Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

“Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази” иш бошлади

Аёл гўзал ҳаёт гўзал, аёл тароватию орасталиги билан ҳаёту тириклик ҳам жозиб ва тароватлидир. Биз, дунёда нимаики нафосату эзгулик бўлса, аёл сиймоси билан қиёслаймиз.
 Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз ҳам “юз минг-юз минг нобоп одамзоддан пок хотинлар оёғининг изи афзал” деб билганлар, аёллик шарафининг юксак мақомига назмий тавозеларини бажо келтирганлар.
 Аёл она, аёл опа-сингил, аёл севимли ёр, аёл хонадонимиз фариштаси, рўзғоримиз орасталиги. Аёл яхшилик ва эзгулик, меҳр-муҳаббат, шафиқалик ва меҳрибонлик тимсоли. Биз шу сабабдан ҳам она-Ватан деймиз, она-юрт деб атаймиз. Бу пайвасталик абадул абад қон-қонимизга сингиб кетган. Шу боисдан она деганимизда Ватан, Ватан деганда Она сиймоси кўз олдимизда гавдаланади.
 Шундай таҳликали, талатўп дунёда, ҳар лаҳза, ҳар соатда бир фожиа ё офатга гувоҳ бўлаётган нотинч оламда, тинч ва осойишта Ватанда яшаб эъзоз топаётганимизга шукроналар қиламиз. Улуғвор орзу-мақсадларимиз йўлида қанчадан-қанча бунёдкорлик заҳматлари, юртнинг, халқнинг эзгу ўй-ташвишларию залворли ният ва режаларимиз аро давлатимиз раҳбарининг аёлларимиз орасталиги ва ҳар доим хуш кайфият, бахт ва саодатли яшамоқларини ўйлаб қарорлар қабул қилиши замирида кўламли фалсафа мавжуд, катта маъно мужассам.  Муҳтарам Президентимиз хотин-қизларимиз ҳақида сўз юритганларида “Қизлар бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгаси”, дея таъкидлар эканлар, жамиятнинг мустаҳкам таянчи, фаровон оила тимсоли сифатида хотин-қизларимизнинг ўрни беқиёс эканлиги ҳақида таъкидлаган эдилар.
   Ҳар бир инсон жамият бойлиги. Айниқса, жамиятда аёлларнинг ўрни бошқача. Чунки у оила иқлимини бошқаради. Фарзанд тарбияси, оила осойишталиги унга боғлиқ. Шу боис истиқлол йилларида она ва бола саломатлигига катта эътибор қаратилди. Миллий қадриятларидан узоқлашган халқни маҳв этиш осон, деб бежиз айтилмаган. Зеро, қадрият она сути, аждодлар ўгити, ота намунаси билан фарзандлар қонига сингади.
 
               Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сон Фармонида ҳудудларда  ёрдамга муҳтож бўлган оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланган.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Наманган ва Сирдарё вилоятларининг барча туманлари ва шаҳарларида “Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази” иш бошлади. Бу марказ биринчи навбатда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни меъёрий ҳаётга қайтариб, уларнинг фарзандларига ижтимоий-психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган, бир сўз билан айтганда фарзандларимиз қалбида яшашга интилиш, ишонч туйғуларини янада бўй чўзиши, эртанги кунига умид билан қарашга мослаштирувчи маскан ҳисобланади.
 Тўғри, шу пайтгача ҳам хотин-қизлар қўмиталари аёллар муаммоларига ечим топиш, уларни ижобий ҳал этишга эътибор қаратиб келган. Бироқ руҳан тушкунликка тушган, муаммолар гирдобида қолган аёлларнинг ҳаммаси ҳам қўмитага мурожаат қилиб, кўнгилларидаги гапни очиқ айтишга имкон топа олмайди.
       Хотин-қизлар ўртасида жиноят содир этиб авф этилган бўлса-да, турли сабаблар билан оиласи бағрига қайтолмаётган,  ноқонуний равишда хорижга ишлаш учун чиқиб, сўнгра депортация қилинган аёллар ҳам бор. Ана шундай аёлларни ўз яшаш жойида муайян иш билан таъминлаш, соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш ҳам марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
      Мазкур марказ куну тун, яъни йигирма тўрт соат давомида фаолият юритиб, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган аёлларга энг биринчи ёрдамни бера олади. Юксак билим ва катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар, психолог, тиббиёт ходими, ҳуқуқшунос ва бошқа соҳа ходимларидан иборат марказ жамоаси, энг аввало, мурожаат этган аёл руҳиятига ижобий таъсир ўтказиш, уни тушкунлик ҳолатидан чиқариб, ҳаётга, муаммога ақл билан ёндашишга, уни биргаликда ҳал этишга ҳаракат қилишади. Ўйлаймизки, бу ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини беради.
       Бир сўз билан айтганда, “Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази” хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш, оилавий ажримларга барҳам бериш, оилада эр-хотин ва қайнона-келин муносабатларини тўғри йўлга солиш, ҳар бир аёл қалбида унинг оиласи ва жамиятга керакли инсон эканлигига ишонч туйғусини уйғотиш ва мустаҳкамлаш, оиласи бағрида тинч-тотув яшашини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
        Республикада биринчи бўлиб тажриба сифатида Тўрақўрғон тумани Исфахон маданият ва аҳоли дам олиш масканида фаолиятини бошлаган мазкур марказда оналар ва болалар хонаси, дам олиш ва суҳбатлашиш учун алоҳида хона, кичик кутубхона мавжуд. Бу хоналар замонавий тарзда жиҳозланган. Келгусида тумандаги 68 та маҳаллада ўз ечимини топмаган муаммолар марказда ҳал этилиши кўзда тутилган.
Марказ ўз фаолияти, жойлашган манзили ва боғланиш учун телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни тумандаги барча фуқаролар йиғинлари, ташкилот ва муассасаларда маълум қилиши ва эълон бериш орқали (жамоат жойларида, одамлар гавжум жойларда, эълонлар тахтасида), ташриф қоғозлари (визитка) тарқатиш йўли билан, унда мутахассисларнинг исми шарифи, манзили, мобил ва иш телефон рақамлари кўрсатилади, ишонч телефон рақамлари (мутахассисларнинг мобил ва иш телефон рақамлари) кучга кирди.
Наманган ва Сирдарё вилоятида ташкил этилган мазкур аёллар мослашув марказлари йил охирига қадар Республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиши режалаштирилган.

Похожие статьи