Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 2017 йилнинг 7-12 август кунлари ўтказилган “Ёш оилалар ва қизлар” I Республика форуми

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан фақат иқтидорли, интеллектуал салоҳияти юқори, бугунги кунда давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган қизлар ўртасида, айниқса Зулфия номидаги давлат мукофоти талабгорлари ва совриндорлари билан ишлар олиб борилар эди.
Лекин, бугунги кунда ёшларимиз орасида, хусусан ёш қизларимиз орасида учраб турадиган айрим салбий кўрсаткичлар хусусан, эрта никоҳ, эрта туғруқ, оилавий ажримлар, ҳуқуқбузарлик ва ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатларнинг мавжудлиги, уюшмаган, маълум бир меҳнат тури билан банд бўлмаган қизларимиз қатлами билан янгича йўналишда ва янгича тизим асосида ишлаш зарурлигини тақозо этмоқда.
Шу боис, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек қизларни, айниқса уюшмаган ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиясини яхшилаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида аниқланган мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ‑4749‑сонли, 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сонли Фармонлари ҳамда мамлакатимизда ёшларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур Стратегияда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда шу соҳадаги тегишли ташкилотлар билан ўзаро тизимли ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутадиган 7 та устувор йўналиш белгиланди.
Стратегияда белгиланган вазифаларни ўз вақтида, аниқ механизм асосида тизимли бажарилиши ёш оилалар ва ёш хотин-қизлар ҳаётида учрайдиган муаммоларни ҳал этиш ҳамда уюшмаган қизлар билан ишлаш борасидаги фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан жорий йилнинг 7-12 август кунларида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда “Халқаро ёшлар” куни муносабати билан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида республиканинг барча ҳудудларида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида “Ёш оилалар ва қизлар” I Республика форуми ўтказилди.
Форумнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини ошириш, онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, бугунги эзгу ислоҳотларга фаол муносабатини шакллантириш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда ёш оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашдир.
“Ёш оилалар ва қизлар” I Республика форуми доирасида ҳафта давомида қуйидаги тадбирлар ўтказилди:
7 август куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида соат 14.00 да “Ёш оилалар ва қизлар” I Республика форуми доирасида ҳафта давомида ўтказилиши белгиланган тадбирлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида 40 нафардан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-конференция бўлиб ўтди. Ушбу пресс-конференцияда ҳафта давомида ўтказилаётган тадбирлар юзасидан ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
8 август куни соат 9.00 да Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида “Мен ҳам етакчи бўламан!” мавзусида Сенатор, депутат ва турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган раҳбар аёллар билан ижтимоий-сиёсий фаол ҳамда уюшмаган қизлар учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда 20 нафар раҳбар аёллар, 30 нафар ёш қизлар ҳамда 10 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Учрашувда раҳбар аёллар ўзларининг намунавий аҳамиятга эга фаолияти, эришган ютуқлари ва босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида ёш қизларни қизиқтирган саволларага жавоб берилди. Қолаверса, тадбир иштирокчилари бўлган уюшмаган қизларнинг бугунги кунда нима билан бандлиги, орзу-мақсадлари, режалари ва таклифлари тингланди.
9 август куни “Илм-фан келажак пойдевори” шиори остида “Оилам китоб ўқийди” акцияси ўтказилди. Мазкур тадбир кун тартибида илмий тадқиқот фаолиятини олиб бораётган 80 нафар 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш оилалар вакиллари, олима қизлар иштирокида илмий-амалий “Давра суҳбати”, шунингдек Ўзбекистон мусулмонлар идорасида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар иштирокида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. “Next” истироҳат савдо мажмуасида 200 нафар 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган оилалар вакиллари, маҳаллалардаги ижтимоий фаол, шу билан бирга уюшмаган қизлар иштирокида “Оилам китоб ўқийди” мавзусида маънавий-ахлоқий тарбияни шакллантиришга оид янги китоблар акцияси ўтказилди. Акцияда 5 та нашриёт томонидан чоп этилган китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
10 август куни Ёшлар ижод саройида “Ким нимага қодир?” мавзуида касб-ҳунар маҳорат дарслари ўтказилди.
Мазкур тадбирда 100 нафарга яқин касб-ҳунарга ва тадбиркорликка қизиқиши бор фаол хотин-қизлар ҳамда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри маҳаллаларининг уюшмаган қизлари иштирок этди.
Шунингдек, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ва Республика “Ҳунарманд” уюшмасининг турли йўналишларда фаолият юритаётган 14 нафар тадбиркор ва ҳунармандлари иштирокчи қизларга тадбиркорлик фаолиятини қандай йўлга қўйганликлари, бу борадаги қийинчиликларни қандай енгиб ўтганлиги, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган имтиёзлар ҳамда бугунги кундаги фаолияти тўғрисида тақдимотлар қилинди, маҳорат дарслари ўтилди. Шу билан бирга ҳунармандларнинг қўл меҳнати билан яратилган ишлари кўргазмаси ташкил қилиниб, бирор бир ижод намунасининг қандай босқичларда, қай тариқа яратилиши амалда кўрсатиб берилди.
11 август куни Тошкент шаҳар Ихтисослаштирилган сув спорт турларини ривожлантириш Республика маркази сузиш ҳавзасида Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда “Соғлом турмуш тарзи” акцияси ўтказилди. Мазкур акцияда спортнинг эркин сузиш тури бўйича 150 нафар ёш оилалар ва ёш хотин-қизлар иштирок этди.
12 август куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 370 нафар ёш оилалар вакиллари, ижтимоий фаол, шу билан бирга уюшмаган қизлар иштирокида “Ёш оилалар ва қизлар” I Республика форумининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда “2017-2021 йилларда  Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси” лойиҳаси муҳокама қилинди ҳамда “Қизларжон” клубининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандуми имзоланди.  
Форум доирасида ўтказилган тадбирлар республиканинг барча ҳудудларида бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда жами 3 мингга яқин ёш оилалар вакиллари, ёш хотин-қизлар, шунингдек уюшмаган қизлар жалб этилди.
Ушбу форум ёш хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, мамлакатимизда ва дунёда юз бераётган ижтимоий-маданий ходисаларни қиёсий таҳлил қилишга, тенгдошлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратишга кўмаклашади, уларни миллий урф-одатлар ва қадриятларимиз, миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялашга, ёш оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек иқтидорли, ташаббускор қизлар сафини кенгайишида, Давлат мукофотлари ва турли фан олимпиадалар совриндорларининг фаолиятини кенг оммага тарғиб этиш, уларнинг ижодий фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга уюшмаган қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокига кўмаклашиш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш каби амалий натижаларни беради.

Похожие статьи