• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш борасида келишиб олинди

Ўзбек ва озар халқлари азал-азалдан қардош ҳамда дўст миллатлар сифатида яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Айниқса, бир-бирини таржимонсиз ҳам тушуна оладиган бу икки миллатнинг адабий муҳит вакиллари ўртасидаги муносабатлар илдизи узоқ тарихга бориб тақалади.

 

Хусусан, ўзбек ва озарбайжон халқларининг муштарак адабий-маданий дўстлик алоқаларида Ганжавийдан тортиб Навоий ижодигача, Фузулийдан тортиб Мунису Огаҳий асарларигача алоҳида аҳамиятга эга. Ўтган асрда юртимизда яшаб фаолият кўрсатган Мақсуд Шайхзода ижоди эса икки миллат адабий оламида ўзига хос ўрин тутади. Самад Вурғун ва Ғафур Ғуломнинг адабий дўстлиги хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.

 

26 сентябрь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида озарбайжонлик машҳур шоира, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, журналист, шифокор Ганира Пашаева билан бўлиб ўтган учрашувда бугунги кунда бу дўстлик алоқалари янгича шукуҳ ва янгича руҳ билан бойиб бораётгани таъкидланди.

 

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Баситханова меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, бугунги сиёсий ва ижтимоий-маданий вазият хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

 

— Барчамиз гувоҳ бўлиб турибмизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият ўзгарди, — деди у жумладан. — Минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. Хусусан, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия билан алоқаларимиз янги сифат даражасига кўтарилди. Шунингдек, жорий йилнинг 14 сентябрида Юртбошимиз томонидан “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуннинг имзоланиши кенг жамоатчилигимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

 

Г.Пашаева самимий қабул учун ташаккур билдириб, ўз дил изҳорларини баён этди. Бугунги тадбирнинг, мушоираю дийдор байрамларининг албатта катта қийматга эгалигини таъкидлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова қадимий ришталарнинг, ўзаро дўстона муносабатларнинг бу каби боғланиши халқларимизнинг адабий диди ўсишига, маърифати юксалишига хизмат қилишини, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси халқаро адабий алоқалар соҳасидаги бу каби тадбирларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда яна давом эттиришга тайёр эканлигини қайд этди.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech