Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Ҳаётий ислоҳотлар хотин-қизлар турмушида акс этмоқда

2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили
Ҳаётий ислоҳотлар хотин-қизлар турмушида акс этмоқда
Аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш бугунги кунда ўта долзарб масалалардан ҳисобланади.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ушбу вазифаларни сўзсиз бажаришда масъул ташкилотларнинг фаоллигини кучайтириш муҳимлиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу бежиз эмас. Чунки опа-сингилларимиз турмуш шароитларидаги айрим камчиликлар, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги эътиборсизликлар бу борада тизимли саъй-ҳаракатлар олиб боришни талаб этмоқда.
Мазкур жараёнда жамоат ташкилотлари, хусусан, хотин-қизлар қўмиталари мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий гаплардан хулоса чиқариб, янгича ёндашув асосида фаолият юритаяпти. Буни республикамизнинг энг чекка, чегара ҳудудларидан бўлган Пахтаобод туманида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.  
Айтиш жоизки, бугун ҳар бир хонадонга, оилага кириб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд, ўзгалар ҳимоясига муҳтож қатламига, ногирон фуқароларга, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш фаолиятимизнинг устувор йўналишига айланди. Жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари билан биргаликда мавжуд муаммолар бартараф этилаётгани, хотин-қизлар қўмиталари ҳар битта ҳудуддаги 4 та сектор таркибида самарали иш юритаётгани эътиборга молик.
Айниқса, қўмитамиз томонидан жойлардаги муаммоларни ўрганиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича республика ишчи гуруҳи кўмагида рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар аёлларнинг дарду қувончига шерик бўлиш, уларнинг ўз турмушидан, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, ўз жонига қасд ва суиқасд қилишлар, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишда ўз ифодасини топаяпти.
 Мисол учун, ўтган йили туманимизда хотин-қизлар учун 1215 янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, 7 нафар уй-жойга муҳтож ногиронлиги бор аёлга замонавий лойиҳалар асосида қуриб битказилган арзон уй-жой топширилди. Жорий йилда 25 нафар ана шундай опа-сингилларимизни янги уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Шу йилнинг бошида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан туманимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалла фуқаролар йиғинида “Нафосат” тикув цехи ишга туширилди. Бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур цехда 40 нафар меҳнатга лаёқати чекланган ва ногиронлиги бор хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди. Йил охирига қадар яна шундай 3 та цех ташкил этилиб, 228 нафар ногиронлиги бор аёлларнинг бандлигини таъминлаш туман “йўл харитаси”га киритилди. Албатта, мазкур ишларни бажаришда Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Туманимизда аҳоли билан мулоқот тизимли йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган қисқа даврида “Пушмон”, “Шовруқ”, “Тўққизбоғ”, “Учқўрғон” ва “Зиёли” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 1 минг 610 хонадонга ташриф буюрилиб, одамларнинг яшаш шароити, муаммолари ўрганиб чиқилди. Ушбу жараёнда фуқароларнинг саломатлиги, бандлиги, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит, банклардан кредитлар олиш билан боғлиқ ва бошқа қатор масалалар бўйича  1 минг 625 та муаммо аниқланди. Мутасадди ташкилотлар билан биргаликда қарийб 1 минг 300 дан зиёд муаммо жойида ҳал этилди. Маҳаллалардаги узоқ муддат хорижда ишлаб, шунингдек, қамоқ жазосини ўтаб қайтганлар, профилактик ҳисобга олинганлар, нотинч ва кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз яшаётган фуқароларга мутасаддилар бириктирилди.
Ҳудудимизда “Ёшлар қабулхона”лари, турли фан ва спорт тўгараклари, хорижий тилларни ўргатиш маркази, тикув цехини ўз ичига олган, барча қулайликларга ва замонавий қиёфага эга “Ёшлар маркази”нинг фойдаланишга топширилгани пахтаободлик йигит-қизлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Айтиш мумкинки, Республика ишчи гуруҳи олиб бораётган ишларимизни янада тизимли, манзилли, натижали бўлиши учун услубий кўмаклашмоқда. Бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтадиган бўлсак, энг аввало, ногиронлиги бор инсонлар, турмуш шароити оғир аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этиш жоиз.
Жумладан, айни пайтда туманимизда 1238 нафар ногиронлиги мавжуд, имконияти чекланган хотин-қиз истиқомат қилади. Аҳоли хонадонларида уйма-уй юриш давомида уларнинг муаммолари, эҳтиёжлари яна бир бор батафсил ўрганилди. Улардан 51 нафарининг уй-жойга муҳтожлиги, 273 нафарининг саломатлигини мустаҳкамлаш, реабилитация воситаларига муҳтожлиги, 540 нафари меҳнат қилиш учун лаёқати борлиги аниқланиб, ҳар бирининг муаммосини ҳал этиш масаласи “йўл харита”ларига киритилди.
Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари асосида аҳоли хонадонларига кириш давомида оғир турмуш шароитида яшаётган 67 нафар аёлларни биринчи навбатда бандлигини таъминлашни кўзда тутган режа вилоят дастурига киритилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида 14 нафар имконияти чекланган, шу билан бирга, меҳнат қилиб даромад топиш истаги бўлган хотин-қизларнинг ҳам рўйхатлари шакллантирилди.
Жиноятчилик профилактикаси бўйича берилган топшириқлар ижросидан келиб чиқиб, хотин-қизлар қўмитаси, унинг 1500 нафардан ортиқ фаоллари, 213 та бошланғич ташкилотлари, энг аввало, нотинч, ноқобил оилалар билан ишлаш, уларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, тумандаги ҳар бир маҳаллани “Жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантиришда “Қулф-калит” тизимини жорий этиш ва амалга ошириш учун алоҳида режалар белгиланди.
Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини ошириш, ўсмир қизлар соғлиғини тиклаш муҳим масалалардан ҳисобланади. Бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларида хотин-қизлар фаолларини умумий амалий шифокорларига бириктириш орқали Саломатлик мактаби ишини тизимли ташкил этишимиз, шубҳасиз, эзгу мақсадларимиздан бири бўлади.  
Мухтасар айтганда, биз ушбу саъй-ҳаракатларнинг давомийлигини таъминлаш орқали амалий чора-тадбирларни ҳаётга дадил татбиқ этишимиз  мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу каби ислоҳотлар ҳар бир аёлнинг оғирини енгил қилиш, турмуш шароитини янада яхшилаш, ўз салоҳияти, иқтидорини тўлақонли намоён этиш, ташаббусларини илгари суриш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, ўзини чин маънода, бахтли ҳис қилишга кенг имконият яратади.
Одинахон ҲАЙИТАЛИЕВА,
 Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари,
Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Похожие статьи