Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Ўтган кунлар ўтинчи

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ўзининг ватанпарварлиги, матонати, она Ерга бўлган муҳаббати, оилага, яқинларига чексиз меҳри билан юртимиз тарихидан муносиб ўрин олган Турсуной Охунованинг 80 йиллигига бағишлаб хотира тардбири ўтказилди.
Ўзбек хотин-қизлари орасида биринчи бўлиб пахта териш машинасини бошқарган Турсуной Охунова ҳақида гап кетса, ёши улуғ отахон ва онахонлар ўтган асрнинг эллигинчи-саксонинчи йилларида – собиқ шўролар тузимида кенг қулоч ёйган “Турсунойчилар” ҳаракатини эсга олишади.
1937 йилда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган Турсуной Охунова 14 ёшидан бошлаб далада ишлаган. Ўн етти ёшида механизаторлик курсини тамомлаб, пахта териш машинаси рулига ўтирган. Тарихий манбааларда ёзилишича, 1955 йилда пахта териш мавсуми давомида 20 тонна пахта терган. 1959 йилда бу кўрсаткични 210 тоннага етказган. Бу рақам ва кўрсаткичлар ортида қанчалик оғир меҳнат, уйқусиз тунлар ва машаққатлар ётганини унинг ўзи ва яқинларигина яхши билишар эди. У ҳатто  келинчаклигида ҳам, юраги тагида жажжи юракчалар уриб турганда ҳам, болаларининг эмизикли даврида ҳам заҳарли кимёвий дорилар сепилган далалардан бери келмаган ва охир-оқибат ўпка касалланиши туфайли жуда эрта – 47 ёшида оламдан ўтган. Шифокорлар бу дард пахта далаларидаги кимёланган чангдан заҳарланиш натижасида юзага келганини таъкидлайдилар. 
Ўша давр мафкурачилари Турсуной Охунова сингари ўзбек аёлларининг меҳнатсеварлиги, оиласига, яқинларига меҳри, она заминга бўлган муҳаббатидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишган. Оқибатда «Қизлар, пахта териш машинаси штурвалини қўлга олинг!» деган чақириқлар билан «Турсунойчилар» ҳаракати шакллантирилган.  Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистондан минглаб қизлар шу ҳаракатга жалб этилган ва уларнинг тақдири, саломатлиги бераҳмлик билан гаровга қўйилиб, ўзлари қурбон қилинган. Ўша даврдаги оғир меҳнат қозонига ташланган, ҳомиладорлик даврида ҳам даладан бери келмаган механизатор аёллар,  теримчи қиз-жувонлар  тақдири таҳлил этилса, уларнинг соғлигида  юзага келган муаммолар  кейинчалик бутун бир миллат тақдирига соя ташлаганига гувоҳи бўлишимиз мумкин. Совет мафкурачиларининг баландпарвоз гаплари, мартабаю мансаблари, турли мукофотларига алданган бундай аёллар оғир хасталик онида: “Саломатлигим тикланса эди, уни ҳеч қандай унвонларга алишмасдим”, дея изтироб чеккани ҳам тарихий ҳақиқат. 
Машаққатли умр йўлида, фарзандлари тарбиясида, даладаги толиқтирувчи оғир меҳнат пайтида Турсуной Охунова турмуш ўртоғи Султон Шерматовга суянди. У оламдан ўтгач, Султон ота 5 фарзандини бир ўзи вояга етказди ва ҳозиргача болаларига бош бўлиб, уларни дуо қилиб яшамоқда. Шу ўринда яна бир ҳақиқатни айтиб ўтиш керакки, Султон ота умрининг қолган йилларини  меҳнатсевар ва фидойи рафиқасининг хотираси билан ўтказди. Ҳозир ҳам у ҳақда гап кетса, хира тортган кўзларида бир учқун милтиллаб, юрагидаги фахру ифтихорини ошкор этади. Бугун уларнинг фарзандлари Муҳаббат, Марҳамат, Қаҳрамон, Жаҳонгир ва Ҳилола Шерматовалар эл-юрт корига камарбаста. Неваралари нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олиб, жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритишмоқда.
Турсуной Охунова афсуски, Ватанимиз истиқлолга эришганини, халқимиз улкан ютуқларни қўлга киритганини, болаларининг камолини, невараларининг ютуқларини кўра олмади. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга, ҳақ-ҳуқуқларини  ҳимоя қилишга, соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган улкан эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлолмади.
Юртимизда ҳар бир инсон азиз, хотираси муқаддас. Бу ҳақда гапирганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 18 ноябрда Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда, “яқин тарихимизда кечган ана шундай аянчли воқеалар мисолида мустақиллигимизнинг аҳамияти ва моҳиятини, қадр-қимматини янада теран англаб етишимиз, уни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз шарт”, деган сўзларини эслаш ўринли.
Жуда оғир ва мураккаб йилларда зиммасига пахта, пилла, қоракўл тери етказиб беришдек машаққатли меҳнат юкланган халқимизнинг ёрқин намоёндаси, ўзбек қизи деган номни шарафлаб яшаган Турсуной Охунова ва у каби фидойи юртдошларимизнинг ибратли умри ёшларга ҳаёт мактаби бўлиб қолаверади.
Ҳамрохон МУСУРМОНОВА,
“Оила ва жамият” мухбири

Похожие статьи