• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ҲАЁТ ФАҚАТ ТАНҚИД ВА КИНОЯДАН ИБОРАТ ЭМАС..

Қадрли саҳифамиз ўқувчилари, кузатувчилари!

 


Албатта, ижтимоий тармоқлар замон зайли билан таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, “айтгани айтган, дегани деган” ҳал қилувчи бир кучга айланиб боряпти. Чунки ижтимоий тармоқлар халқ фикрининг ифодаси тарзида ҳам майдонга келди. Шу боис унда янграётган фикрлар аксарият ҳолларда инобатга олинмоқда ва бу ғоятда тўғри муносабатдир. Лекин, инобатга олиш, муҳим ҳисоблаш ва сўзсиз бажариш муносабатини суистеъмол қилиш ҳоллари ҳам учраб турибдики, одамнинг дили оғрийди.

 


Фикримиз инобатга олинар экан деб ёлғон маълумотни ҳам жойлаштириш, кимнидир ёқтирмаса истаганча ҳақорат қилиш, кимларнидир тақдирини масхаралаш, уят сўзлар ёзиш каби ҳоллар ҳам кўп учрамоқда. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти бўйича нимадир чоралар ҳам кўриш керакдир. Ахир интернет мағзавахона ёки ахлатхона эмаску.

 


Кеча Хотин-қизлар қўмитасига “Зулфияхонимнинг ҳайкали атрофи қаровсизлиги, экилган гуллар сўлиб Зулфия қизларини (совриндорларни) кутиб ўтиргани, бу масалани Хотин-қизлар қўмитаси ҳал қилиши кераклигию лекин Ўзбекистонда бу ташкилотнинг бор-йўқлиги сўроқ остида экани” ҳақида кинояли видеолавҳа ва ёзувлар юборишди.

 


Албатта, шу сўзларни ёзганларнинг ҳам ОНАси бордир, опаси, синглиси бордир?! Токи мамлакатда аёллар бор экан бу ташкилотнинг борлиги ва яшаши табиий ахир. Ўша кинояда ёзилган “башанг кийиниб кўксига медал таққан совриндор қиз” ҳам бировнинг фарзанди, қизи, опаси ахир. Нега ижтимоий тармоқларга танда қўйиб олганларнинг айримлари маърифатсиз одамларнинг “интернетда писиниб олиб кимнидир боплаб қўйиш” деган усулини қўллайверади? Ҳайронсан одам.

 


3 июль куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошида совриндорларни янада фаол бўлишини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуини ташкил этиш учун тузилган Зулфия мукофоти совриндорларидан иборат Ишчи гуруҳ Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бошчилигида “Адиблар хиёбони”га борди.

 

Зулфияхоним ҳайкали ва атрофидаги гулларни, озодаликни кўрди. Гуллар яшнаб ётибди, атроф ҳам тоза. Ҳайкал эса 4 йилча олдин Хотин-қизлар қўмитасининг мурожаати билан таъмирланган эди. Вақт ўтди, иссиқ-совуқ деган табиий жараёнлар бор, албатта ҳайкал заҳа топган бўлиши мумкин, лекин аслида ҳайкалнинг ҳолати ҳам ёмон эмасди. Муҳими эса совриндор қизлар буюк Зулфияхоним ҳайкали атрофини тоза тутиш учун супирги тутиб супиришдан, чангларни артишдан, қисқаси меҳнатдан қочмайдилар. Мадраса тупроғини ялаб олим бўладику инсон, бу ҳам шундай гап-да.

 


Бу бориш ижтимоий тармоққа жавоб бериш учунгина эмас, Зулфияхоним қизлари деган ифтихорли номга сазовор бўлган қизлар энди бундан кейин фаоллашишини, ўша ижтимоий тармоқларда отилаётган тошларга ҳам ўз меҳнатлари ва иқтидори билан жавоб қайтаришини билдириш учун ҳам амалга оширилди.

 


Энди муносабатларни кузатиб борамиз ва фикр билдирамиз. Умид қиламизки, ўзаро маърифатли муносабатларни ўрната оламиз. Ахир ҳаёт фақат танқид ва киноядан иборат эмас! Нима дедингиз?

 


Биз энди Сиз биланмиз, азизлар!

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Қизларжон” клуби

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech