Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Бошқарувининг ___ ___2017 йилдаги
XIV йиғилиши қарорига 3-илова


2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг
ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ёш оилалар ва қизлар манфаатини таъминлаш борасида қўйидаги 7 та стратегик йўналишда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик олиб боради:

I. Ҳар бир ёш оила ва қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тиббий маданиятини ошириш, жисмонан ва маънан етук баркамол авлодни вояга етказиш:

1.1. Ёшлар, айниқса уюшмаган қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этишнинг асосий қоидаларини (кун тартибини режалаштириш, тўғри овқатланиш, спорт, зарарли одатларни бартараф этиш усуллари, шахсий гигиена, тиббий маданият) тушунтириш, ҳудудларда анъанавий тарзда “Соғлом турмуш тарзи” акциясини ўтказиш;
1.2. Тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғин муассасаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги тиббий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларга бевосита кўмаклашиш;
1.3. Ёш оилалар ва ёш хотин-қизлар ўртасида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ва даволаш-диагностика комплекс чора-тадбирларини янада кучайтириш, айниқса, қишлоқ жойларда оналар ва болалар саломатлиги патронаж тизимини самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
1.4. Ёшларнинг репродуктив саломатлик борасидаги билимларини, тиббий маданиятини ошириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, туғишлар ўртасидаги мақбул оралиққа риоя қилишнинг долзарблиги масалаларини аҳолининг ёш оилалар қатламларига тушунтириш, шунингдек туғруқ ёшидаги аёллар ўртасида турли зарарли одатлар (спиртли ичимликлар, психотроп ва гиёҳванд дори воситаларини истеъмол қилиш кабилар)ни она ва бола саломатлигига салбий таъсири борасидаги тарғибот тадбирларини ташкил этиш;
1.5. Маҳаллаларда, айниқса, қишлоқ жойларида хотин-қизлар спортини ривожлантиришга кўмаклашиш, ёш оилалар вакиллари ва хотин-қизларни ҳудудлардаги ёшлар марказларида ташкил этилган спорт-соғломлаштириш тўгаракларига кенг жалб қилиш.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги фаолиятни Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширади.

II. Ёш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, замонавий малакали кадрлар сафини кенгайтиришга кўмаклашиш:
2.1. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини, ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш;
2.2. Ёш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини эгаллашларида қўллаб-қувватлаш;
2.3. Сиёсий партиялар билан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва касбий маданиятини оширишга қаратилган ҳамкорлик дастурларни ишлаб чиқиш,  малакали кадрлар захирасини яратиш ҳамда давлат бошқаруви соҳасида етакчи хотин-қизларни тайёрлашнинг тизимили механизмини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
2.4. Турли фан олимпиадалари, давлат ва номдор стипендиялар совриндорлари, танлов ва мусобақа ғолиблари ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари  билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
2.5. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётган хотин-қизларни иш жараёнидаги фаоллигини ошириш, касбий маҳорати ва салоҳиятини юксалтириш,  уларни фаолият олиб бораётган соҳаси бўйича чет элда малака оширишлари ва тажриба алмашишларига  кўмаклашиш;
2.6. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида республикадаги аёл раҳбар кадрлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш, улар билан ёш ва салоҳиятли қизларнинг учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этиш.
 Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги фаолиятни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Сиёсий партиялар, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Касаба уюшмалари федерацияси, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширади.

III. Ўқувчи-қизларни билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, уларга узлуксиз таълимнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва касб-ҳунарга йўналтириш айниқса уюшмаган қизларда жамиятнинг ижтимоий фаол аъзоси бўлишга нисбатан қизиқишларини ошириш:

3.1. Вояга етмаган ёшларни, шунингдек уюшмаган қизларни таълим-тарбия жараёнига кенг жалб этиш, уларни билим олиш шароитларини яхшилаш борасидаги ишларда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.
3.2. Ёшларни, айниқса чекка қишлоқлардаги қизларни ижодий ва интеллектуал салоҳиятини янада ошириш учун имкониятлар яратишга кўмаклашиш, шунингдек илмий тадқиқот ва касб-ҳунар ўргатиш марказлари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ишларини ташкил этиш;
3.3. Ёш хотин-қизлар ҳаётида учрайдиган муаммоларни ҳал этиш ҳамда уюшмаган қизлар билан ишлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳудудларда сайёр мулоқотлар ташкил этиш;
3.4. Республиканинг барча ҳудудларидаги иқтидорли қизларни ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, улар томонидан яратилган интеллектуал лойиҳаларни тарғиб этиш ишларини ташкил этиш, нафақат фаол бўлган, балки айрим сабабларга кўра, ўз иқтидорини юзага чиқара олмаётган, рағбат ва эътиборга муҳтож қизларимизни излаб топиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга қизиқтириш орқали жамиятда ўз ўринларини топишга кўмаклашиш мақсадида таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари қошида “Қизларжон” клубларини ташкил этиш ҳамда уларнинг қизиқишлари, истеъдодларини  инобатга олган ҳолда тегишли соҳалар бўйича мутахассисларга бириктириш;
3.5. Қизларни, бўлғуси оналарни кенг дунёқарашга, юксак онг ва тафаккурга эга бўлишлари учун жаҳонда рўй бераётган воқеалар, дунёнинг геосиёсий манзараси билан таништириб бориш, ёш хотин-қизларни глобаллашув шароитидаги маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда “оммавий маданият” таҳдидларига қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли, таъсирли тарғибот тадбирларини амалга ошириш;
3.6. Маҳаллалардаги хотин-қизлар иштирокида “Маънавият соатлари”ни ўтказиш бўйича намунавий мавзуларни ишлаб чиқиш, тизимли равишда ташкил қилиш ҳамда доимий ўтказилишини таъминлаш.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги фаолиятни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Миллий телерадиокомпания, Ички ишлар вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда амалга оширади.

IV. Ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириб бориш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда касбга тайёрлаш ишларини аниқ мақсадли ва тизимли ташкил этиш:

4.1. Маҳаллалар кесимида ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини, жумладан академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаган, маълум сабабларга кўра олий ўқув юртларига кира олмаган ёшлар базасини  шакллантириш ва доимий мониторинггини йўлга қўйиш;
4.2. Олий ўқув юртларига имтиҳон топшириш жараёнларида юқори балл тўплаган, бироқ ўқишга кира олмаган иқтидорли ёшларни, айниқса академик лицей битирувчиларини касбга йўналтириш;
4.3. Ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари ва олий ўқув юртлари битирувчиқизлар ўртасида норасмий бандликнинг олдини олиш, унинг салбий оқибатлари бўйича тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш, мавзуга оид тарғибот материаллари (буклет, флайер)ни ишлаб чиқиш ва чоп этиш чораларини кўриш;
4.4. Касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни тажрибали тадбиркорларга бириктириш, тадбиркорлик асослари, бизнес режалар тузиш, бизнесни юритишга ўқитиш чораларини кўриш ҳамда уларни оилавий тадбиркорлик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш орқали ёш хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш;
4.5. Касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, улар томонидан яратилган инновацион лойиҳаларга кредит маблағлари ажратилиши борасида тизимли ишларни ташкил этиш;
4.6. Ҳудудларда ёш хотин-қизлар учун яратилаётган иш ўринлари ва уларни иш билан таъминланганлик ҳолатини жамоатчилик назорати асосида таҳлил қилиб бориш, ушбу жараёнда аниқланган муаммоли масалалар юзасидан тегишли ҳокимликларга таклифлар киритиш.
 Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги фаолиятни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,Касаба уюшмалари Федерацияси, Фермерлар уюшмаси, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси, Савдо-саноат палатси билан ҳамкорликда билан ҳамкорликда амалга оширади.


V. Ёшларнинг профессионал касб маҳоратини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш хамда уларнинг ижтимоий химоя тизимини мустаҳкамлаш:

5.1. Жамиятнинг турли соҳаларида самарали фаолият юритаётган, ўз касбининг моҳир мутахассиси бўлган, интилувчан, изланувчан, иқтидорли қизларнинг фаолияти ва иш жараёнини намуна сифатида  барча ҳудудлар миқёсида кенг ёритиб бориш;
5.2. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, олий ўқув юртлари битирувчи қизлари учун ўзлари танлаган маълум мутахассисликлар бўйича узоқ йиллик тажрибага эга соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда мунтазам мастер-класслар ва малака ошириш курсларини ташкил қилиш;
5.2. Ёш, ташаббускор ва тажрибали хотин-қизлар, шунингдек бошланғич ташкилот етакчиларидан иборат кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда уларнинг малакасини ошириш борасида тизимли ишларни олиб бориш;
5.3. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва ҳудудий бўлимларида  “Устоз-шогирд” тизимини жорий этиш орқали ушбу соҳада юқори тажриба ва малакага эга бўлган мутахассисларни энди ишга қабул қилинган ёш ходимларга устоз сифатида бириктириш чораларини кўриш;  
5.4. Ёшларни, айниқса имконияти чекланган ёшларни хоҳиш ва интилишларидан келиб чиқиб, турли йўналиш ва соҳаларда улар учун махсус ўқув курслар ташкил этиш, уларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш хизматини ташкил этиш.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги фаолиятни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Фермерлар уюшмаси, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк билан ҳамкорликда амалга оширади.







VI. Ёш оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хонадонларга ташриф буюриб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш тизимини мустаҳкамлаш, ёш хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, улар ўртасидаги салбий ҳолатларни олдини олиш:

6.1. Ёш оилаларга кириш, ёш оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарорлигини таъминлашда жамоат ташкилотларининг ижтимоий ҳамкорлигида жамоатчилик назоратини мустаҳкам йўлга қўйиш;
6.2. Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида “Инсон ва оила манфаати – жамият фаровонлиги” номли телемарафон ўтказиш;
6.3. Ёш оилалар ўртасидаги никоҳ муносабатларини тартибга солишга кўмаклашиш,  оилавий низолар ва  ажримларни олдини олиш, ёш авлод тарбиясида ота-оналар масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
6.4. Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи муаммолар (аёллар жиноятчилиги, ўз жонига қасд қилиш, фоҳишалик, турли гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликларни истеъмол қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар), шунингдек турли мафкуравий таҳдидлар (диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғоялар)га қарши самарали тарғибот тадбирларини амалга ошириш орқали ёш хотин-қизларда мустаҳкам иммунитетни шакллантириш;
6.5. Ёш оиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида  оилавий даромадини ошириш учун, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш, томорқа ерларидан унумли фойдаланишга ҳамда имтиёзли кредит эвазига ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлашга кўмаклашиш;
6.6. Ёш оилалар ва қизларга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан хизмат кўрсатиш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш ва Ўзбекистонда қўллаш механизмини ишлаб чиқиш;
6.7. Ёшларни миллий урф-одатларга содиқлик руҳида тарбиялаш, тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдаба, исрофгарчиликларни олдини олиш, шунингдек, республиканинг ҳудудий ўзига хос қадим анъаналари, маънавий бой имкониятларидан фойдаланиш, уларнинг энг чиройлиларини, ибратлиларинигина тўй саҳнасига кўчириш, тўйларда миллий руҳни кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги фаолиятни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда амалга оширади.

VII.Баркамол  авлод тарбиясида оммавий ахборот воситалари ваахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш:
7.1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг www.wcu.uz расмий веб-сайтини янада такомиллаштириш, шунингдек Қўмита муассислигида чоп этиладиган “Саодат” журнали, “Оила ва жамият” ҳамда “Гулчеҳралар” газеталарининг ёшларга оид рукнларини ижтимоий ва бадиий савиясини ошириш ҳамда ёшлар севиб ўқийдиган ва уларни ўйлантирадиган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашадиган саҳифаларни кўпайтириш;
7.2. Ёш оилалар ва қизларга, шунингдек уюшмаган қизларга Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ҳамда Хотин-қизлар қўмиталари тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш;
7.3. Оммавий ахборот воситаларида хотин-қизлар қўмитасининг малакали мутахассислари иштирокида ёш хотин-қизлар ва оилаларга оид мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган онлайн мулоқотларни уюштириб бориш;
7.4. Ёшларни “оммавий маданият” таҳдидларидан ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигини олдини олишда ёшлар масъулияти ҳамда жавобгарлигини оширишга қаратилган профилактик мазмундаги ҳамда ёш оилаларда фарзанд тарбияси, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашдаги зарур омиллар, оиланинг улуғ қадрият эканлиги, уларнинг оилага ҳурмат руҳида вояга етишида бобо ва бувилар ўгити акс этганижтимоий роликлар тайёрлаш ва маҳаллий телеканалларда намойишини йўлга қўйиш;
7.5. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Оилавий” телеканали томонидан ҳамкорликда тайёрланаётган “Қизларжон” телешоусида иштирок этиш учун ҳудудлардан фаол қизларни тавсия этиб бориш;
7.6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувида  ёш қизларни билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, уларни маънавий-ахлоқий тарбиясига эътиборни кучайтириш, мустақил ҳаёт остонасидаги ёшларда оилага муҳим қадрият сифатида қараш кўникмасини шакллантириш, шунингдек ёш оила мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатувчи ижтимоий, кундалик муаммоларни бартараф этишга қаратилган ибратли воқеаларни намойиш этиш юзасидан зарур тавсия ва хулосалар бериб бориш;
7.7. Қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада кучайтириш мақсадида “Қизларжон” журналини таъсис этиш.
 Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур йўналишдаги фаолиятни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бошқа турли ижтимоий-cиёсий ва маданий-маърифий нашрлар ҳамда тегишли ижтимоий тармоқлар билан ҳамкорликда амалга оширади.

Юклаб олиш [67,5 Kb] (cкачиваний: 0)

Похожие статьи