Ishonch telefoni: 1146 Telefon: +99871 202-10-59

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган.    

         Унга мувофиқ,  хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш -  илм-фан ва инновациялар соҳасига жалб этиш, олий таълим олишига бўлган қизиқишларини рағбатлантириш, ҳуқуқий саводхонлигини  ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хотин-қизлар спортини ривожлантириш, кийиниш маданияти, миллий либосларга замонавийликни уйғунлаштириш, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан  хабар олиш тадбирлари ташкил этилмоқда.                  

         Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Тошкент вилояти  ҳокимлиги билан ҳамкорликда  Қибрай туманида  “Аёл-жамият кўзгуси” мавзусида 6 та йўналишда  тадбирлар ташкил этди. Шунингдек, ушбу тадбирлар доирасида 20 дан ортиқ  ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида Пресс-тур ўтказилди.

Дастлабки тадбир - 18 ёшдан катта хотин-қизлар,  уй бекалари иштирокида “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида велоспорт мусобақалари ўтказилди.

Кейинги тадбир - Аграр университетида "Миллий либослар миллат кўзгуси" мавзусида  конференция ташкил этилди.  Анжуманда  Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева маъруза билан иштирок этди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Оқила аёллар» ҳаракати аъзолари либослар бўйича мутахассислар, лидер хотин-қизлар томонидан кийиниш одоби ва маданияти, миллий либосларнинг тарихи ва бугунги кундаги уйғунлашуви, мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича маърузалар тингланди.

Конференцияда мутахассислар томонидан аёлларнинг эстетик дид, кийиниш маданияти юзасидан миллийлик билан уйғунлашган намуналарни, шунингдек, турли соҳаларда ишлайдиган аёл ходимларнинг, уй бекаларининг жамоат жойлари ва уй ичида кийиладиган либослари бўйича умум эътироф этилган нормалар бўйича намуналар (эскизлар) тақдим этилди.  

Мақсад - ўзбек миллий урф-одат ҳамда қадриятларини тарғиб этувчи либосларни оммага тақдим этиш, замон талаблари билан уйғун миллий либосларни тарғиб этиш, ёш дизайнерларни қўллаб-қуватлаш.  

Навбатдаги тадбир -  вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар ўртасида "Сиз янги қонунни биласизми?" мавзусида викторина ўтказилди.

Тўртинчи тадбир - Юртимизнинг “Лидер тадбиркор аёллари” шиори остида бизнес саёҳат ташкил этиш мақсадида  Оила ва хотин-қизлар қўмитаси,  вилоят ҳокимлиги масъуллари ва ОАВлари вакиллари Қибрай туманидаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Илҳомовна Мушарраф Пўлатова (Мушарраф гўжа ЯТТ) хонадонида бўлиб онахон билан суҳбатлашди.

Мушарраф аянинг таъкидлашича, 43 йилдан бери гўжа ва айрончилик билан шуғулланиб келади. Онахон бугунги кунда маҳалланинг “Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган 30 нафардан зиёд ишсиз хотин-қизларини иш билан таъминлаган.

Бешинчи тадбир – Қибрай тумани “Бирлик” маҳалласидаги  гул етиштиришни йўлга қўйган “Agro-light business MChJ”да бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишилди.

Якуний – олтинчи тадбир“Миллий либосларда замонавий ва анъанавий қадриятлар уйғунлиги” мавзусида либослар намойиши  ўтказилди.  Либослар намойишида Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова,  Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев қатнашди.

Ушбу тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши белгиланган.