• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

...Ҳамма ишни қалбни тозалашдан бошлаш зарур

Сана

Бугун ҳамма ишни қалбни тозалашдан бошлаш зарурлигини инсониятга уқтириб кетган, либос маданиятини янги босқичга кўтарган аёл, француз маданий ҳаётининг ажралмас бўлаги бўлган оддий ва улуғвор хоним Коко Шанель туғилган кун!

“Кучли инсонлар оддий бўладилар”, деган гап бор. Шарқнинг буюк шоираси Зебунисобегим “Шоҳ қизи бўлсам-да қилдим фақир йўлин ихтиёр, бас менга бу зебу зийнатким, отим Зебинисо” деганда ушбу ҳақиқатни исботлаган бўлса, мода тарихи асосчиси Коко Шанель чексиз молиявий имкониятларига қарамасдан, “Ҳашамат — қашшоқликнинг зидди, деб ҳисоблашади. Йўқ, ҳашаматнинг зидди беадабликдир”, дейди.

Нега Коко?

Габриэль Бонёр Шанель (1883-1971) — француз дизайнери ва тадбиркори, ХХ асрнинг аёллар модаси асосчиларидан бири. У 1883 йил 19 августда Франциянинг Сомур шаҳрида туғилган.

Либос яратишдан ташқари санъатга меҳри ўзгача бўлган 18 ёшли қиз, айниқса, “Ко ко ри ко” ва “Кви ква ю Коко” номли француз миллий қўшиқларини маҳорат билан ижро этарди. Шу боис кўп ўтмай, мухлислари уни қўшиғига мослаб, Коко дея чақира бошлайди.

 

Ноаниқ тақдир соҳибасининг аниқ келажаги

12 ёшга қадам қўйганида онасидан айрилади, отаси ака-ука ва сингиллари билан бирга Габриэлни ҳам болалар уйига топширади. Ўшанда қисмати ноаниқ бўлган бу қизалоқни аниқ келажак, яъни ўша даврдаги камбағал қизлар сингари хизматкорлик қисмати кутаётганди. Аммо мўъжизани кўрингки, тақдири олийнинг ҳиммати билан уни олдинда катта шон-шуҳрат қарши олди.

У айнан болалар уйида тикиш-бичиш тўгарагига қатнаб, дизайнерлик соҳаси сирларини ўргана бошлайди ва улғайиб мода оламини бутунлай ўзгартириб юборади, аёллар модасига ўзгача услуб олиб киради. У аёллар либосида худди эркаклар кийимига ўхшаб, ихчамлик ҳамда қулайлик яратди. Аёллар кўйлаги бичимини жуда мураккаб ва ноқулай ҳисоблаган Шанель корсет ҳамда қатма-қат бурмаларни оддийликка алмаштиради.

У мода олами учун катта мерос қолдирди. Ҳатто 70 ёшли Коко Шанель яратган янги бичимдаги аёллар костюми энг инжиқ хонимларнинг ҳам орзусидаги либосга айланди.

 

Коконинг инновацияси ва классикаси

Шанелнинг мода тарихига киритган янгиликлари талайгина ва аксарияти шу пайтгача оммабоплигини йўқотмаган.

1908 йили Шанель хоним туфайли урфга кирган калта кесилган соч турмаги мода тарихида чуқур из қолдирган.

1913 йилда илк бор пляж кийими тўпламини яратган.

1918 йили кардиган камзулини ўйлаб топди.

1920 йилда мода тарихига кундалик либослар билан ҳам тақиш мумкин бўлган сунъий тошли тақинчоқлар ғоясини киритди.

1921 йилда ёқаси мўйнали пальто ҳамда янги ифорли атирни ихтиро қилди. Илк бор шимни кундалик либос сифатида урфга киритган ҳам Шанель хоним бўлади. Бу билан у модани 40 йил олдинга илдамлаштиради.

1926 йили оддий кўйлак-халат андозасидан эркакча кўйлак бичимли либос яратади. Бу кўйлакнинг этак қисмига тўғри ёки бурмаланган юбка улаб тикилгани ҳам унга оригиналлик бағишлаганди.

Илк бор фирма маҳсулотлари ассортиментида пардоз буюмлари пайдо бўлди. Қатма-қат бурмали юбка яратди.

Мода оламига бўйин ўйиндиси V симон бўлган қора кўйлакни, товони очиқ, учи ёпиқ туфлини, узун занжирсимон тасмали сумкаларни айнан у киритди.

 

Аслан ёлғиз, аслан бечора...

Барча машҳурлар ҳақида бўлгани каби у ҳақда ҳам ҳар қанақа миш-мишлар, ғийбатлар, муҳокамалар кўп. Лекин бировнинг тақдири олдида бошқа бировнинг сўзамоллик қилиши ҳам ноўрин. Чунки одам ўз тақдири олдида ҳам жим ва ожиз қолиши мумкин.

Буюк ўзбек шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг “Инсон аслан ёлғиз, аслан бечора” деган сатрлари бор. Бу сатрлар Коко Шанель умрига ҳам қиёс бўла олади. Афсуски, мода оламининг маликаси умрини ёлғизликда ўтказди. Балки кўнглига таскин, тақдири азалга чора топмагандир. Бу ёғи бизга қоронғи...

Мода оламининг улуғвор хоними 1971 йил 10 январ куни Парижда 87 ёшда вафот этди. “Time” журнали ҳисоботига кўра, вафоти чоғида Шанель яратган мода империясининг йиллик фойдаси 160 миллион долларга тенг эди.

 

Кучли шахс оддийликни улуғлади.

Унинг ҳақиқатан ҳам кучли шахс бўлганига мисол тарзида қуйидагиларни келтириш ўринлидир:

Қашшоқ оилада туғилиб, ҳам тафаккур, ҳам моддий, ҳам қалб бойлигига эришди! “Менинг устозим — муҳаббатдир!” деб қалбини очади у.

Онасидан ва яқинларидан айрилса-да куч ва қувватини меҳнатга сарфлай билди! “Қаршимда учраган тўсиқлар — янги ишлар сари бошлайдиган кўрсаткичларимдир”, дейди у.

Инсониятнинг маданий тарихидаги муҳим йўналишни янги босқичга кўтарди! “Зид фикрлар истеъдодимга туртки бергувчи кучдир” деб лутф қила олди.

У катта бойлик соҳибаси бўлган эса-да оддий ҳаёт тарзида яшаб ўтди, шу билан оддийликни улуғлади. У оддий яшади, худди яратган либослари каби.

 

Коко Шанель сабоқлари

Мукаммал узунликдаги юбка тиззани бекитиши керак.

Мукаммал костюм ўзида эркак ва аёллар либосидаги деталларни уйғунлаштирган бўлади.

Ўзида икки хил ранг — оқ ва қорани уйғунлаштирган пойабзал назокатли кўринади.

Сумка тасмали бўлиши керак. Негаки аёл кишининг қўллари банд бўлмаслиги муҳим.

Зеб-зийнат қулай бўлмаса, у зеб-зийнат эмас. Кечки либосларнинг ҳашамдорлиги улар ноқулай бўлиши керак, дегани эмас.

 Атир либос кабидир. Ундан фойдалана билмаган аёлларнинг келажаги йўқ.

20 ёш бу табиат инъом этган кўриниш, 30 ёш эса ҳаёт тақдим этган кўриниш, 50 ёш эса сен яшаб ўтган умрнинг ҳосиласи.

Сиз мен ҳақимда нима деб ўйлашингиз мени мутлақо қизиқтирмайди. Чунки мен сиз ҳақингизда умуман ўйламайман...

Хунук аёллар бўлмайди, ялқов аёллар бўлади.

Гўзал бўлиш учун ҳамма ишни қалбни тозалашдан бошлаш зарур, агар шундай бўлмаса ҳеч қандай косметик воситалар ёрдам бермайди.

Хафа қилишганда босиқ бўлган, дилини оғритишганда сабрли бўлган аёл энг мукаммал аёлдир.

Барчаси ўзи қўлимизда, шу боис уларни қўйиб юбормаслигимиз зарур.

Кишининг кексалиги уни муҳаббатдан ҳимоя қила олмайди, бироқ муҳаббат кексаликдан ҳимоя қилади.

Биринчи таассуротни қолдириш учун сизда иккинчи имконият бўлмайди.

Аёл учун ёш аҳамиятсиз: 20 ёшдаям латофатли, 40 ёшдаям мафтункор ва ҳатто умрининг охиригача соҳибжамол бўлиб қолиши мумкин.

Ҳеч бир нарса ҳаддан ташқари ҳашамдор кийим каби аёлни кекса қилиб кўрсатмайди.

Бизга гўзаллик эркаклар бизни севишлари учун, аҳмоқлик эса биз эркакларни севишимиз учун керак.

Пули бор одамлар ва бадавлат одамлар бор.

Атир — бу кўринмас, лекин унутилмас, энг мукаммал аксессуар. У аёлнинг келгани ҳақида хабар беради ва у кетганидан сўнг ҳам аёл ҳақида эслатиб туради.

Аёллар нима учун эркакларда бор ҳамма нарсани талаб қилаверишларини тушунмайман. Ахир аёллар ихтиёрида эркаклар ҳам бор-ку.

Ҳақиқий бахт кўп ҳам қиммат турмайди: агар бахт учун ҳаддан ташқари қиммат тўлов қилиш керак бўлаётган бўлса, демак у — сохта.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech