• Телефон:+998 (71) 239-40-42
  • Манзил: Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси 30 уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00

Тест режими

Меню

Оила қураётганлар учун

ОИЛА ҚУРИШ ТАРТИБИ

  1. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарорига 1-Иловасида Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида кўрсатиб ўтилган;
  2. Ўзбекистон Республикаси 30.04.1998 йилда қабул қилинган Оила Кодексида ҳам кўрсатиб ўтилган.

Никоҳни қайд этиш

Никоҳни қайд этиш тартиби, вақти ва жойи

 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 14 ва 15-моддаларига мувофиқ, никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари ва уларнинг никоҳ ёшига етганликлари никоҳ тузишнинг асосий шартлари ҳисобланади.

Узрли сабаблар мавжуд бўлганда, алоҳида ҳолатларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши — эмансипация), никоҳ тузишни хоҳловчи шахсларнинг илтимосига кўра, никоҳ тузилганлигини қайд этиш жойидаги туман, шаҳар ҳокими томонидан никоҳга кириш ёши бир йилдан кўп бўлмаган муддатга камайтирилиши мумкин.

Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.

ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг никоҳ тузилганлигини қайд этиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда эллик ёшгача никоҳ тузувчи шахслар ОИВ-инфекцияси юзасидан тиббий текширувдан мажбуран ўтиши керак.

Алоҳида ҳолларда, истисно тариқасида (агар ота-онаси ва никоҳга кираётган ёшлар Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларида ёхуд унинг ташқарисида яшаб турган бўлсалар) никоҳланувчи шахсларнинг илтимоси ва отаси ёки онасининг ёзма аризасига кўра никоҳ ота-онасининг ёки улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органида ҳам қайд этилиши мумкин.

 ФҲДЁ органи мудири узрли сабаблар бўлганда ҳамда аризачиларнинг илтимосларига кўра бир ойлик муддатни қисқартириши мумкин.

Бунда узрли сабабларни тасдиқловчи — болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, тиббиёт муассасасининг келиннинг ҳомиладорлиги ҳақидаги маълумотномаси, хизмат сафари тўғрисидаги гувоҳнома ва шу каби ҳужжатлар кўрсатилади.

 Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.

 Белгиланган намунадаги ариза никоҳланувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида тўлдирилади ва барча саволларга аниқ ва тўлиқ жавоблар берилиши керак. Ариза аниқ, тушунарли дастхат билан ёзилиши лозим.

 ФҲДЁ органи аризани қабул қилаётганда никоҳланувчиларга никоҳ тузиш тартиби ва шартларини, келгусида эр-хотин ва ота-она сифатида вужудга келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириши ва бир-бирининг саломатликлари тўғрисида ва оилавий аҳволи тўғрисида хабардор эканликларига ишонч ҳосил қилиши керак.

Никоҳланувчилар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни яшириш оқибатлари тўғрисида огоҳлантирилади.

 Агар никоҳ тузувчи шахсларнинг оталик белгиланмаган биргаликдаги болалари бўлса, у ҳолда ФҲДЁ органи уларга оталикни белгилаш тартибини тушунтириши лозим.

Қонун никоҳланувчи шахслардан ҳатто биттаси илгари қайд этилган никоҳда турган шахслар ўртасида никоҳ тузилишини тақиқлаши сабабли аризани қабул қилиш вақтида ФҲДЁ органи шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича аризачиларнинг қонуний никоҳда туриш-турмаслигини текшириб кўриши керак.

Илгари никоҳда бўлган шахс ФҲДЁ органига аввалги никоҳи бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши керак. Бу — никоҳнинг бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки суд қарори, эрнинг (хотиннинг) ўлими ҳақидаги гувоҳнома ёхуд суднинг никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳақидаги қарори бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига мувофиқ:

лоақал биттаси қайд қилинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.

ФҲДЁ органи никоҳни қайд этиш вақтини белгилаётганда никоҳдан ўтувчилардан уни тантанали вазиятда, шу жумладан жойига борган ҳолда ўтказилишига розилигини аниқлаши лозим. Тантанали равишда қайд қилиш ёки жойларга чиққан ҳолда қайд қилиш фақат никоҳ тузувчиларнинг хоҳишларига кўра жойига борган ҳолда ўтказилади. Никоҳланувчи шахсларнинг истакларига биноан никоҳ уларнинг қариндошлари ва танишлари иштирокида қайд этилади. Никоҳни қайд этишда никоҳланувчи шахслар томонидан белгиланган сонда гувоҳлар иштирок этиши мумкин.

 Никоҳга кириш ҳақидаги аризани беришда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, яъни паспорт, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки ҳарбий билети кўрсатилиши керак.

 Агар никоҳ тузишни хоҳловчи ҳарбий хизматчи никоҳга кириш ҳақидаги аризани хизматни ўтаётган жойида берса, у ҳолда тегишли ҳарбий қисм ёки муассаса жойлашган манзил ҳарбий хизматчининг яшаш жойи ҳисобланади.

 Агар бирон-бир сабаб билан никоҳ тузувчиларнинг иккаласи айни бир вақтда келиши имконияти бўлмаса, у ҳолда ФҲДЁ органига аризани улардан бири бериши мумкин, бу ҳолда кела олмаган шахснинг имзоси белгиланган тартибда тасдиқланган бўлиши лозим.

 Никоҳга кириш ҳақидаги ариза аризалар ҳисобга олинадиган махсус дафтарда қайд этилиши керак.

 Никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади. ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигига ҳамда ушбу текширувларнинг натижалари тўғрисида уларнинг хабардор эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 13-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Никоҳнинг ишончнома бўйича ёки вакил орқали, шунингдек тиббий текширувдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома бўлмаганда қайд этилишига йўл қўйилмайди.

ФҲДЁ органлари ходимлари никоҳни қайд этиш вақтида ўзларига маълум бўлган шифокорлик сирларидан иборат бўлган маълумотларни ошкор этганлиги учун белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 Никоҳланувчилардан бири бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмайдиган истисно ҳолларда никоҳ тузилганлиги шифохонада, уйда ёки бошқа тегишли жойда, никоҳланувчи иккала шахснинг иштирокида қайд қилинади. Далолатнома ёзувининг «Белгилар учун» устунида бу ҳақда тегишли белги киритилади.

 Агар ФҲДЁ органига ушбу Қоидаларнинг 81-бандида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги ҳақида ариза тушган бўлса, никоҳни қайд этиш бошқа муддатга қолдирилади. Бунда аризачига белгиланган муддатда зарур далилларни тақдим этиш тавсия қилинади. ФҲДЁ органи манфаатдор шахснинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан зарур текширув ўтказиши мумкин. Никоҳни қайд этиш вақти кейинга сурилганлиги ҳақида аризачилар хабардор қилинади. Никоҳни қайд этишга тўсиқ бўлувчи қонуний ҳолатлар мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи уни қайд этишни рад қилади. Агар мазкур маълумотлар тасдиқланмаса, у ҳолда никоҳни қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади. Юқорида қайд этилган ҳолатларни текшириш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.

Никоҳ тузилганлигини қайд этишда никоҳланувчи шахслар ўз хоҳишларига кўра иккаласидан бирининг фамилиясини умумий фамилия сифатида танлашлари ёки ўзларининг никоҳгача бўлган фамилияларида қолишлари мумкин.

Никоҳланувчилар фамилияларининг қўшилиши орқали ҳосил бўлган фамилия умумий фамилия сифатида танланиши мумкин.

Эр ва хотиннинг паспортларига ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларига штамп қўйилади ва никоҳнинг тузилган вақти ва жойи, далолатнома ёзуви рақами, эр (хотин)нинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили ёзиб қўйилади.

Никоҳланувчилардан бири эр ёки хотиннинг фамилиясини қабул қилса, у ҳолда паспортини алмаштириши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилади ва паспортга бу ҳақда белги қўйилади.

Ҳарбий хизматга мажбур бўлган ёки ҳарбий хизматга чақирилувчининг никоҳи қайд этилганлиги сабабли фамилияси ўзгартирилганда ФҲДЁ органи 7 кун мобайнида бу ҳақда ҳарбий хизматга мажбур бўлган ёки ҳарбий хизматга чақирилувчи рўйхатда турган туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига хабар қилади.

Никоҳни қайд этганлик учун белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.

Никоҳ тузишнинг белгиланган қоидалари бузилганда, шунингдек ғаразли мақсадни кўзлаб тузилган никоҳ суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилади.

Суднинг никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида ФҲДЁ органи никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига бу ҳақда белги қўяди ва Агентлик бошқармасининг ФҲДЁ архивига хабарнома юборади.

(94-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 августдаги 638-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2018 й., 09/18/638/1690-сон)

Собиқ эр ёки хотиннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига суд томонидан худди шундай белгилар қўйилади. Никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда никоҳ тузилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech