Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Оила—муқаддас қўрғон

Халқаро оила куни муносабати билан маҳаллаларда ўтказилган ҳар бир тадбир уни мустаҳкамлашга, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилди...         
        Оила жамиятнинг таянчи. Унинг мустаҳкамлиги жамиятнинг барқарорлиги демак. Бутун дунёда 15 май Халқаро оила куни сифатида нишонланишида катта маъно мужассамдир. Вилоятимизда ҳам бу қутлуғ кун муносабати билан ўтказилган тадбирларда оила аталмиш муқаддас маъвога ҳурмат ва эътибор акс этиб турди. 1-15 май кунлари республика "Оила" илмий-амалий маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, қатор бошқармалар, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ҳамкорлар иштирокида "Энг намунали оила" танлови ташкил этилиб, унда 700 дан ортиқ оилалар қамраб олинди. 12 май куни танлов ғолиби, фарғоналик Солиевлар оиласининг ҳаётий тажрибаси республика телевидениесида кенг тарғиб қилинди.
         Халқаро оила куни муносабати билан бевосита маҳаллалада "Аҳил оила—мамлакат тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашнинг омили", "Қўшничилик муносабатларида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат устуворлиги—маҳалла аҳиллигининг кафолати", "Қариси бор уйнинг париси бор", "Ўғил-қизингиз оила қуришга тайёрми?", "Миллий ва диний бағрикенглик—қадриятимиз" мавзуларида тарғибот ишлари олиб борилиб, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, эр-хотин, қайнона-келин, кексаларни эъзозлаш, уларнинг панду насиҳатларига амал қилиш, қўшничилик муносабатлари, ўғил-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг азалий удумлари, миллатлараро тотувлик, диний бағрикеннликнинг аҳамияти юзасидан мунозаралар ташкил этилди. Шу аснода оила илмини пухта ўзлаштирган, маҳалла-кўйчилик, қўшничилик удумларини жойига қўяётган намунали оилаларнинг тажрибалари кенг оммалаштирилди. Ҳалқаро оила кунида худудлардан саралаб олинган оилалар соҳибу соҳибалари (шу ерга уч-тўртасининг исми-фамилияси, манзили ёзилиши керак) сингари 12 оила вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди. Бу, албатта, тақдирлаш маросимида иштирок этган бир неча ўнлаб оилаларга ибрат мактаби бўлди.
      Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Билим ва касб-ҳунар оила мустаҳкамлиги асоси", умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари  ўртасидаги "Мустаҳкам оила-- камолотимиз ва бахтимиз манбаи" мавзуларида иншолар танлови ўтказилгани ёшлар қалбида оилага ҳурмат туйғусини ошириб, унга инсон бахтининг кафолоти, Ватан ичра кичик ватан сифатида қараш кўникмасини шакллантирган бўлса не ажаб. Минг-минглаб ўқувчилар иштирок этган иншолар ўрганилиб, ғолиблар аниқланди ва улар муносиб тақдирландилар.
      "Она ва бола боғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" ақидасига амал қилинган ҳолда "Соғлом она ва бола—соғлом келажак" мавзуидаги семинар ҳам Ёзёвон тумани, Ёзёвон маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Ўктамобод" мажмуасида ўтказилди. Бу ерга туманнинг барча маҳаллалари, қолаверса, қўшни Тошлоқ, Қўштепа, Олтиариқ туманларининг ФҲДЁ бўлими мудиралари, ажримлар кўпайган ҳудудлар маслаҳатчилари жам қилинди. Улар психология фанлари номзоди Шириной Мустафоеванинг "Оиладаги соғлом психологик вазият—соғлом турмуш асоси", Репродуктив саломатлик маркази вилоят бўлими раҳбари Дилафрўз Отамирзаеванинг оилалар барқарорлиги ва саломатлигида репродуктив саломатликнинг аҳамияти, Республика "Оила" илмий-амалий маркази вилоят бўлими директори Зулфияхон Ахунованинг мустаҳкам оилани қарор топтиришда шукур, сабр, меҳрнинг ўрни ҳақидаги, журналист Хадичахон Каримованинг "Оила муқаддас даргоҳ, у давлат ва жамият ҳимоясида" мавзуларидаги суҳбатларини тинглаб, баҳс-мунозара юритдилар.Тадбирда оилани муқаддас билиб, узоқ йиллар унинг шаънини бош узра тутаётган онахонлар, шунингдек, ёш оилалар вакиллари иштироки таъминлангани айни муддао бўлди. Иштирокчилар бу ердан жуда катта маънавий, ҳуқуқий кўникма олганларини қайта-қайта эътироф этдилар.
      Дарҳақиқат, оила ҳамиша ғамхўрлик ва эътиборга муштоқдир. Акс ҳолда арзимаган баҳона ёки сабаб билан унга дарз кетиши, Ўзбекистон номи билан қайд этилган никоҳ барбод бўлиши ҳеч гап эмас. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари" йили давлат дастури доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамкорликда махсус ишлаб чиқилган режага кўра, ажримлар олдини олиш мақсадида маҳаллаларда сайёр суд ўтказилмоқда. Халқаро оила кунигача маҳаллаларда ўтказилган сайёр судларда ажрим остонасида турган оилалар вакиллари, маҳалла мутасаддилари, гапга-сўзга етар кекса отахон-онахонлар, профилактика инспекторлари иштироки таъминланиб, 34 та оила ажралиб кетишининг олди олинди, оилалар мустаҳкамлигининг ҳуқуқий асослари обдон тушунтирилиб, иштирокчиларда бу муқаддас қўрғонга шахсий иш эмас, балки давлат ва жамият таянчи сифатида қараш қўникмаси ҳосил қилинди. Қува туманидаги Дамариқ маҳалласида ўтказилган сайёр судда  Санобархон ва Қудратжон Раҳмоновлар, Янгиқишлоқ маҳалласида Зиёдахон ва Фароҳоджон Туросуновлар, Бағдод туманининг Дўрмонча маҳалласда истиқомат қилаётган Ферузахон ва Абдуллажон Сотволдиевлар, Қаҳат маҳалласида Дилдорахон ва Қурбонали Қосимовлар оиласи тикланиб, ажримнинг олди олинди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Энг асосийси, тикланган оилаларнинг деярли барчасидаги уч, икки, бир нафардан қора қўзларни тирик етимлик гирдобидан асраб қолинди. Бу оилаларнинг аҳволидан маҳаллаларнинг маслаҳатчилари хабардор бўлиб турибдилар.
       Сайёр суднинг Қўштепа туманидаги Ойимча маҳалласида ўтказилган мажлисида уч нафар фарзанди билан бошпанасиз қолган фуқаро Матлубахон Холхўжаеванинг муаммоси ҳал этилишига эришилди. Унда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Мирҳаёт Назаралиев, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро суди раиси Раҳматилло Мамажонов, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Муҳаббатхон Мўйдинова, "Халқ қабулхонаси" мутахассиси Барнохон Мўминова, маҳалла мутасаддилари иштирок этдилар. Сайёр суд муҳокамасидан сўнг маҳалла оқсоқолларининг тавсиясига кўра, бошпанасиз қолган она-болаларга маҳаллада бўш турган норасмий мачит биноси қонуний асосда расмийлаштириб бериладиган бўлди. Бизга маълум қилинишича, бинонинг кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, таъмирланибди, она-болалар кўчиб киришибди. Маҳалланг—отанг-онанг, деб шунга айтсалар керак-да. Сайёр суд мажлислари белгиланган жадвал асосида давом эттирилмоқда
       Умуман, Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилган барча тадбир унинг иштирокчиларида оиласига, шу азиз Ватанига меҳр-муҳаббат ва ҳурмат туйғуларини жўш урдирди. Бу даргоҳга эртамизнинг эгалари бўлган авлодлар дунёга келувчи, тарбия топувчи, тараққиётимизни ҳаракатга келтирувчи куч бўлган табаррук инсонлар истиқомат қилувчи, меҳр-оқибат, муҳаббат, садоқат туйғуларини камолга етказувчи муқаддас қўрғон сифатида муносабатда бўлишга ундади.
Тўлқиной ТОЖИЕВА,
Фарғона вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси




Похожие статьи