Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

"Халқ сўзи" газетаси муҳбири билан сухбат

"Халқ сўзи" газетаси муҳбири билан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Нарбаеванинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5325-сонли Фармони тўғрисида бўлиб ўтган сухбат.

Бизнинг суҳбат
Шахсан жавобгарлик, аниқ манзилли ишлар — фаолият асоси
Аёл — жамиятнинг жон томири, хонадонларимиз файзу фариштаси, чароғбони. Уларнинг оилада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини сақлашдаги, фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси беқиёс. Шу маънода, бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони аёлларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаради, десак асло муболаға бўлмайди. Унга кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини мутлақо янги мезонлар асосида ташкил этиш назарда тутилаётгани эса алоҳида диққатга моликдир.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева билан суҳбатимиз айни мавзуга бағишланди.   
— Дарҳақиқат, мазкур Фармон хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган муаммо ва камчиликларни ҳал этишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди, — дейди Т. Нарбаева. — Келтириш ўринлики, 2017 йилда давлатимиз раҳбари  топшириғи ва тавсиялари асосида  жойларга чиқиб, энг чекка ҳудудларда бўлиб, опа-сингилларимиз билан дилдан суҳбатлашдик, уларнинг дардига қулоқ тутдик. Очиқ мулоқотларда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш борасида фойдаланилмаган имкониятлар талай эканига амин бўлдик. Очиғини айтганда, давр шиддат билан ўзгараяпти, талаблар ҳам ошаяпти, бироқ бизнинг йўналишда ҳали-ҳануз ҳамма нарса орқада қолиб кетган экан. Ўша эски тузилмалар, ўша йўналишлар... Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак, аниқ ва манзилли ишларга кўп ҳам аҳамият берилмагани мавжуд муаммоларнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлган. Хусусан, оилалар, аёллар билан ишлашда ўзибўларчиликка йўл қўйилган, хотин-қизлар қўмиталари фақат фаол аёллар иштирокида тадбирлар ўтказиш билан чегараланиб, ижтимоий аҳволи оғир аёллар  назардан четда қолаверган. Президентимиз Фармони бундай камчиликларга узил-кесил нуқта қўйиб, фаолиятимизни янгича ёндашув асосида йўлга қўйишга туртки беради.
— Танзила Камаловна, Фармонда қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.Ушбу вазифаларнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтсангиз.    
— Мазкур ҳужжат билан қўмита ва ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари, шунингдек, 5 та бўлим ва 56 та банддан иборат “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди. Энг аввало, опа-сингилларимизнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш фаолиятимизнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Шунингдек, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш ҳаётий заруратдир. Ўтган даврдаги фаолиятимиздан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар бир хонадонга кириб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатламига, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш кутилган натижани бераяпти. Ҳозирда дастлабки қадамлар ташланди. Мисол учун, шу йилнинг бошида Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани хотин-қизлари ҳаёти, яшаш шароитини атрофлича ўргандик. Биласизми, ишсизлик масаласи долзарблигича қолмоқда. Озми-кўпми, бу муаммони бартараф этиш мақсадида тумандаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида “Нафосат” тикув цехи ишга туширилди. Бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур цехда 40 нафар меҳнатга лаёқати чекланган аёл доимий иш ўрнига эга бўлди. Бу қирқта оиланинг қозони қайнайди, деганидир. Худди шундай, Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Фарғона вилоятининг Риштон туманларида тикув цехлари очилди ва бу саъй-ҳаракатлар бошқа ҳудудларда ҳам изчил давом эттирилади.
Бундан ташқари, қўмитамиз зиммасига хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш юкланмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда фаол тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар бир аёлнинг оиладан, фарзанд тарбиясидан  ажралмаган ҳолда бизнес билан шуғулланишига зарур шароит яратади. Бунда Фармон билан Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши эътиборга молик.
Яна бир муҳим масала хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш ҳисобланади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ҳар бир йиғилишда хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида тўхталиб, бу бўйича жиддий ишлар олиб боришимиз кераклигини таъкидлайди. Таассуфки, хотин-қизлар ўртасида жиноятга қўл урганлар учрамоқда. Бундай ҳолатларга тўла барҳам бериш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳамкорлик режаси қабул қилиниб, жадаллик билан ижроси таъминланаяпти. Энг аввало, жиноят содир этган хотин-қизлар билан амалга ошириладиган якка тартибдаги профилактик тадбирлар ташкил этиш доирасида уларнинг ҳар бирига маҳаллалардаги фаол аёллар бириктирилди. Уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларида, бино, ер-жой, кредит олишларида ва бошқа ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда ёрдам кўрсатиш, иш билан таъминлашда кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, ўтган йилда жазо муддатини ўтаб қайтган аёлларнинг 324 нафари ишга жойлаштирилди, 14 нафар аёлга кредит олишларига кўмаклашилди. Шунингдек, профилактик ҳисобда турган аёлларнинг доимий равишда оилавий шароитлари ўрганиб борилмоқда, мавжуд муаммолари ҳал этилмоқда.
— Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг шахсан жавобгарлиги белгиланди. Айтингчи, бу қай тартибда амалга оширилади?
— Аслида, биз ҳар бир ишга масъуллик билан ёндашишимиз, унинг натижасига жавобгар бўлишимиз шарт ва зарур. Лекин кўпинча бунга амал қилинмаган ҳолатлар мавжудлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Фармонда бундай камчилик ва нуқсонларнинг олдини олиш мақсадида қўмита раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш масалаларида шахсан жавобгарлиги белгиланди.
Биламизки, айни дамда юртимизнинг барча ҳудудларида янгиланган лойиҳа асосидаги арзон уй-жойлар барпо этилмоқда. Эндиликда қийналган аёлларга қўмитамиз кўмагида ана шундай уй-жойларнинг берилиши катта ижтимоий воқеадир.
Шунингдек, шахсан жавобгарлик хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этишга ҳам татбиқ этилади.  
Фармонга биноанжорий йилнинг 1 апрелидан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими тугатилади, ФҲДЁ органларининг асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилади. Шу ҳақда гапириб ўтсангиз.
— Албатта, кўзда тутилган бу чора-тадбирларни ўтган даврдаги фаолиятнинг чуқур таҳлил этилгани натижаси, дейиш мумкин. Очиғини айтиш керак, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ўз ишини тўла бажара олмади. Нотинч оилалалар билан манзилли ишлашда сусткашликларга йўл қўйилган бўлиб, оқибатда ажрашишлар сони кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда. Уларнинг кўпчилигида билим ва тажрибанинг етишмаслиги, мавжуд ҳолатни таҳлил эта олмаслиги афсусланарли, албатта. Эндиликда ушбу лавозим ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади. Унга етарли билим даражасига, юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажара оладиган шахсларни тайинлаш чоралари кўрилади.
ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилиши жуда катта воқеа бўлди. Негаки, ФҲДЁ шу пайтгача ўз ҳолича ишлаб келган. Тўғри, улар билан ҳамкорликда ишлагандек бўлардик, аммо ҳеч қандай самара йўқ эди. Оила мустаҳкамлигини таъминлаш, тиклаш, сақлашда улар томонидан тизимли фаолият кўрсатилмаган. Оила дорулфунунларини ташкил этиш, никоҳланувчи шахслар билан суҳбатлар ўтказиш, тўй-маросимларни тартибли ўтказиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Эндиликда мазкур фаолиятни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилади. Бу оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш баробарида, ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади. Айни чоғда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш оила қурувчилар ота-оналарининг ҳам масъулиятини кучайтириш, оилавий маросимларни ихчам ўтказиш, миллий урф-одатларимизни тарғиб қилишга алоҳида аҳамият қаратилади. Ажрашиш ёқасига келиб қолганлар билан биргаликда иш олиб борилади. Буларнинг барчаси жамиятда оила мавқеини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, мазкур Фармон билан зиммамизга наинки катта ишонч, балки жуда улкан масъулият юкланишини биринчи кунданоқ сезаяпмиз. Шак-шубҳасиз, фаолиятимизни шу янги ва долзарб мезонлар асосида жадаллик билан ривожлантирамиз ва бунинг натижасида юртимиздаги ҳар бир аёлнинг, вояга етаётган қизларимиз ҳуқуқларининг таъминланиши ва ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига муносиб ҳисса қўшамиз.

“Халқ сўзи” мухбири
Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди.     

Похожие статьи