Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Зулфия издошлари ижодидан

Бугун 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу сана бутун дунёда кенг нишонланади. Айнан шу кунда фарзандларимизга ҳар кунгидан-да кўпроқ эътибор қаратамиз, кўнгилочар жойлар, истироҳат боғларига олиб борамиз, улар учун совғалар харид қиламиз. Яқинда 10 ёшли ўғлим байрам яқинлашаётганини эслаб, «Аяжон, нега бу байрам «Болаларни ҳимоя қилиш куни» деб номланган, болаларни кимдан ҳимоя қилиш керак?» деб сўраб қолди. Бу савол кўнглимдаги оғриқли фикрларни айтишга мажбур қилди.Болажон, бугун сенинг ҳуқуқларинг бутун дунёда турли ҳужжатлар билан ҳимоя қилинган. Юртимизда ҳам болаларга алоҳида эътибор қаратилади, ғамхўрлик қилинади. Уларга таълим-тарбия бериш, саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган қатор дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Болалар манфаатларини ҳимоя қиладиган қонунлар мунтазам такомиллаштирилмоқда.
Аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам сенинг ҳуқуқларинг ҳимоя қилинган БМТнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси иштирокчиси сифатида ушбу ҳужжатнинг барча талабларини бажаришга ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлайдиган юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатдан иборат қонунчилик базаси шакллантирилди.
Ушбу ҳужжатлар сенинг ҳуқуқ ва эркинликларинг, қонуний манфаатларингни таъминлаш; ҳаётинг ва соғлиғингни муҳофаза қилиш, сени  камситишга йўл қўймаслик, шаънинг ва қадр-қимматингни ҳимоя қилишда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда. Аммо бу ҳужжатлар ҳар доим ҳам сенга мадад бўла олаяптими? Унча-мунча ҳуқуқий ҳужжат ва жазолардан тап тортмайдиган катталар бу борада сенинг ҳам ҳуқуқларинг поймол бўлишига сабаб бўлмаяптими?
Бундан бир неча йил олдин ҳали мактаб партасида ўқиб-ўрганиши керак бўлган пайтда болалар пахта йиғим-теримига жалб қилинарди. Бошидан кимёвий дорилар сепиларди. Бу юқори ташкилотларнинг буйруғи эканига ота-оналар ҳам индамайгина рози бўларди. Яхшики, бу ҳолатга ҳозир чек қўйилди.
Яна бир оддий мисол. Онанг тонг саҳардан сенинг кийим-кечагинг, нонушта ва тушлигингни тайёрлаб, ўзи шошганча укангни боғчага олиб кетади. Аслида сенинг ёш бошинг билан уйда ёлғиз қолишингни, ёлғиз овқатланишингни хоҳламайди онанг, лекин касбига меҳри, рўзғор ташвиши уни шунга мажбур қилади. Укангни боғчадан вақтида олиб, уйга бориб, ширин таом тайёрлашни режалаштираётган онангнинг қаттиққўл, ўз таъбири билан айтганда, касбига фидойи раҳбари соат 18 га яқинлашганда муҳим топшириқ бериб қолади. Укангни боғчадан олиш, унга энагалик қилиш, кўзларинг тўрт бўлиб, ота-онангнинг ишдан қайтишини кутиш бора-бора сенинг кундалик вазифангга айланиб қолади. «Катта бўлиб, раҳбар бўлсам, аёлларни ярим тунгача ишлатмайман», — деб қўясан шунда ўзингга ўзинг.
Марғилондаги меҳрибонлик уйи воқеаларини сен ҳам эшитгандирсан. Сенга ўхшаш қоракўзларни давлатимиз ишониб меҳрибонлик уйига топширган эди. Аммо бу болаларга ота-она бўлиш масъулиятини зиммасига олган «тарбиячи»лар ҳали мурғак болаларни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган норасида билан жинсий алоқа қилиш, ожиз аҳволдаги болаларни қийнаш ва уларга нисбатан уятсиз, бузуқ ҳаракатлар қилишгача бориб етганини сенга қандай тушунтирай? Муассаса мансабдорлари етим болаларнинг ҳаққини бўккунича егани маънавиятнинг қайси мезонига мослиги-ю муқаддас динимиз қоидаларига зидлиги ва виждон тарозисининг қайси палласига мос келишини-чи?
Уч ёшли Фирдавсбек-чи? Ўз онасининг бағрида илтижоли кўзлари умидга тўлиб, жон таслим қилди. Ҳа, уни ўз онаси худди эркалаганда қандай қучоқлаган бўлса, худди шундай қучоқлаб, бўғиб ўлдирди. Уни ўз туққан онаси ҳаёт синовларига дош беролмай бўғиб ўлдирди.
Бугун халқимиз янги туғилган чақалоққа катта тўй-тантана билан бешик тўйлари ўтказаётган бир пайтда қайсидир қишлоқ ёки шаҳарда она тўққиз ой вужудида сақлаб, не азоб ва дард билан дунёга келтирган ўз жигарбандини пулламоқда.
Энди дўппини бошдан олиб, бир ўйлаб кўрайлик. Аслида болаларимизни кимдан асрашимиз керак? Ароқхўр ота маст ҳолда келиб, болаларини дўппосласа, жанжалкаш она овсину қайнопалари билан мерос талашса...
Ҳар қандай даврда ҳам тарбия фарзанд комил инсон бўлиб етишишининг муҳим асоси ҳисобланган. Фарзандга шахсий намуна орқали тарбия берилади. Умрида қўлига китоб олмаган, бир марта бўлса-да газета варақламаган, фарзандларига китоб совға қилмаган ота-онанинг фарзанди ҳам худди ўзидек вояга етади.
Биз фарзандларимизга таълим беришдан олдин тарбия масаласини ўйлаб кўришимиз лозим. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ҳам бежиз «тарбия — ҳаёт-мамот» демаган. Энг аввало фарзандларимизни тарбиялашда кўзбўямачиликдан йироқ бўлишимиз лозим.
Моддий бойлик ортидан қувиб, болаларини бегоналар тарбиясига топшираётган ота-оналарнинг бугун топаётган 100 сўм пули эртага бир пул бўлиб қолишини тезроқ англаб етадиган вақт ўтиб бораяпти.
Мисолларга эътибор берайлик.
Ҳанифа опа «Фарзандимга қандай тарбия бермай, барибир яхши инсон бўлади, халқимизда «ёмондан яхши чиқди деб суюнма, яхшидан ёмон чиқди деб куюнма...» деган нақл бежиз айтилмаган», — дейди.
Солижон ака эса: «Болага жуда қаттиққўл бўлиш керак, у ота-онасидан қўрқсагина яхши одам бўлиб етишади», — дейди.
Дилором опа: «Боланинг барча эҳтиёжларини қондириш керак, тарбияни мактабнинг ўзи беради», — дейди.
Баҳром ака эса: «Бу менинг болам, уни тергашга на маҳалланинг, на ўқитувчиларининг ҳаққи бор», — дейди.
Кўраяпсанми, ҳамма ота-она боласига тарбия беришнинг турли усулидан фойдаланади ва ўз йўлини тўғри деб билади. Бугун катталар дам олиш, тўй-маърака, меҳмондорчилик ва чойхоналарга боришни канда қилмаяпти, аммо боласига эътибор иккинчи даражали бўлиб қолмоқда. Оилавий суҳбатлар, фарзанд учун вақт ажратиш, унинг қизиқишлари, орзулари билан қизиқиш камайиб бораётгани ҳам оғриқли жиҳатларимиз.
Бугун ёш оилаларда кўп учраётган келишмовчиликларнинг замирига эътибор қаратсак, уларни кино лентасидек орқага қайтарсак, тарбиясидаги бўшлиқлар кўз олдимиздан ўтаверади. Оталар ўғилларга «Сен келгусида оила бошлиғи бўласан, шунинг учун илм олгин, ҳунар ўргангин, ҳалол ризқ топиб, турмуш ўртоғингни, бола-чақангни боқишга тайёрлангин» деб уқтирмади, панд-насиҳат бермади.
Киприкларимиз остида асраб-авайлаб катта қилган қизларимизга «Сен келгусида уй бекаси, она бўласан, фарзанд тарбиялайсан, шунинг учун иффатли бўл, ўқимишли ва уқувли бўл, рўзғор илмини ўрган, хушмуомала, итоатли бўл, бир умр янги оилада яшашга тайёрлан» дея огоҳлантиришга унчалик ҳам эътибор қаратмай қўйдик. Оналаримиз қизларига алла айтишни мерос қилиб қолдириши кескин камайиб кетди. Шунга бўлса керак, бугун фарзандлар ўз отаси ўтирган уй томида бемалол юрибдилар. Кундалик ҳаётимизда учраётган бу ҳолатлар биз катталарнинг фожиамиз, қусуримиз аслида. 
Болажон, бу фожиаларни, маънавият ва тарбиямиздаги бўшлиқларни санар эканман, сенинг ҳуқуқларинг бузилишида катталарни, ўзимизни айбдор деб билдим. Сени аввало ўзимиздан ҳимоя қилишимиз, ўзимиз камчиликлардан халос бўлишимиз лозимлигини ич-ичимдан ҳис қилдим.
Хотиринг жам, кўнглинг тўқ бўлсин, бугун тарбия ва таълимда бўлаётган ислоҳотлар, сенинг ҳуқуқларинг ҳимояси йўлида олиб борилаётган ишлар мева беришига оз қолди. Чунки сен ота-онанг, ватанинг келажагисан. Етук инсон бўлиб вояга етишинг бизнинг ҳаёт-мамотимизни белгилаб беради.
Кел, энди бир бағримга босай, болажоним!

Шохида Даманова

Похожие статьи