Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Ҳалима Худойбердиева

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг веб-саҳифаси меҳмони – Ўзбекистон Халқ шоири, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиева билан суҳбат.   

Хониму ойимлар авлодидансиз!                  

1. Ҳалима опа, аввало, улуғ айёмлар муборак бўлсин! Сиз билан бўлиб ўтажак суҳбатимиз ҳам айнан улуғ неъмат – озодлигимиз, тинч ва фаровон ҳаётимизнинг тантанаси бўлмиш Мустақиллик байрамига бағишланади. Айтингчи, айни дамда байрам арафасида кўнглингиздан қандай ҳислар кечмоқда. Ҳалима Худойбердиева учун Мустақиллик – бу нима?
- Дунёда энг гўзал инсон бу озод инсондир деган чиройли гап бор. Ҳақиқатан ҳам озодлик улуғ неъмати Яратганнинг. Инсон озодлиги, халқ озодлиги шунчаки сўзлар эмас. Ҳар доим бу байрам шукуҳи қалбимда бўлган, лекин бу йил ўзим ҳам кишанларидан эндигина озод бўлган одам каби ҳаяжонлар ичра кутдим бу айёмни. Бир дам бўлса ҳам ўз ҳуқуқи ва эрки қўлидан тортиб олинган инсонлар янаям яхши билади озодликнинг қадрини.  Интилган манзилимизнинг қиймати баъзан нечоғлик машаққатли йўлни босиб ўтганимиз, бу йўлда нималарни қурбон берганимиз билан ўлчанади. Шу маънода мустақиллик учун жуда кўп фидоликлар берган халқ сифатида бугунги ҳурлигимиздан ҳар қанча баҳра олсак арзийди. Мени бир уриниш хайрон қолдиради баъзан, гўёки мустақиллик эшик қоқиб келдию ҳамма уни меҳмонни кутгандек қучоқ  очиб кутиб олди... Йўқ, иккиланганлар қанча бўлди, мустақиллик нима деб сўраганлару, ўша кунлари нима бўлаётганини тушунмаганлар қанча бўлди. Лекин тафаккури тиниқ, эрк қадрини билган тоза одамлар ҳам бор эди, шундай одамлар ва ҳамиша меҳр ва эҳтиромга муносиб жафокаш халқимиз мустақилликнинг асл қийматини яхши англади ва бизнинг бугунги саодатли кунларимиз ҳақли равишда жонажон халқимизнинг меҳнати, орзу умидлари маҳсулидир.
Мустақилликнинг илк йилларида ёзган бир шеъримдаги мисралар ёдимга тушди: Менга айтадилар, мустақиллик, шон, Бир омаддай келди. Нечун кулмайсан? Бўғзимга келади кўксимдаги жон, Санчилиб оғрийди кўксим, жилмайсам... Нега жилмайсам кўксимиз оғримасин ахир? Бизга мустақиллигимиз бир омад чиптасидек келиб қолгани йўқку. Халқимиз қонлару, жонлар эвазига эришдику бу иноятга. 
Мустақиллик декларациясининг юзага келиши,  мустақил Ўзбекистоннинг бош қомуси Конституциянинг тасдиқланиши каби жараёнларда иштирок этиш бахтига сазовор бўлган бир ижодкор сифатида тақдиримдан миннатдорман. Ва ўтган даврларда юртимизда юз берган ўзгаришлар, ислоҳотлар барча юртдошларимиз каби мени ҳам қувонтиради. Айниқса, бугунги кунда сўз эркинлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, одамга одамдек яшаш имконини яратиш, бунёдкорлик, ободончилик, ижодкорга эҳтиром, адабиётга ҳомийлик каби соҳалардаги мислсиз ўзгаришлар одамда яшамоққа, ҳаётга ва Ватанга бўлган муҳаббатни, гўзал иштиёқни жўштирмоқда десам хато бўлмайди.
Мустақиллик шу азиз халқимга нима эзгуликни бахш этган бўлса менга ҳам шуни берди, қайси давону бўронлардан ўтиб бугунги фаровонликка эришилган ва эришилаётган бўлса, менинг ҳам бошимдан шундай синовлар ўтди, шундай давону бўронларни кечдим. Мустақилликсиз биз қандай аҳволда эдик? Эрки ўз қўлида бўлмаган халқнинг ҳоли нима кечади? Озод бўлмай туриб халқ халқ бўла оладими? Биз мамлакат ва халқ Мустақиллик шу азиз халқимга нима эзгуликни бахш этган бўлса менга ҳам шуни берди, қайси давону бўронлардан ўтиб бугунги фаровонликка эришилган ва эришилаётган бўлса, менинг ҳам бошимдан шундай синовлар ўтди, шундай давону бўронларни кечдим. Мустақилликсиз биз қандай аҳволда эдик? Эрки ўз қўлида бўлмаган халқнинг ҳоли нима кечади? Озод бўлмай туриб халқ халқ бўла оладими? 
Улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг "Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" номли асарида овга чиққан бобо, ота ва боланинг қайиғи қуюқ туман билан қопланган поёнсиз денгизда адашиб кетади, ичимлик сув озлигидан шу сувни бир томчи бўлса-да, болага қолдириш учун ўзини денгизга ташлаган бобо Ўрхун — Ўрхун Шамолга, ота Эмрайин — Эмрайин Бўронга айланиб кетади. Мақсад — қандай бўлмасин болани омон асраб қолиш, токи зурёди ер юзидан йўқолиб кетмасин. Бунинг учун улар қўлларидан келган ҳамма ишни қилдилар. Мустақиллик дегани ҳам аслида Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва маърифати учун ҳамма қўлидан келган ҳамма яхши ишни қилиши, софлик ва ҳалоллик, ички бир муҳаббат билан меҳнат қилиб, унинг гўзал натижаларини кўриш деганидир.
2. Сиз турли йилларда турли лавозимларда фаолият юритгансиз. Айнан 1991-1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасига илк бора раҳбар этиб тайинлангансиз. Бугунги кунда ўша сиз тамал тоши қўйган Қўмита республикамиздаги йирик жамоат ташкилоти сифатида хотин-қизларимизнинг чин маънодаги таянчи ва суянчи бўлиш мақсадида фаолият юритмоқда. Айтингчи, аслида аёлни қандай бахтли қилиш мумкин?
- Мен ва сафдошларим Ўзбекистонда  аёллар билан ишлаш тизимини яратиш йўлида кўп ишлар қилишга ҳаракат қилдик. Бошлаш ҳамиша қийин, давом эттириш осонроқ дейишади, шу маънода биз бошловчи сифатида қийналганмиз. Биз иш бошлаган йиллар тупроғи, суви, ҳавосининг таркиби бузилган, ёлғизгина Ороли туз пуркаб турган, болалари нимжон, аёллари меҳнаткаш, касалванд, узоқ вақт ўз бойликларини ўзи идора қила олмаган Ўзбекистон деган давлат эндигина эркини қўлга киритган маҳаллар эди.
Мустақилликнинг илк йилларида чоп этилган “Юрагимнинг оғриқ нуқталари” номли публицистик китобимда таъкидлаганимдек, саноатда ишловчи аёлларнинг қарийб ярми, қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг қарийб тўқсон фоизи оғир қўл меҳнатини бажарадиган, завод ва фабрикаларда меҳнат қилаётган аёлларнинг 18 фоизи тунги сменаларда ҳам ишлашга мажбур, колхозчи аёлларимизнинг саратон жазирамасидаги меҳнати дам олиш кунларисиз суткасига 13—14 соатлаб давом этадиган вақтлар эди. Оғир дамлар эди. 
Ҳам аёл, ҳам раҳбар сифатида аёлларимиз орасида камқонлик, ошқозон-ичак, сариқ, сил, рак, турли аёллар касалликлари кўрсаткичлари камаймаётганлиги, болалар, оналар ўлими кўрсаткичлари Иттифоқ миқёсидан анчагина юқорилигидан юрагим оғрирди ўшанда. Фаровон яшашнинг барча кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон 15 та республика ичида ҳаммасидан охирги ўринда  аёллар касалликлари, болалар ўлими бўйича энг юқори ўринда турарди. Бу ҳолатларни ўзгартириш, аёлларимиз ҳаётини яхшилаш учун ҳаракат қилган эдик. 
Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти билан мунтазам танишиб бораман, айниқса аввалги йилларда маънавиятимиз билан боғлиқ йирик муаммоларни, ёш қизларимизнинг ахлоқий ва маърифий даражасини янада юксалтириш, хонадонларимизга китоб орқали маърифат олиб кириш, ижодкор аёлларнинг китоблари тақдимотларини ўтказиш каби йўналишларда Қўмита олиб борган фаолият менга маъқул бўлган. 
Мустақил давлат сифатида 26-йилни босиб ўтяпмиз. Албатта, бу давр ичида ўзбекистон аёллари ҳаётида улкан ўзгаришлар бўлди. Бугунги ёш оналарни қаранг, бир қисми турли хорижий тилларни билувчи, замон билан ҳамнафас аёллар сафини пайдо қилди, яна бир қисми турли соҳаларда етакчилик қила оляпти. 15 нафарга яқин “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлган аёлларимиз борлиги, аёлларимизнинг адабиётми, тиббиётми, деярли  барча соҳаларда ўз салоҳияти даражасида меҳнат қилаётгани қувонарли. Мустақиллик йилларида ёппасига ҳамма аёл бахтли бўлди деган фикр мутлақ нотўғри, албатта. Лекин бугунги кун аёлининг ҳолатини аёлнинг ҳаёти йилдан йилга яхшиланаётгани, фаровонлашаётгани  билан ўлчасак, холис баҳо берган бўламиз. Ҳар бир даврнинг долзарблигича қоладиган саволлари бўлади албатта, шу маънода бугун ҳам аёл билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар, ечимини кутаётган саволлар талайгина.  
Мана шу маънода бугун Хотин-қизлар қўмитасида фаолият олиб бораётган ҳар бир раҳбару ходим албатта аёлларимизнинг дарди билан оғриган, уларни яхши кўриб қадрлайдиган, муҳими керак бўлса калиши тўла лой бўлиб, юраги тўла дард бўлиб келган аёлга ҳам эшик очадиган, тинглаш маданиятига эга инсонлар бўлиши шарт ва лозим! Шундагина аёллар бу ташкилотни янаям яхшироқ танийди, тан олади ва ўзининг елкадоши деб билади! Мана шундай бағрикенглик билан мамлакат аёлларининг бахтиёрлигига улуш қўшиш мумкин. Шундагина Президентимиз Ш.Мирзиёев бу ташкилот олдига қўяётган вазифалар тўла амалга ошади.
3. Ҳалима опа, ўзбек аёлининг қиёфасини мусаввирларимиз турли рангларда, турли ҳолатларда тасвирлай олади. Шоир шеъру-ғазаллар битади. Бироқ, бугунги кунда ўзбек аёллари ва ёш қизларимизнинг маънавий қиёфаси анча ўзгарган, назаримизда. Аслида ўзбек аёлининг қиёфаси ва қалби қандай бўлмоғи лозим?
- Ўзбек аёлининг қиёфаси аллақачонлар  Гулбаданбегим, Зебунисо, Нодирабегим, Ўвайсий момоларимиз каби аёллар тимсолида яратиб бўлинган. Бугунги муҳим вазифамиз ўшаларнинг ахлоқий, маърифий ва маънавий қиёфасини ўзимизга сингдиришдир! Қизларимизу набираларимизни ўшандай аёллар намунасида тарбиялашдир.  Менимча аёл зотининг бирламчи вазифаси оиладаги маънавий муҳитга посбонлик. Фарзандларни тарбиялаш, ўзининг маърифати билан дунёни тозартириб яшаш. Аёл ўзининг ақлу закоси билан жамиятда ўрин топса янаям яхши. Лекин барча замонларда ҳам ўзгармас вазифамиз – Асл аёл бўлиб қолиш, мунис она ва қўлимиздан келса ва тақдиримизга битилган бўлса  момо аждодларимиз каби аёлнинг беқиёс салоҳиятини дунёга кўрсатишдир. 
Бугунги аёл ҳам аввало дилбар аёл, мунис она, оқила раҳбар бўла олсин. Эркагу аёл "тенг ҳуқуқли"лиги деган бир масала кўтарилганида рус шоири Евтушенко “...эркаклар аёлни юксакликдан ўз ёнларига туширдилар” деган фикрни айтганди. Албатта бу бир шоирнинг аёл зотига муҳаббатидан туғилган  хулоса, лекин агар аёллар ўз даражалари юқори эканини англаб, шу юксак даражани сақлаб турмаса барчаси бекор.
 Бугунги аёлларга қарата баъзан “Сиз Бобурийларнинг қарийб беш асрлик салтанатида муаммоларни маърифий йўл билан ечган Моҳимбегим, Гулбанданбегим, Зебунисо каби аёлларнинг авлодисизку, сиз турмуш ўртоғи ўлимидан сўнг узоқ йиллар хонликни бошқарган Нодирабегимнинг, Соҳибқирон ёнида “зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадими” деб турган Сароймулкхонимнинг давомчиларисиз. Шуни унутманг” дегим келади. Бугунги аёллар тийран тафаккур соҳибаси бўлган ойимлару хонимларга муносиб салаф бўлсаларгина натижа қувонарли бўлади. Қўмита каби ташкилотлар аёлга бу йўлда ёрдамчи бўлса аёлларимизнинг фаровонлиги ва маърифий даражаси янада юксалади.
4. Ҳалима опа, “Дориломон кунлар келди” номли шеърингиз Онасини, Ватанини севган ҳар бир инсоннинг юрак тили билан ҳиргойи қилиб юрадиган қўшиғига айланган. Ана шундай шеърларни жуда соғинганмиз. Янги ижод намуналарингиздан маънавий озуқа олиш истагида юрган юртдошларимизга шеърий тилак, табрик туҳфа этсангиз? Олдиндан ташаккур!
- БАРЧА АЁЛЛАРИМИЗНИ, БУТУН ХАЛҚИМИЗНИ ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМЛАР БИЛАН ЧИН ДИЛДАН МУБОРАКБОД ЭТАМАН ВА УШБУ ШЕЪРЛАРИМНИ ТУҲФА СИФАТИДА ЙЎЛЛАЙМАН!
Тобора яқин
Бошимдаги булутлар кўчадиган кунларим,
Кўксимдаги бургутлар учадиган кунларим,
Қувонч дарёларини кечадиган кунларим,
Яқин, тобора яқин!
Яқинлаб қолдим чоғи, тағинам яқинладим,
Кескинроқ чақнамоқда кўксимда чақинларим,
Менинг узоқлаб кетган, суюкли яқинларим,
Яқин, тобора яқин!
Қаттиқ бошимга тегиб минг бўлди бир туҳмат тош,
Сангу маломатлардан чиқдим саломату ёш,
Улуғ қуёш келмоқда кўксимга қўйгали бош,
Яқин, тобора яқин!
2016 йил
Тўмариснинг тумори
Ўтаётган онамнинг соч нурига ёздим мен,
Ўсаётган қизимнинг шуурига ёздим мен,
Юрагимнинг энг ичкин, энг тўрига ёздим мен,
Тўмариснинг туморин таққан аёл ўлмайди!
Гарчи бугун чарчаган, гарчи бугун ҳорғиндир,
Кўкка ўрлаб кишнамас, оёқлари озғиндир,
Лек, ёллари ўшандай оловли бир ёлқиндир,
Тўмариснинг отини боққан аёл ўлмайди!
Мен унинг туморини жонимга тумор этдим,
Тиниб, қизиб, оқарим — қонимга тумор этдим,
Кўнгил отлиғ шоҳимга, хонимга тумор этдим,
Тўмарисдек осмонда балққан аёл ўлмайди!
Туморларки аслида, ҳар тирик ҳужайрамда,
Бири Ҳиротда ётур, ётур Балхда, Сайрамда,
Умр асли бир зумда ўтадиган байрам-да,
Тўмариснинг чироғин ёққан аёл ўлмайди!
Ғаним боши қонда ғарқ. У энди келмас қайтиб,
Бораверар бу элни шундай мардлик улғайтиб,
Жони чиқарида ҳам Ватан сўзини айтиб, 
Тўмарисдек оёққа қалққан аёл ўлмайди!
Тўмариснинг туморин таққан аёл ўлмайди!
2016 йил
Ватаним онагинам
Ватан, кўрдим тўнингнинг сузилиб турган ерин,
Шуни кўриб кўнглимнинг бузилиб турган ери,
Шуни кўриб кўнглимнинг узилиб турган ери,
Ватаним онагинам...
Тўнни сузилган ерин ямамоқ лозим бўлар,
Майли қаҳратон қишим ёки ўт ёзим бўлар,
Тинмай чорлаган овоз, менинг овозим бўлар,
Ватаним онагинам...
Сен қишлоқда ранг-рўйи сариқ онамсан асли,
Ҳорғин онам, хокисор, ориқ онамсан асли,
Қадди долу қўллари ёзиқ онамсан асли,
Ватаним онагинам...
Ҳар ким ўзимас, аввал онасини кийдирсин,
Ўзига эмас, аввал онасига шай турсин,
Илҳақ қилмай, ўкситмай кўнглини илғай турсин,
Ватаним онагинам...
Чексанг улуғ бир дард чек, шу тан кетмаси учун,
Милтираб турган шу шам, шу шаън кетмаси учун,
Онадайин ҳеч қайтмас Ватан кетмаси учун,
Ватаним онагинам...
1987—2014 йиллар
Сизга ҳам байрам муборак бўлсин!                                    
 Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Матбуот хизмати

Похожие статьи