Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Оила - бахт, меҳр-муҳаббат ошиёни

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бир неча ҳамкор жамоат ташкилотларининг қўшма қарорига кўра Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларидаги фуқаролар йиғинларида «Энг намунали оила» кўрик-танловининг дастлабки босқичи бўлиб ўтди.
Оила - инсон камолотида муҳим ўрин тутувчи маскан. Бу муқаддас гўшада инсон ҳам жисмонан, ҳам маънан ва ҳам ахлоқан тарбияланади. Жамиятнинг бу асосий бўғини мамлакатлар тараққиётининг пойдевори эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1994 йилдан эътиборан, ҳар йили 15 майни Халқаро оила куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қилган. Ушбу сана халқаро миқёсда кенг нишонлаб келинмоқда.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, юртимизда ўзликни англаш, миллий урф-одатларимизни эъзозлаш, катталарга ҳурмат кўрсатиш ва кичикларга ғамхўр бўлиш, одамийлик, ҳалоллик, олийжаноблик, меҳр-оқибат сингари асл инсоний фазилатлар айнан оила муҳитида шаклланади. Ўзбек халқи азалдан оилапарвар, меҳмондўст, болажон ва бағрикенг.
Халқимиз бежиз оилани «олтин қўрғон» деб атамайди. Бунда жуда катта маъно мужассам. Бу қўрғон олтиндан-да қимматли туйғуларни, анъана ва қадриятларни асрайди, аждодлардан авлодларга етказади. Эзгу удумлар, ҳикматга бой анъаналар мисоли олтин қўрғон ичидаги бебаҳо хазинадир.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда оила мустаҳкамлиги, унда соғлом муҳитни қарор топтириш, ҳар томонлама баркамол авлодларни вояга етказишда оиланинг ролини кучайтириш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар давомида оилаларни нафақат моддий қўллаб-қувватлаш, балки уларни маънавий, руҳий ва жисмоний жиҳатдан тўкис бўлишидек мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди ва бу эзгу жараён тобора такомиллашиб бормоқда.
15 май - Халқаро оила куни Наманган вилоятида ўтган йиллардагидан ўзгача, ноанъанавий тарзда нишонланди.
Наманган вилояти ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий маркази, «Маҳалла» жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ, «Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси», «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бўлинмалари ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида барча фуқаролар йиғинларида «Энг намунали оила» кўрик-танловлари ўтказилди.
Жумладан, Тўрақўрғон туманининг Шаҳанд қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган кўрик-танловнинг ҳудудий босқичида 11 та оила беллашди. Танлов низомига кўра, уч шарт асосида беллашган иштирокчилар ўз оилалари таркиби, касб-кори, севимли машғулотлари, ўзаро муносабатлари, ҳаётий тажрибалари, фарзандлар эришаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот бериб, бунда маърифат ва китобнинг ўрни беқиёс эканини эътироф этиб ўтдилар. Шунингдек, оилавий муаммолар илдизи кўрсатиб берилган видеороликларни намойиш этишди.
Таъкидлаш ўринлики, кўрик-танловлар жараёнида иштирокчи оилалар томонидан нафақат оилалардаги ўзига хос ижобий анъаналар, оила муносабатларини мустаҳкамлиги, фарзандлар тарбиясида азалий қадриятларнинг устунлиги кўрсатиб берилди, балки оилаларни мустаҳкамлаш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, оила муаммоларини чуқур ўрганилаётгани, уларни бартараф этишда самарали усуллар амалга тадбиқ этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Мазкур ҚФЙда бўлиб ўтган кўрик-танлов натижаларига кўра Бозорбоши МФЙда яшовчи Г. /ойиповалар оиласи «Китобсевар оила», Боғишамол МФЙда яшовчи С. Абдуллаевалар оиласи «Меҳр барқарор оила», Қашқаргузар МФЙда яшовчи Х.Йўлдошевалар оиласи «Энг аҳил оила», Ўртақишлоқ МФЙда яшовчи Б.Раҳимовалар оила «Файзли оила» номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.
Тумандаги Қатағонсарой ҚФЙда ўтказилган кўрик-танловда эса 6 та оила беллашиб, улар ҳам турли номинациялар бўйича тақдирландилар. Сарой МФЙдан М. Тўраева, Тошлоқ МФЙдан Д.Сиддиқова, Қатағон МФЙдан А.Нурматовалар оиласи шулар жумласидан. «Ўзбекистон» МФЙда яшовчи Юнусовлар оиласи 1-ўринни эгаллади ва кўрик-танловнинг туман босқичига йўлланма олди.
Худди шу каби кўрик-танловлар туманнинг Катта Қурама, Сайрам каби қишлоқ фуқаролар йиғинларида ҳам ўтказилди.
Косонсой туманида «Энг намунали оила» кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари қишлоқ фуқаролар йиғинларида ўтказилибунда оилалар фаол иштирок этди. Хонадонида кутубхона ташкил этган, барча зарур маиший шароитларни яратган, тўйларни камхарж ва тартибли  ўтказган, фарзандлари, келинларини олий маълумот олишларига имконият яратиб берган, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган Гузар МФЙда яшовчи М. Зокирова, Гулбоғ МФЙда яшовчи И. Бозоров, Тагижар МФЙдан Т. Қодирова, Узунқишлоқ МФЙдаги З. Мамажонова, «Ҳуррият-1» МФЙда яшовчи М.Абдумажидов, Озод МФЙдан И.Нуриддиновлар оиласи турли номинциялар бўйича ғолиб деб топилди. Чорбоғ МФЙда яшовчи педагоглардан иборат А.Қораевлар оиласи эса танловнинг туман босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Янгиқўрғон туманида бўлиб ўтган мазкур танлов ҳам дастлаб ҳар бир маҳалла кесими ва ҳудудий босқичларда ташкил этилди. Танловда иштирок этган оилалар танишув, савол-жавоб ҳамда эркин мавзу шартлари бўйича беллашди. Улар орасидан Тошкент МФЙда истиқомат қилаётган М. Табарова, Оқтепа МФЙда яшовчи М. Мусабекова, Қораёнтоқ МФЙда яшовчи А. Худойбергановаларнинг оиласи танлов Низомида кўрсатилган «Спортчи оила», «Ишбилармон оила», «Ибратли оила» номинациясига лойиқ топилди. Бўстон МФЙда истиқомат қилиб, тотув турмуш кечираётган фахрий педагог Абдурасул Аббосов ва тикувчи Санобархон Аббосоваларнинг оиласи эса «Аҳил оила» деб топилиб, уларга танловнинг туман босқичига йўлланма берилди.
Чортоқ туманида ҳам ушбу кўрик-танлов янада  уюшқоқлик билан ташкилланиб, Халқаро оила куни таассуротларга бой тарзда нишонланди. Бошқача айтганда, кўрик-танловлар оила тинчлигини таъминлаш, фаровон ҳаёт кечириш, фарзанд тарбиясида ҳушёр бўлиш борасида яхшигина тажриба мактабини ҳам ўтади. 52 та ўзини ўзи бошқариш органлари кесимида бўлиб ўтган «Энг намунали оила» кўрик-танловида 215 та оила иштирок этди. Унда Низомда белгиланган 8 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
Жумладан, Алишер Шокировлар оиласи (Наврўз МФЙ) «Китобсевар оила», Жўраевлар оиласи бекаси Турғуной ая (Чортоқ МФЙ) «Меҳрибон қайнона», Маҳмуджон ва Салимахон Йўлдошевалар хонадони (Нурафшон МФЙ) «Энг аҳил оила», гулдировлик Иброҳимжон ва Ҳувайдо Мирзаолимовалар оиласи  «Саҳоватли оила», Шарифжон ва Зулайҳо Қўзиевалар оиласи (Гулшан МФЙ) «Спортчи оила», Фарход ва Умида Умаровалар оиласи («Обод-диёр»МФЙ) «Ишбилармон оила» номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди.
- «Қаерда оила муносабатлари кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади», - дейди Чортоқ тумани «Қайноналар кенгаши» раиси Марҳабатхон Болтабоева. – Бу пурмаъно, исбот талаб этмайдиган қимматли фикрни маърифатпарвар алломаларимиздан бири Абдурауф Фитрат бундан салкам икки юз йиллар аввал айтган. Биз бугун оила мустаҳкамлигини таъминлаш учун амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз замирида ҳам мамлакат ва миллатни кучли ва муаззам қилишдек мақсад ётибди. Демак, оилада муаммоларнинг катта-кичиги, аҳамиятсизи йўқ. Президентимиз ташаббуси билан жорий йил бошиданоқ оилаларга кириб бориш, ундаги мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал этиш энг муҳим вазифамизга айланди. Февраль ойини яраштириш ойлиги деб эълон қилиниши эса парокандалик остонасида турган кўплаб оилаларни асраб қолишимизга хизмат қилди. Мазкур ойлик давомида йўлга қўйилган тизимнинг ҳали-ҳамон давом этаётгани нур устига аъло нур бўлаяпти. Йил бошидан буён биргина Чортоқ туманида 126 та оиланинг яраштирилгани, уларда тинчлик-тотувлик ҳукм суришига эришилгани – бизнинг энг катта ютуғимиз бўлди. Айни пайтда ўтказилаётган «Энг намунали оила» кўрик-танловлари ҳам бизнинг мақсад-муддаоларимизга ҳамоҳанг бўлиб, унда ўз ихтиёри билан иштирок этиш таклифини билдираётган ёш оилаларнинг кўпайиб бораётганидан фақат қувониш мумкин.
Уйчи туманида бўлиб ўтган кўрик-танловнинг ҳар бир маҳалладаги саралаш босқичидан сўнг ҳудудий босқич ҳам ўтказилди. Унда мавжуд 62 та маҳалла фуқаролар йиғинидан оилалар беллашди. Якуний натижаларга кўра, «Шифокор» МФЙнинг намунали оилаларидан бири, фахрий педагог, ишбилармон аёл, меҳрибон қайнона бўлган Рислиғой Жўраева оиласи ғолиб бўлиб, танловнинг туман босқичида иштирок этадиган бўлди.
Шунингдек, Қўрғонча МФЙда яшовчи Н. Сайдалиевлар  «Спортчи оила», Навоий МФЙда яшовчи М. Мирзаева «Ибратли оила» номинациялари бўйича ғолиб бўлишди. Ўз навбатида яна тўрт оила алоҳида номинациялар бўйича тақдирланди.
Халқаро оила куни муносабати билан Норин туманидаги 57 та маҳалла фуқаролар йиғинларида «Аҳил оила - мамлакат  тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашнинг муҳим омили», «Қўшничилик муносабатларида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат  устуворлиги - маҳалла аҳиллигининг кафолати», «Бахт калити - оилада», «Оилам - олтин бешигим» мавзуларида давра суҳбатлари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, Норинкапа маданият ва аҳоли дам олиш маскани, Учтепа қишлоғидаги Булоқ зиёратгоҳи, Тўда маданият ва аҳоли дам олиш маскани, Хўжаобод ҚВП фаоллар зали, Тўлқин МФЙ биноси, Пахтақишлоқ  маданият ва аҳоли дам олиш масканида эса «Энг намунали оила» кўрик-танловининг дастлабки босқичлари бўлиб ўтди. Кўрик-танловларда жами 300 га яқин оила иштирок этди.
Тадбирлар давомида 40-50 йилдан ортиқ бирга тинч-тотув яшаб, меҳнат қилиб, фарзандларини жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар қилиб тарбиялаган оилалар вакилларининг ҳаётий тажрибаларидан ёш оилалар катта таассурот олишди. Танловни ўтказишдан кўзланган мақсад - миллатимизнинг энг улуғ қадрияти саналган оилани улуғлаш, унинг жамият ҳаётидаги, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрнини кучайтириш, намунали оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, энг намунали оилалар ҳаётий тажрибасини кенг оммага тарғиб қилишдан иборат бўлди.
Танловларда Собир Раҳимов маҳалласида яшовчи М.Каримовлар оиласи "Китобсевар оила", Яшик маҳалласида яшовчи М.Турдиевлар оиласи "Спортчи оила", Қизилтов махалласидан Қорабоев Рустамжонлар оиласи "Ишбилармон оила", Қуюлтепа маҳалласидан М. Абдуллаевлар оиласи "Меҳрибон қайнона", М.Турдиевлар оиласи "Аҳил оила", Қоратери маҳалласидан М.Расуловлар оиласи "Саховатли оила", Ҳаққулобод шаҳар Янги тонг маҳалласидан Т.Раҳмончаевлар оиласи "Ибратли оила", Яйдоқ маҳалласидан Т. Деҳқоновлар оиласи "Файзли оила" номинациялари бўйича ғолиб бўлишди.
- Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан маҳалла ва унинг ваколати, нуфузини кўтаришга эътибор кескин кучайди, - дейди Норин тумани Ҳаққулобод шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Зулфияхон Абдукаримова. - Фуқаролар йиғинларидаги 8 та комиссиянинг ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, фаровонлигини таъминлаш, ишсизликка барҳам бериш юзасидан амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ. Менинг тўрт келиним бор, уларнинг икки нафари билан бир ҳовлида яшаймиз. Ўғилларим ҳунармандчилик, деҳқончилик, қорамол боқиш билан шуғулланади. Шу пайтгача ўғилларим билан келинларим ёки мен билан келинлар ўртасида бирон марта кўнгилхиралик бўлмади. Менимча, оилада ҳар ким ўз вазифаси ва бурчини тўла англаса, оила аъзолари ўртасида ишонч, очиқлик, самимийлик, ҳамжиҳатлик бўлса, бу оиладан тотувлик ва барака асло аримайди. Қиз набираларимнинг бўйи етиб қолди. Келинларимга қиз бола онасидан ўрнак олишини тез-тез таъкидлайман. Шукр, набираларимнинг ахлоқ-одоби яхши. Уларни эртага бир оилага келин бўлиб борганда, ота-онасининг юзларини ерга қаратмаслигига ишонаман. Аҳилликни, ўзаро меҳр-муҳаббатни кўриб улғайган фарзандлардан ёмонлик чиқмайди, ҳамиша бу туйғуларни қадрлаб яшайди.
Иштирокчи ва ғолиб оилаларга хотин-қизлар қўмиталари ва ҳамкор ташкилотларнинг «Ташаккурнома»си ва эсдалик совғалари топширилди.
Чуст туманининг Дўстлик МФЙда ўтган танловда  Б. Абдуллаевлар оиласи энг намунали деб топилиб, танловнинг туман босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
- Оиладаги тотувлик, аҳил-иноқлик, фазу-барака биринчи навбатда қайнонага кўп жиҳатдан боғлиқ, - дейди Файзихон Абдуллаева. - Хонадонингизга янги келин келди. У ҳали янги оилага кўниколмай туради. Хонадондагиларнинг салобати босади. Шунда уни  ўз қизингиздек кўриб, далда бўлиб, айрим билмаган нарсаларини ўргатиб, ҳолатдан олиб чиқишингизга тўғри келади. Шу биргина меҳрибонлигингиз унинг ҳам қалбида сизга нисбатан меҳр уйғонишига сабаб бўлади.
«Энг намунали оила» кўрик-танловлари вилоятнинг барча туманлари ва Наманган шаҳрининг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳам бўлиб ўтди. Дастлабки босқич ғолиблари бўлган оилалар кўрик-танловнинг шу йилнинг июль ойида бўлиб ўтадиган шаҳар ва туман босқичларида иштирок этиш учун жиддий тайёргарлик кўришмоқда.
Гўзал маънавий ҳаётимиз ва бугунгидан-да ёруғ келажагимизни барпо этар эканмиз, бунда асосий таянч оила эканини инкор этиб бўлмайди. Бугун ушбу муқаддас даргоҳни кўз қорачиғидек асраш, мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш асосий мақсадимизга айланди. Хусусан, шу йил 6 февралда вилоят ҳокимининг 55-сонли қарори қабул қилиниб, унинг асосида февраль-март ойлари яраштириш комиссияси ойлиги этиб белгиланди. Ойлик мобайнида вилоят бўйича ўзаро муросаси қочган 2590 та оилалар муҳокама этилиб, уларнинг 2347 тасини яраштиришга эришилди. Оилавий можароларнинг 50,1 фоизи эр-хотин, 22,3 фоизи қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида келиб чиққанини инобатга олсак, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оналарга қайноналик масъулиятини англатиш, келинларда андишалилик, ибо-ҳаё, мулоҳазакорлик хислатларини тарбиялаш борасида тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозимлиги аён бўлади.
- Яраштириш ойлиги давомида маҳалламиз бўйича 14 та оилани яраштирдик, - дейди Тўрақўрғон тумани Шовон МФЙнинг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Х.Низомова. - Оилавий низоларнинг аксарияти ёшларнинг ҳаётга енгил қараши, меҳнатсеварлик фазилатидан йироқ эканлиги, рўзғор тутуми, оилавий муносабатлар борасида етарли кўникма ва тушунчага эга эмаслиги оқибатида келиб чиқмоқда. Демак, эртага келин, куёв бўлгувчи ўғил-қизларимиз тарбияси, касб-кор эгаллаши ҳақида жиддийроқ қайғуришимиз лозим.
Барча оиланинг устунлари меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурмат туйғуларидан барпо бўлса, у чинакам бахт ошиёнига айланишини ёш ва бўлажак оила соҳиблари онгига етказишимиз шу куннинг энг муҳим вазифаларидан бири. Бу борада «Энг намунали оила» кўрик-танловларининг аҳамияти катта бўлмоқда.
Тадбирлар давомида оилаларга янада чуқурроқ кириб бориш, ундаги муаммоларни барвақт аниқлаш, самарали ечимини топиш, фарзандларнинг жисмоний, маънавий ва руҳий тарбиясига янада жиддийроқ ёндашиш, оилавий бизнесни ривожлантириш, қизларни эрта турмуш қуришларига бутунлай барҳам бериш, тўй ва у билан боғлиқ маросимларни тартибли, камчиқим, миллийлигимизга уйғун ҳолда ўтказиш хусусида қимматли фикр-мулоҳазаларнинг билдирилаётгани кўрик-танловнинг савияси ортишига хизмат қилмоқда.
Наманган вилояти
Хотин-қизлар қўмитаси 

Похожие статьи