• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

“БОЙЛАРГА ЭМАС, ЯХШИ ФАРЗАНДЛАР ТАРБИЯЛАГАН ОНАЛАРГА ҲАВАСИМ КЕЛАДИ!”

  • Ўзбек қадрияти жаҳон цивилизациясида алоҳида мактаб ва бу мактабни асраб қолиш фақатгина ўзбек давлати ва халқининг ўз қўлида, деб биламан.

 

  • Шахсларнинг қиёфасини уларнинг салоҳияти, истеъдоди, қалби, одамларга бўлган муҳаббати ва меҳнати ҳамда Яратганнинг ўзи берган тақдири яратади, ҳеч қандай пиар, антипиар, махсус гуруҳ, тарғибот, ташвиқот ва ёки матбуот эмас. Чунки моҳият ягонадир.

 

  • Глобализациянинг салбий таъсирини ҳайратланмай қўйган қалбларда, нигоҳларда ва ўз отаси, онаси, Ватани ва қадриятларини инкор этаётган касалманд фикрларда кўриб қўрқиб кетаман.

 

  • Бу дунёда доим бой, бадавлатларга эмас, Ҳақни танийдиган муносиб, яхши фарзандларни тарбиялаган оналарга ҳавасим келади.

 

 

 

  • Маърифатсиз одам йўқ одамдир ва миллат қадриятлари билангина яшаб қолади!

 

  • Мен 9 ёшдалигимда отам юрак хуружи сабаб 35 ёшида оламдан ўтганлар, шундан сўнг менинг барча уринишларим ОНАМНИНГ ХАФА БЎЛМАСЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА қаратилган.

 

  • Онам 30 ёшларида отамдан айрилган бўлсалар-да, яқинларимиз, жигарларимиз, холаларим ва амакиларим, аммаларимнинг ва ҳатто қўшниларимизнинг қуршовида, меҳрида яшадилар. Ҳеч қачон ёлғиз бўлмадилар. Ёлғиз аёлман деб даъвою иддаолар қилмаганлар. Онамни қайғудан асраган нарса ҳам аслида ўзбекона, шарқона қадриятлар эди, десам муболаға қилмаган бўламан.

 

  • Ўқитувчиларим, устозларим ишончига сазовор бўлиш, яхши ўқувчи бўлишга интилиш шу қадар кучли бўлганки, болалигимда оёғим синиб қолганида ҳам мактабга борганман, оғриқни ҳам сезмаганман. Мактабнинг муқаддаслиги, устозлар олдидаги масъулият бизнинг авлодда шунчалар кучли бўлган.

 

  • Зомин туманида халқ таълими мудири бўлган бобом мени илк бор мактабга етаклаб олиб борганларида болалик андишасига бориб, “Нега ҳеч ким танимайдиган бобом мени мактабга олиб келди экан?” деб ўйлаганман. Кейин билсам мактаб директори, ўқув бўлими мудири ва кўп ўқитувчилар аслида бобомнинг шогирдлари экан. Ўшанда мендаги андиша бирдан ғурурга айланиб кетган. Ўқитувчиликнинг фахрли ва муқаддаслиги ҳам ана шунда.

 

  • Мен бориб-бориб қўшничиликдек энг муқаддас бир қадрият ожизланиб ва ҳатто йўқ бўлиб кетишидан жуда-жуда қўрқаман.

 

 

 

  • Менинг боболарим жадидлар билан даврадош, маслакдош ва мақсаддош бўлганлар. Афсуски, маърифатпарвар жадидларимиз ўлдирилганлар ва ўшанда улар жуда ёш бўлганлар. Шу боис улар ёзиши, яратиши мумкин бўлган жуда кўп маънавий мерослардан биз авлодлар бебаҳра қолдик.

 

  • Мен раҳбар, шахс, олима сифатида ҳам ўз шахсий имиджимни яратишга уринмайман, ташқи қиёфа, силлиқ юз, пўрим либос ва фаолиятимнинг қадам-бақадам лавҳалари муҳим эмас, деб ўйлайман. Ва бир оддий аёл, она сифатида эса шу юртнинг бир чеккасида оилам бағрида тинчгина яшаб юраверишим ҳам мумкин эди эҳтимол. Лекин раҳбар сифатида ўзим бошқараётган тизимнинг имиджини яратишга масъул эканимни унутмайман.

 

 

 

 

  • Адабиёт ўқиган одам, ўлим кўрган одам ҳар қандай ҳақорат ва туҳматларда ҳам ўз руҳини асраб қололади.

 

  • Мансабни ҳар куни одамларга яхшилик қила олиш имконияти, деб биламан.

 

  • “Умр — тез оқар сув” дейишади, мен тез оқса ҳам тоза, пок ва озорсиз оқсин дейман.

 

 

 

 

  • Хотин-қизлар қўмитаси тизимига ўз онасига бўлган муносабат ва нигоҳ билан қараган маъқул, деб биламан. Онамиз касал бўлганида уларга дори тутганимиз каби Қўмитанинг хаста нуқталари, яъни аёлларимиз муаммо ва дардларини ўз вақтида илғай олмаётган ҳолатларида унга ҳам ўз таклифларимиз билан кўмак беришимиз — онамизни даволатгандек иддаосиз ҳодиса бўлади, деб ўйлайман.

 

  • Шарқона муносабатлар муносабатларнинг энг олийси ва энг гўзалидир.

 

 

 

 

Эльмира БОСИТХОНОВА,
сенатор, Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг ўринбосари,
Хотин-қизлар қўмитаси раиси,
тиббиёт фанлари доктори.

 

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech