Заголовок страницы

Соғлом оилани шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг мақсади ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилади, 50 ёшдан катта шахсларнинг никоҳини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари бундан мустасно, ушбу шахслар тиббий кўрикдан фақат уларнинг розилигига кўра ўтказилади. (2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 апрелдаги 78-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 16-сон, 164-модда)
Никоҳланувчи шахслар мазкур ҳажмларда
  • психик,
  • наркологик,
  • таносил касалликлари,
  • сил касаллиги
  • ОИВ/ОИТС
юзасидан тиббий кўрикдан ўтади.
Никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ органлари томонидан тиббий кўрикдан ўтиш учун доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли тиббиёт муассасаларига юборилади.
Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги уларнинг яшаш жойидаги психиатр врачлар, наркологлар, тери-таносил касалликлари врачлари, фтизиатрлар (диспансер ва туман кабинетлари) томонидан тиббий кўрик ўтказиш учун асос ҳисобланадиган ФҲДЁ органлари томонидан берилган йўлланма бўйича бепул ўтказилади.
Тиббий кўрикдан ўтиш муддати никоҳланувчи шахслар тиббиёт муассасасига мурожаат қилган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги керак.
Кўрикдан ўтаётган шахсга белгиланган шаклдаги алоҳида тиббиёт картаси юритилади, унда кўрикдан ўтаётганнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар ҳамда текшириш натижалари тўлиқ ҳажмда акс эттирилади.
Агар никоҳланувчи шахс ўз хизмати ёки иши турига кўра муайян тиббиёт муассасасига бириктирилган бўлса, у мазкур муассасада кўрикдан ўтказилади.
Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги натижалари тўғрисида тиббиёт муассасасининг хулосаси маълумотномада акс эттирилади. Маълумотнома тиббиёт муассасасининг муҳри ва раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади ҳамда алоҳида дафтарда рўйхатдан ўтказилади, дафтар белгиланган муддат мобайнида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг архивида сақланади. Маълумотноманинг амал қилиш муддати — уч ой.
Тиббиёт муассасасининг масъул ходими тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича маълумотнома беришда никоҳланувчи шахсга аниқланган касалликларнинг никоҳ тузилгандан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатларини тушунтиради. Тиббий кўрикдан ўтган шахс ўтказилган тушунтириш тўғрисида Маълумотномаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарига имзо қўяди».
Агар никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида уларнинг биттасида ёки ҳар иккаласида назарда тутилган касаллик аниқланган тақдирда, никоҳни қайд этиш томонларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлиги тасдиқлангандан кейин амалга оширилади.
Никоҳни қайд этувчи шахслар тиббий кўрик натижалари тўғрисидаги ахборотнинг махфийлиги учун жавоб берадилар.
Кўрикни ўтказган врач қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрик натижаларининг холислиги учун шахсан жавоб беради.