эканлар... биз, билим ва маърифат саройларига кенг йўллар очилган, уларни ўргатиш, ўрганиш учун имкониятлар, рағбатлар шундоқ қўлимизда бўлган даврда ўғил-қизларимизни китоб билан дўст бўлишлари учун ҳар доим ҳам ғамхўрлик қиламизми, бу ҳақда қайғурамизми?!
Бир суҳбатда: “Ўзбек шеъриятида муҳаббат нозик кечинмалар орқали ифодаланади. Мен ҳеч қачон тўғридан-тўғри “Сени севаман!” деёлмайман. Айтсам, бошқачароқ айтаман. Аммо гоҳида шеър­ларимнинг таржимасини ўқиб, ўша шеърларимни биров ечинтираётгандай уялиб кетаман”, — дегандилар. олт­миш йилдан ортиқ умрини биргина Ҳамид Олимжон муҳаббатига садоқат билан ўтказган Зулфиянинг бу эътирофи севги боғларига қадами етган барча-барча ёшларга ибрат эмасми? Ҳа, муҳаббатнинг қадри, бахти, умри тилдаги баландпарвоз изҳорларга эмас, қалбнинг вафоси, фидойилиги, покиза туйғуларда собитлиги билан ўлчанади...
Зулфия опа ижодкор, арбоб сифатида жуда кўп мамлакатларда бўлдилар. Лекин мен у кишининг бирон-бир давлатни қайсидир жиҳатлардан ўз она-Ватанимиздан устун қўйиб, афзал кўриб гапирганларини эслолмайман. Ўша даврларда қаерда бўлмасинлар, ўзбек миллатини танигану танимаган халқ­лар орасида мағрур қалб ва ўктам қад билан юртимизга, элимизга нисбатан муҳаббат, ҳавас уйғота олдилар. Шоира бутун эътиқоди, садоқати, саодати билан Ўзбекис­тонни севди, унга фарзанд эканлигидан ифтихор қилди, шу она заминдан куч-қувват, илҳом, ҳарорат олди.
Ажаб, юртимизда Зулфияхоним билан Баҳор номи худди эгиздек бўлиб қолди. Эрка фасл нишоналари кўзларимиз, кўнгилларимизни қувонтирган лаҳзалардан каттаю кичик шоиранинг номини, шеърларини кўпроқ тилга олади, худди байрамни кутгандек бу санага тайёргарлик кўради. Шоиранинг она Ўзбекистонга, жонажон халқимизга, жаннатмонанд боғу роғларимизга меҳру муҳаббати, фахру ифтихори, истиқлол бахтини кўриш насиб этганидан шукронаси баҳор гулларининг бағрида қолгандек...
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
маданият ходими

Похожие статьи