• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

“Ҳеч нима бермаган Ўзбекистон” берган имкониятлар

“Daryo.uz” сайтида 2019 йил 25 июль куни эълон қилинган “Андижондаги кўзбўямачиликда алданган аёл бир умрга Россияга кетишга қарор қилди” ҳамда 2019 йил 29 июль куни берилган “Андижондаги кўзбўямачиликда алданиб, бир умрга Россияга кетишга қарор қилган аёл ўз жонига қасд қилишга уринди” сарлавҳали суҳбатни ўқиб баъзи мулоҳазаларни, маълумотларни тақдим этишни маъқул топдик.

 

 

Суҳбат қаҳрамони Муяссар Раҳимова 1989 йили туғилган, айни кучга тўлган ёшда. Андижон шаҳрининг “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Амир Умархон кўчаси, 11-уйда фуқаролик рўйхатида бўлган. ҳамшаҳри Шерзод Юнусовга қонуний никоҳни расмийлаштирмасдан турмушга чиққан.

 

 

Уч нафар фарзанди бор. Қизи Абдуғаниева Аидахон Шерзодбек қизи 2010 йилда туғилган, бу йил шаҳардаги 2-мактабнинг 3-синфини тамомлади. Ўғиллари Абдуғаниев Асадулло Шерзодбек ўғли 2014 йилда, Абдуғаниев Шаҳбоз Шерзодбекович эса 2017 йилда таваллуд топган. Муяссар оиласидан ажрашган дастлабки ойларда ота-онасининг хонадонида яшаб келган. 2 ойдан буён Андижон шаҳар, “Қўшариқ” МФЙ 17-уй, 20-хонадонда фарзандлари билан ижара асосида яшамоқда.

 

 

Сайт мухбирининг “Ҳаётнинг турли тўсиқларига учраган, бошидан кўп савдоларни ўтказган сиз каби аёлларга олдидаги синовларни енгиб ўтиш учун Ўзбекистонда имконият бор, деб ўйлайсизми?” деган саволига “менга Ўзбекистон ҳеч нима бермади деб ўйлайман”, дея жавоб қайтарган андижонлик Муяссар Раҳимовага аслида Ўзбекистон ва ислоҳотларимиз кўп нарса берган.

 

 

Марҳамат, қуйидаги фактлар билан танишинг:

 

 

— Муяссар Раҳимова ҳамда унинг ноқонуний никоҳ асосида яшаган турмуш ўртоғи Шерзод Юнусов истиқомат қилган уй-жой Шерзоднинг отаси Абдуғани Юнусовнинг номида бўлган ва 2014 йилнинг 25 июнь куни олди-сотди шартномаси нотариал тартибда тасдиқланган. Уй-жой бузилишга тушганидан сўнг бу уй учун “Хидирша” массивида янги барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” МФЙдан 106-коттеж ажратилган. Ўша пайтларда оилавий келишмовчилик сабабли Муяссар Раҳимовадан ажрашган Ш. Юнусов бошқа аёлга уйланган ва ҳозирги пайтда шу оилага ажратилган коттежда яшаб келмоқда (тушунтириш хати мавжуд).

 

 

— Ўз ҳаётини қуришда қоқилган, фуқаролик турмушидан сўнг уйсиз-жойсиз қолиш хавфи бўлган М. Раҳимовани шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳимоясига олиб, 2018 йил 12 октябрь куни уни Андижон шаҳрида жойлашган “Андижон минтақавий Пахта терминали” МЧЖ қошидаги “Мустақиллик” тикувчилик мажмуасига тикувчи сифатида ишга жойлаб қўйган.

 

 

— Муяссар ишга кирган кунидан бошлаб жами 70 (етмиш) кун меҳнат қилган холос. Буни идоранинг келди-кетди дафтари ҳам тасдиқлайди. Жумладан, 2018 йил октябрь ойида 3 кун, ноябрь ойида 12 кун, декабрь ойида 19 кун, 2019 йилнинг январь ойида 9 кун, февраль ойида 16 кун, март ойида эса 5 кун, апрель ойида 6 кун корхонага ишга келганлиги ишчиларнинг иш вақтини ҳисобга олиш жадвали (табель)да ҳам қатъий белгилаб қўйилган.

 

 

Унинг шу даврда жами ишлаган ойлик иш ҳақи 3 миллион 427 минг 524 сўмни ташкил этган. Шундан 2018 йил ноябрь ойида 225 минг сўм, декабрь ойида 405 минг сўм, 2019 йил январь ойида 200 минг сўм, февраль ойида 200 минг сўм, жами 1 миллион 30 минг сўм иш ҳақи олган. Пенсия жамғармаси учун жами 171 минг 948 сўм жамғарилган. Қолган 2 миллион 397 минг 524 сўм миқдордаги иш ҳақи эса уй-жойга дастлабки тўлов учун йиғиб борилган.

 

 

— Муяссар Раҳимованинг ўз розилиги билан 2019 йилнинг 15 февраль куни Андижон шаҳрида янги барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғинида қуриладиган кўп қаватли уйлардан ипотека кредити асосида 3 хонали квартира учун “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ билан 2/5-сонли шартнома тузилган.

 

 

— Уй-жойга бошланғич бадал сифатида унинг (ишламаган) иш ҳақидан ўтказилган 2 миллион 397 минг 524 сўм маблағ Муяссарнинг шу йил 13 июнь куни ўзи ҳамда фарзандининг саломатлиги яхши эмаслиги ва моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги учун кўмак сўраб қилган мурожаатига асосан қайтариб берилган.

 

 

— Муяссарнинг уй-жойсиз қолиб кетмаслиги учун корхона томонидан 2019 йил 22 май куни 14 млн. 800 минг сўм, 28 июнь куни 1 млн. 200 минг сўм, жами 16 миллион сўм “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғинида қуриладиган кўп қаватли уйлардан ипотека кредити асосида 3 хонали квартира сотиб олиш учун тўлаб берилган. Ушбу уй-жойлар сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, айни кунларда ҳам бу ерда қурилиш ишлари қизғин кетмоқда.

 

 

— М. Раҳимова ишлаётган даврида унинг 2 нафар фарзанди 19-мактабгача таълим муассасасида имтиёзли асосда тарбияланган.

 

 

— Муяссар бир пайтлар қонуний никоҳни расмийлаштирмасдан оила қурган турмуш ўртоғи Шерзод Юнусовдан 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент олиб келмоқда. Хусусан, жорий йил февралидан то ҳозирги кунга қадар Муяссар собиқ эридан 2 миллион 772 минг 302 сўм алимент олган.

 

 

— “Ўзбекистондан ҳеч нарса кўрмадим”, деган бу аёл 2018 йил 3 июль куни “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг вилоят бўлими томонидан қандолатчиликни ривожлантириш мақсадида 17 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган. Аммо афсуски, бу маблағни мақсадсиз сарфлаган ва кредит фоизи ҳамда танини қайтармай келмоқда.

 

 

— У фарзандларининг саломатлиги учун кўмак сўраганида вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказидан жой тайёрлаб қўйилган, лекин кейинчалик у болаларини даволатишни рад этган.

 

 

— Муяссар Раҳимова ҳозир ҳам корхона ишчиси ҳисобланади. У билан тузилган меҳнат шартномаси унинг оилавий ҳолатини эътиборга олган ҳолда ва уни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ҳали ҳам бекор қилинмаган.

 

 

Гар нолисам...

 

 

Ўзбек аёли оқилалиги, ҳар қандай муаммони ечишда маърифий ёндашуви, шукроналик туйғулари устунлиги билан дунё аёлларидан ажралиб туради. Хотин-қизларимизнинг ана шу юксак фазилати ҳеч қайси замонда ўз қийматини йўқотмайди.

 

 

Яна бир нарсани унутмаслик керак, давлат томонидан қилинаётган барча ижтимоий ёрдамлар инсоннинг ҳаётини озгина бўлса-да енгиллатишга хизмат қилиши лозим, лекин уни мутлақ ва умрбод давлатга юкиниб яшашга ўргатиши керак эмас. Ижтимоий ҳимоя борасидаги ислоҳотлардан тўғри хулоса чиқара олган фуқаролар ўша давлатнинг бойлиги ҳисобланади, аксинча бўлса, аҳвол чигаллашади.

 

 

Тўрт мучаси соғлом аёлларимизнинг бу каби “бер, бер” муносабатлари имконияти чекланган, ё оёғи, ё қўлидан ажраган, жисмонан ожиз бўлса-да “Менга ожизга қарагандек қараманглар, мен ўз тақдиримни ўзим яратаман ва бу йўлда давлатимга суянаман холос”, деган сўзларни айтаётган, Ҳазрат Румий бобомиз таъкидлаганларидек “Учмоққа қанот йўқ, вале учгайман” дегувчи юрагида шукронаси бор аёлларни ёдингга солаверади. Шундай аёллардан бири самарқандлик Соҳиба Қувонованинг ҳақиқий қаҳрамонлик мужассам ҳаёти барчага ибрат бўлса керак. (Соҳиба Қувонова ҳақидаги лавҳа: https://youtu.be/o1XVIpeHxOI )

 

Андижонлик Муяссарнинг энг оғир хулосасига изоҳ:

 

 

“...Фарзандларим, майли, Россияда худбин бўлиб улғайсин, лекин ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган инсон бўлсин....Майли, Россияда, ёмон бўлса ҳам, ўзини севувчи бўлиб ўссин. Лекин у ерда ўзини ҳурмат қилишни, қадрлашни, хўрлатиб қўймасликни ўрганади”.

 

 

Аввало, бола Россияда худбин бўлиб ўсади, деган қарашнинг ўзи ғалати. Қолаверса, бирор юртга бориб ишлаш — инсоннинг шахсий ҳуқуқи. Мамлакатимизнинг эса қонуний йўл билан, қонуний асосларда ишлаб пул топиш борасида ўрнатилган тартиблари мавжуд. Шунингдек, ноқонуний асосда хорижга ишлагани чиқиб, хору зорликда қолиб кетаётган айрим юртдошларимизнинг оғриқли тақдирларига ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Бугун Ўзбекистон ўз фуқаролари, айниқса, аёллари ўз юрти бағрида яшаши учун имкон қадар барча чорани кўрмоқда. Бироқ умумий бахтиёрликка эришиш — мураккаб жараён. Муяссарга тавсия қилинган иш, маош уни қониқтирмаётган бўлса, у ҳам четда ишлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Бу борада ҳам масъул ташкилотлар унинг ёнида туради.

 

Муяссарнинг энг тўғри хулосаси ва маслаҳати:

 

 

“... Оила — бу энг катта неъмат экан. Ҳаммага ҳам ишонмасдан, етти ўлчаб, бир кесиб ҳаракат қилиш энг тўғри йўл экан. Ҳар қандай шароитда бўлмасин, шаръий никоҳ билан турмуш қуришни ҳеч кимга маслаҳат бермайман. Бунинг ортидан жуда кўп қийинчиликлар келаркан”.

 

 

Муҳими, Муяссар Раҳимова ҳам ўз хатосини тушуниб етибди. Бу энг тўғри хулоса ва бунга амал қилиш ҳамма учун фойдадан холи бўлмайди.

 

Яна бир изоҳ

“Daryo.uz” сайтида 2019 йил 29 июль куни эълон қилинган “Андижондаги кўзбўямачиликда алданиб, бир умрга Россияга кетишга қарор қилган аёл ўз жонига қасд қилишга уринди” сарлавҳали суҳбатда ҳам ислоҳотлардан норозилик хулосалари, нотўғри маълумотлар берилган. Бу борада Андижон шаҳар ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилди:

 

 

—Муяссар Раҳимова 2 ойдан буён Андижон шаҳар, “Қўшариқ” МФЙ, 17-уй, 20-хонадонда ижара асосида истиқомат қилаётган бўлган. 2019 йил 23 июль куни Муяссар Раҳимова ижара асосида яшаётган мазкур уйида ҳушсиз ҳолатда топилган. Шаҳар прокуратураси, МФЙ ходимлари ушбу ҳолат юзасидан у яшаётган хонадонга келганда, 10 яшарлик қизи онасининг узоқ соатлар давомида уйғонмаётганлигини билдирган. Мазкур ҳолат юзасидан М. Раҳимованинг онаси ўз билдиргисида қизи Муяссар ўзаро оилавий келишмовчилик туфайли онаси билан аразлашиб қолиб, ижарада яшаётган уйига келиб, турли номдаги дори воситаларини бирданига ичиши натижасида ҳушини йўқотганлигини баён этган (Билдирги мавжуд). Шаҳар прокуратураси ушбу вазият юзасидан суриштирув ишларини бошлаган, айни пайтда М. Раҳимованинг соғлиғи қониқарли.

 

 

— Муяссар Раҳимованинг ҳолидан хабар олиш ҳамда унга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2019 йил 29 июль куни Андижон шаҳар ҳокими Д. Рахматуллаев у яшаётган хонадонга ташриф буюрди. Ҳоким томонидан М. Раҳимовага озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб, бандлигини таъминлаш юзасидан Андижон шаҳридаги “Динар текстиль” корхонасига тикувчи вазифасига ишга жойлаштириш ҳамда 1 миллион 700 минг сўмликдан 2 миллион сўмликка қадар кафолатланган ойлик иш ҳақига эга иш ўрни тавсия этилди. Шунингдек, 2017 йилда туғилган фарзанди Абдуғаниев Шаҳбоз Шерзодбековични Андижон шаҳридаги 69-мактабгача таълим муассасасига имтиёзли жойлаш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

 

 

— М. Раҳимованинг турмуш ўртоғи Шерзодбек Юнусов билан шаҳар ҳокимлиги мутахассислари суҳбатлашиб, 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулларини доимий тўлаб бораётганлиги, оиласидан хабар олиб туриши юзасидан сўралганда, Ш.Юнусов ҳозирги пайтда ишлаётган 45-умумтаълим мактабидан фарзандлари учун алимент пуллари тўғридан-тўғри йўналтириб қўйилганлигини билдирди. Шунингдек, М. Раҳимова рози бўлган тақдирда 2 нафар фарзанди — 2014 йилда туғилган Абдуғаниев Асадулло Шерзодбек ўғли ва 2017 йилда туғилган Абдуғаниев Шаҳбоз Шерзодбековичларни ўз тарбиясига олиш учун тайёрлигини билдирди.

 

 

— “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси”нинг собиқ кадрлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Мавлуда Нишонова билан ҳам шаҳар ҳокимлиги мутахассислари суҳбатлашиб, М. Раҳимованинг уйига нима учун борганлиги, унга шаҳар уй-жой бўлими бошлиғи вазифасида ишлаётганлиги юзасидан маълумот берганлиги М. Нишоновадан сўралганда, у М. Раҳимованинг онаси билан ўртадаги шахсий масаласи юзасидан чақириб, унга тегишли бўлган кўрпа (матрац)ни олиб кетишини айтганлигини ва шу туфайли Муяссар Раҳимованинг онасини уйига унинг таклифи билан келганлигини, ташриф чоғида ҳеч қандай уй-жой бўлими ҳамда бошқа гап-сўзларни айтмаганлигини билдириб, ўз тушунтириш хатида баён қилган (Тушунтириш хати мавжуд).

 

 

— М. Раҳимова “Daryo.uz” сайтида баён этган Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ҳокимият балансидаги муниципиал тураржой фондлари ва ётоқхоналарини бошқариш хизмати давлат унитар корхонаси директори этиб, шаҳар ҳокимининг 2008 йил 2 апрелдаги 389-К сонли қарорига асосан, Парпиев Дилмуроджон Рустамбек ўғли тайинланган ҳамда ҳозирги кунга қадар ушбу вазифада Д. Парпиев фаолият юритиб келмоқда.

 

 

Бугунги кунда мазкур унитар корхонага 17 900 нафар уй-жойга муҳтож фуқаролар ариза билан мурожаат этган бўлиб, улардан 3117 нафари энг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда уй-жойи йўқ бўлган хотин-қизларни ташкил қилса, 1-гуруҳ ногиронлиги бор ёки сурункали касалликка чалинган оила аъзоси бўлган, 3 ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган, боқувчисини йўқотган 97 нафар (ногирон) уй-жойсиз хотин-қиз 2019 йил давомида алоҳида рўйхатга олинган.

 

 

Кўриниб турибдики, кўмакка муҳтож юртдошларимиз ҳам, қилинадиган ишлар ҳам кўп.

 

Хулоса

 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугун чиндан ҳам ўз Ватанидаги ислоҳотлар ривожига ёрдам бераман деган сўз одамлари Муяссархон каби қийналган аёлларга уни юртида қолишидан кўра кетишига даъват қиладиган, одамда яхши турмуш учун курашувчанликдан кўра, боқимандаликни, ислоҳотлардан норозиликни уйғотадиган кайфиятни сингдирмасдан, “танганинг ҳар икки томони”га адолат кўзи билан қарасалар, фойдадан холи бўлмасди.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech