Заголовок страницы

Турон халқларининг ахоманийлар босқинига қарши курашига раҳбарлик қилган жасур саркарда. Қадимги юнон тарихчиси Геродотнижнинг «Тарих» (мил. ав. V-аср.) асарида ёзилишича, Ахомонийлар давлати асосчиси Кир IIмиллоддан аввалги 530 йуилда Туронга бостириб кирганида, Тўмарис массагетлар подшосининг хотини, қабиланинг маликаси бўлган. Массагетлар бу пайтда Амударё (Аракс) бўйлари ва Қизилқумда яшашган. Эрининг вафотидан сўнг давлатни Тўмарис бошқарган.
Эрондан келган босқинчилар қўшини билан массагетлар ўртасида шиддатли жанглар бўлган. Дастлабки жангда Тўмариснинг ўғли Спаргалис (Сипарангиз) бошчилигидаги массагетлар ғолиб чиққан. Бироқ кейинги жангда форслар ҳийла йўли билан Спаргалис ва унинг  кўплаб аскарларини асир олишганда, ор-номусга чидай олмаган Спаргалис ўз жонига қасд қилган. Тўмарис ўғлининг вафоти ҳақидаги хабардан эсанкираб қолмайди, ўз халқининг манфаатини ўйлаб, Кир II дан массагетлар юртидан чиқиб кетишини сўрайди. Бироқ форслар шоҳи рад жавобини беради. Икки ўртада аёвсиз жанг бўлади. Геродот массагетлар ва форслар ўртасидаги жанг тафсилотларини ўз асарида қуйидагича тасвирлайди: «Менинг билишимча, бу жанг варварлар ўртасидаги барча жанглардан ҳам дахшатли бўлди. Аввал ҳар иккала қўшин бир-бирини узоқ масофадан туриб, камондан ўққа тутдилар. Камон ўқлари тугагач, улар найза ва қилич билан курашдилар. Жанг узоқ вақт давом этди. Кўп қон тўкилди. Ниҳоят, массагетлар ғалаба қозондилар. Форс қўшинларининг асосий қисми, жумладан, Кир II ҳам жанг майдонида ҳалок бўлди. Маликанинг буйруғи билан Кир II нинг  кесилган боши инсон қони билан тўлдирилган мешга солинган».
Тўмариснинг жасорати, ҳарбий-сиёсий фаолияти ҳақида халқ достонлари яратилди, жангнома ва ривоятлар тўқилди. Эргаш Жуман булбул ўғлидан Ҳоди Зарифов ёзиб олган «Ойсулув» достонида Турон мамлакатининг подшоси Ойсулув образида Тўмарис фаолияти ўзининг бадиий талқинини топган. Ёзувчи Миркарим Осим «Тўмарис» қиссасида маликанинг жасоратини улуғлаган. Иброҳим Юсупов «Тўмарис» (1974) достонини ёзган, композитор Улуғбек Мусаев шу номли балет (1982)ни саҳналаштирган. Ўзбекистонда аёллар ўртасида «Тўмарис ўйинлари» фестивалиўтказилган.