Заголовок страницы

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда “Қўмита” деб юритилади) Ўзбекистон аёлларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклида тузилган республика нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.
1.2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари ва мазкур Уставга амал қилади.
1.3. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, ўз мулки, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлади ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб беради, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлади ва уларни амалга ошира олади, мажбуриятларни бажара олади, судда даъвогар ва жавобгар бўла олади.
1.4. Қўмита мустақил баланс, ўзининг номи туширилган муҳри, штампи, бланки ва қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйҳатдан ўтказилган  рамзий белгиларга эга бўлиши мумкин.
1.5. Қўмита ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширади.
1.6. Қўмитанинг тўлиқ расмий номи:
ўзбек тилида - “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси”
инглиз тилида – “Women Committee of Uzbekistan”
рус тилида: “Комитет женщин Узбекистана”
Қўмитанинг қисқартирилган номи:
- ўзбек тилида: “ЎХҚҚ”
инглиз тилида – “WCU”
- рус тилида: “КЖУ”.
1.7. Қўмитанинг жойлашган ери (почта манзили): 100129, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Алишер Навоий кўчаси, 30-уй.

II. ҚЎМИТАНИНГ МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ
2.1. Қўмитанинг асосий мақсади – хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб­-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида хотин-қизларни тўлақонли иштирокини, аёллар ва ёшларни маънавий ва интеллектуал ўсишини таъминлашдир.
2.2. Қўмитанинг вазифалари:
хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат қурилишида фаол қатнашишлари соҳасидаги умуммиллий сиёсатни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш;
хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва оила спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини ҳал этиш, айниқса қишлоқ жойларида уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга қаратилган дастурларни тайёрлаш ва амалга ошириш;
жойларда (оила, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида) миллий-диний анъаналарни тушунтириш ва уларга риоя қилиш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқларини руёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, бузғунчи кучларнинг хотин-қизлар онгига таъсир ўтказиш, уларни экстремистик ва террористик фаолиятга жалб этиш йўлидаги уринишларига қарши қаратилган ишларни самарали ташкил қилиш;
хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан самарали ҳамкорликни таъминлаш, бу ташкилотларнинг саъй- ҳаракатларини жамиятни модернизациялаш ва демократии янгилаш жараёнларида, Ўзбекистонда жамият ва давлат қурилишида хотин-қизларнинг ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги ишларга йўналтириш.

III. Қўмитанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
3.1. Қўмитанинг ҳуқуқлари:
ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;
ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;
ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;
оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;
ўз рамзий белгиларини таъсис этиш;
ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар ўтказиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш.
  Қўмита қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
3.2. Қўмитанинг мажбуриятлари:
қонун ҳужжатларига риоя этиш;
ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;
рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш.
Қўмита қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

IV. Қўмита аъзолари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
4.1. Қўмитага якка ва жамоа тартибида аъзо бўлиш мумкин.
4.2. Қўмита ўз бошланғич ташкилотларининг ҳисобини олиб боради.
4.3. Қўмитанинг мақсад ва вазифаларини эътироф этувчи, ирқий ва миллий мансублиги, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар 18 ёшга тўлган шахслар Қўмитага якка тартибда аъзо бўлиши мумкин.
Ташкилотларнинг меҳнат жамоалари Қўмитага жамоа тартибида аъзо бўлиши мумкин.
4.4. Қўмитага аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқиш якка тартибдаги аъзолик учун - Қўмита аъзоси бўлиш истагини билдирган шахснинг аризаси асосида, жамоа аъзолиги учун эса - меҳнат жамоаси номидан ташкилот раҳбарининг аризаси асосида амалга оширилади.
4.5. Аъзоликка қабул қилиш ва аъзоликдан чиқиш Қўмитага аъзо бўлиш тўғрисидаги низомга мувофиқ туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси раисининг қарори асосида амалга оширилади.
4.6. Қўмита аъзолигидан чиқариш шаҳарлар - вилоят марказлари, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар, қишлоқ ва шаҳар туманларихотин-қизлар қўмиталари раисларининг ташаббуси билан қуйидаги сабабларга асосан амалга оширилади:
мазкур Устав талабларига риоя этмаслик;
Қўмита ва тегишли ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарининг бошқарув органлари қарорини бажармаслик.
4.7. Қўмита аъзоларининг ҳуқулари:
Қўмита ва ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарининг сайланадиган барча органларига ўз номзодини кўрсатиш, сайлаш ва сайланиш;
мазкур сайланадиган органлар фаолияти тўғрисида ахборотлар олиш, улар манфаатига бевосита алоқадор масалаларни муҳокама қилишда қатнашиш ва ўз фикрини эркин билдириш;
Қўмита ва ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари томонидан ўтказиладиган тадбирларни тайёрлаш ва амалга оширишда бевосита қатнашиш;
Қўмита ва ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маслаҳат ва бошқа номоддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш;
Қўмита аъзолигидан ихтиёрий равишда чиқиш;
4.8. Қўмита аъзоларининг мажбуриятлари:
қонунчилик, мазкур Устав талабларига риоя этиш ҳамда Қўмита ва тегишли ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарининг бошқарув органлари қарорини бажариш;
Уставда кўзда тутилган Қўмитанинг мақсад ва вазифаларини бажаришда фаол иштирок этиш.
4.9. Қўмита аъзолари Қўмита мажбуриятлари учун жавобгар эмас, Қўмита ҳам ўз аъзоларининг мажбуриятлари учун жавоб бермайди.
V. Қўмитанинг тизими ва бошқарув органлари
5.1. Қўмита тизими:
Ўзбекистон Хотин-қизлари Конференцияси;    
Хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда - Қўмита Бошқаруви);
Тафтиш комиссиясидан иборат.
5.2. Қўмитанинг олий бошқарув органи бўлиб беш йилда бир мартадан кам бўлмаган ҳолда Қўмита Бошқаруви қарорига асосан чақириладиган Ўзбекистон Хотин-қизлари Конференцияси (кейинги ўринларда – Қўмита Конференцияси) ҳисобланади.
Навбатдан ташқари Қўмита Конференцияси Қўмита Бошқаруви аъзолар сонидан 2/3 қисмидан кам бўлмаган аъзоларининг ташаббуси билан қабул қилинган Қўмита Бошқаруви қарорига асосан чақирилади.
Қўмита Конференциясини чақириш тўғрисидаги қарор ўтказилиши режалаштирилган кундан бир ой олдин Қўмита Бошқаруви томонидан қабул қилинади. Қўмита Конференциясини чақириш тўғрисидаги қарорда кун тартиби, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталаридан вакил делегатлар квотаси белгиланади.
ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари конференцияларида сайланган Қўмита Конференцияси делегатлари таркибига Қўмита Бошқаруви ва Тафтиш комиссияси аъзолари киради.
Қўмита Конференцияси ишида делегатларнинг 2/3 қисми иштирок этганда, Қўмита Конференцияси ваколатли ҳисобланади.
5.3. Қўмита Конференциясининг мутлоқ ваколатларига қуйидагилар киради:
Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;
Уставни тасдиқлаш, унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;
Тафтиш комиссияси тўғрисида низомни тасдиқлаш;
Қўмита Бошқаруви аъзоларини сайлаш, шу жумладан, Қўмита раиси, унинг ўринбосарлари ва Тафтиш комиссияси аъзоларини;
Қўмита Бошқаруви, Қўмита ва Тафтиш комиссияси раисларининг  ҳисоботларини тинглаш, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;
Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
Қўмита фаолиятининг асосий масалалари бўйича, шу жумладан, Қўмита Бошқаруви, Қўмита раиси, унинг ўринбосарлари ва Тафтиш комиссияси ваколатларига кирувчи бошқа қарорлар қабул қилиш;
5.4. Қўмита Бошқаруви сони 60 кишигача бўлган Қўмита аъзоларидан, шу жумладан, Қўмита раиси, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раисларидан сайланади.
Қўмита Бошқаруви аъзолари беш йил муддатга сайланади.
Қўмита Бошқаруви йиғилишлари бир йилда икки мартадан кам бўлмаган ҳолда ўтказилади.
5.5. Қўмита Бошқаруви ваколатларига қуйидагилар киради:
Қўмита Конференциялари оралиғида Қўмита фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириш;
аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларни касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ўсиши соҳасида, шунингдек, жамиятни модернизациялаш ва демократик янгиланиш, Ўзбекистонда жамият ва давлат қурилиши жараёнларида аёллар ролини кучайтириш ва бошқа масалалар бўйича амалий чора-тадбирларни тасдиқлаш;
Қўмита Уставида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш, Конференцияларда қабул қилинган қарорлар бажарилишини таъминлаш;
Қўмитанинг йиллик иш режаларини тасдиқлаш;
Қўмитага аъзо бўлиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш
ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
Қўмита Бошқаруви аъзоларининг, шу жумладан, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раисларининг ҳисоботларини тинглаш, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;
зарурат туғилганда Қўмита Бошқаруви аъзоларини, шу жумладан, Қўмита раиси, унинг ўринбосарлари, Тафтиш комиссияси аъзоларини қайта сайлаш, Қўмита Бошқаруви таркибига янги аъзоларни киритиш, кейинчалик ушбу қарорларни конференцияга тасдиқлаш учун киритиш;
Қўмитанинг харажатлар ва даромадлар сметасини, йиллик бюджетини тасдиқлаш, унинг мулкини бошқариш;
Уставда кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмалари ва жамғармаларини ташкил этиш ва тугатиш бўйича қарорларни қабул қилиш;
Қўмита рамзий белгиларини тасдиқлаш;
оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш;
ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарини ташкил этиш ва тугатиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини мувофиқлаштириш.
5.6. Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари Қўмита Конференцияси томонидан беш йил муддатга сайланади.
5.7. Қўмита раиси ваколатларига қуйидагилар киради:
Конференция ва Бошқарув йиғилишларида раислик қилиш;
Қўмитанинг ишчи аппарати ишига раҳбарликни амалга ошириш, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари ишчи аппаратлари ишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шу жумладан улар томонидан Уставда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган қарорлар бажарилишини таъминлаш;
ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раислари лавозимига номзодларни тавсия қилиш;
ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари раисларининг ҳисоботларини ўрганиш, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш ва зарурат туғилганда таклифларни Қўмита Бошқарувига кўриб чиқиш учун тақдим этиш;
Қўмитанинг асосий вазифаларини бажариш учун комиссия, ишчи ва эксперт гуруҳларини ташкил этиш;
Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича комиссия йиғилишларига раислик қилиш;
Қўмита ишчи аппаратининг штатлар жадвалини тасдиқлаш, кадрлар масаласини ҳал қилиш;
Қўмитанинг асосий ва жорий активларини тасарруф этиш, пул маблағларини мақсадли сарфлаш ва мулкидан фойдаланиш;
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларда Қўмита манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш.

VI. Ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари
6.1. Ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шаҳарлар - вилоят марказлари, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар, қишлоқ ва шаҳар туманлари) хотин-қизлар қўмиталарининг тизими қуйидагилардан иборат:
ҳудудий қўмита конференцияси;
ҳудудий хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда – ҳудудий қўмита бошқаруви)
тафтиш комиссияси.
  Шаҳарлар - вилоят марказлари, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар, қишлоқ ва шаҳар туманлари) хотин-қизлар қўмиталарининг тизимига шунингдек Қўмитанинг бошланғич ташкилотлари ҳам киради.
6.2. Ҳудудий хотин-қизлар қўмитасининг олий бошқарув органи бўлиб беш йилда бир мартадан кам бўлмаган ҳолда чақириладиган ҳудудий қўмита конференцияси ҳисобланади.
Ҳудудий қўмита бошқаруви ва тафтиш комиссияси ҳудудий қўмита конференциясида сайланади.
6.3. Ҳудудий қўмита конференциялари оралиғида ҳудудий хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини ташкил этиш ҳудудий қўмита бошқаруви ва ҳудудий қўмита раислари томонидан амалга оширилади.
Ҳудудий қўмита конференцияларини ўтказиш, ҳудудий қўмита бошқарувини, ҳудудий қўмита раисларни, уларнинг ўринбосарларини ва ҳудудий қўмитанинг тафтиш комиссиясини сайлаш тартиби, уларнинг ваколат муддатлари ва ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари фаолиятининг бошқа ташкилий масалалари мазкур Устав ва Қўмита Бошқаруви қарори билан тасдиқланган ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари тўғрисидаги низом билан белгиланади.
6.4. Қўмитанинг бошланғич ташкилоти ташкилотнинг меҳнат жамоасининг йиғилиши қарори билан ташкил этилади.
6.5. Қўмитанинг бошланғич ташкилоти ўз аъзолари сонидан жамоатчилик асосида ишловчи раис ва унинг ўринбосарини сайлайди.
6.6. Қўмитанинг бошланғич ташкилотининг фаолияти тегишли туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси томонидан мазкур Устав асосида тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади.

VII. Қўмитанинг мулки ва пул маблағларининг шаклланиши
7.1. Қўмита  ўз бино, иншоат, турар жой, асбоб, ускуна, пул маблағлари, шу жумладан хориж валютаси, қимматли қоғозлар ва уставда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа мулкка эга бўлиши мумкин.
Қўмитанинг пул маблағлари, шунингдек ўз маблағлари ҳисобига қўлга киритилган бошқа мулк унинг мулки ҳисобланади.
7.2. Қўмита мулкининг шаклланиш манбалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
ўрнатилган тартибда ажратиладиган бюджет маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг пул ёки бошқа мулк шаклидаги хайрия маблағлари;
Уставда кўзда тутилган мақсадларни амалга ошириш учун ишлатиладиган тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад (фойда);
давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар;
халқаро, хориж ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмаклари;
қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа тушумлар.
7.3. Қўмита зиммасига юклатилган мақсад ва вазифаларни бажарилишини таъминлаш ва кўзда тутилмаган харажатларни қоплаш, шунингдек, шартномавий ва бошқа мажбуриятларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун Қўмитада жамғармалар ташкил этилиши мумин, унинг молиявий маблағларини ишлатиш ва сарфлаш тартиби Қўмита Бошқарувининг қарори билан белгиланади.

VIII. Тафтиш комиссияси
8.1. Қўмитанинг молиявий фаолияти ва пул маблағларини сарфланиши ҳамда бошқа мулкдан фойдаланиш тўғрилиги устидан назорат қилиш Тафтиш комиссияси томонидан Қўмита Конференцияси томонидан тасдиқланган Тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
8.2. Уч кишидан иборат Тафтиш комиссияси аъзолари Қўмита Конференциясида беш йил муддатга сайланади.
8.3. Қўмитанинг Тафтиш комиссияси аъзолари бир вақтда Қўмита Бошқаруви аъзолари бўла олмайди.


IX. Қўмита Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
9.1. Мазкур Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Қўмита Конференцияси томонидан амалга оширилади.
9.2. Мазкур Уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар қонунда ўрнатилган тартибда давлат рўйҳатидан ўтгандан сўнг юридик кучга эга бўлади.

X. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш
10.1. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисидаги қарор Қўмита Конференциясида қабул қилинади ва қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
10.2. Қўмита тугатилганда унинг кредиторлари талаби қондирилгандан сўнг қолган мулки Қўмита ва раҳбарлик органлари аъзолари ёки ходимлари  ўртасида бўлинмайди.

Юклаб олиш [82 Kb] (cкачиваний: 18)