• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Қишлоғини шаҳарга алишмайдиган бахтли аёллар ёхуд манзил ҳайратлари...

Саёҳатимиз дунёни ҳайратлантирган маконларга боришга дастлабки қадам эканини билмаган эдик.

 

Гуруҳимиз билан Навоий шаҳри четидаги, кичкина темир йўл вокзалига етиб борганимизда, ҳеч кимнинг кўзида қувонч ёки ҳайрат йўқ эди.

 

Навоий шаҳри юртимизнинг бошқа шаҳарларидан анча кичкина экан. Йўлга чиққанимиздан кейин бир неча дақиқада шаҳар манзаралари тугаб, қишлоқ уйлари кўринганидан ҳам буни билса бўлади. Бу қиёфа ҳам тезлик билан кўз ўнгимиздан ўтиб, чўл бошланди.

 

Ҳар замонда бир-иккита саксовул ёки қўйлар суруви кўринади, холос. Йигирмадан зиёд ОАВ ходимлари бир-бирига қарайди, “Қаерга борар экамиз? Бу саҳро қачон тугайди? Ҳаммаёқ чанг бўлиб кетди, йўлнинг охири борми?” каби безовта ва норози овозлар ҳам янграгани табиий, албатта.

 

Шунда бизга ҳамроҳлик қилаётган Навоий вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси вакили Дилшод Хўжаев атрофга тегишли қизиқарли маълумотлар билан бизни таништирди.

 

— Биз ҳозир Кармана туманидан ўтиб бормоқдамиз. Бу ерда ЮНЕСКОнинг маданий мерослар объекти рўйхатига кирадиган бир нечта тарихий обидалар ва манзиллар бор.

 

Мавлоно Ориф Деггароний, Қосим шайх, Сардоба, Малик Работ қўрғони шулар сирасидандир.

 

Бу каби таърифлар айтилаётган фурсатда автомобилимиз анча йўлни босиб қўйди. Шу тариқа Навбаҳор тумани ҳудудларига етиб келдик.

 

Бу манзилдаги Сармишсой дарасининг тарихи қадим минг йилликка бориб тақалар экан. Қадимги ҳаёт тарзини акс эттирган петрографлар дунёда машҳур бўлгани боис кўплаб сайёҳлар келар экан.

 

Шунга мос тарзда замонавий дам олиш масканлари ташкил этилгани ҳақида билиб олдик. Ундаги чашманинг уч йўналиши борлиги, бири Нурота туманида бўлса, иккинчиси Деҳибаланд қишлоғида ва учинчиси Оқтепа дам олиш масканида жойлашган бўлиб, шифобахш хусусияти билан ажралиб турар экан.

 

 

Шу тариқа Ғозғон шаҳри ҳам бошланади. Чўлда барпо этилаётган бу катта қурилиш майдони сароб эмас, ҳақиқат экан. Ҳозирги пайтга қадар вилоятда саккизта туман ва иккита шаҳар бўлган бўлса, энди кўз ўнгимизда учинчи шаҳар барпо этилиш арафасида.

 

Бу ҳудудда Шоҳимардон зиёратгоҳи бор. Шунингдек, Ғозғон мармари бошқа жойдаги каби фақат оқ бўлмай, турли ранглари ҳам бор. Албатта, табиий тошдан олинган ва ранг-баранг Ғозғон мармарларига талаб жуда юқори.

 

Олисларда кичик қишлоқлар, дарахтлар ва қуббали иншоотлар ҳам кўрина бошлади. Улар йўл бўйида жойлашган Чўлистон, Панжвақта, Жума жоме масжидлари экан.

 

Бу маълумотлар чексиз чўлнинг бир қисми кўриниб турган йўл бўйидаги манзилларга тегишли.

 

Кутилмаганда қип-қизил чўл ўрнини баланд тоғлар ва сўқмоқлар эгаллади.

 

Йўлбошловчилар бизни бундан ҳам ҳайратланарли манзил кутаётгани, боражак манзилимиз табиат мўъжизаларига янада бойлиги ҳақида айтиб, шошилтирди.

 

Тоғнинг сўқмоқларидан кетар эканмиз, гўёки ўтган асрларга ёки кинодаги бир лавҳага тушиб қолгандек бўлдик. Тош уйлар, тош қўрғонлар ва шаршаралар. Бола кўтарган аёллар ва эшакка ортилган флягада сув ташиётган жамалаксоч қизлар...

 

Кирган кўчамизда бизга дуч келган опани саволга тутдик:

 

— Бу қишлоқнинг номи нима?

 

— Синтоп қишлоғимиз дунёдаги энг гўзал, энг чиройли ва энг қадимий, — дея табассум билан жавоб берди у. Ўзини Мўътабархон деб таништирган аёлнинг ҳазилга мойиллиги туфайли унга яна савол бердик.

 

— Сиз шаҳарда яшаган бўлардингизми?

 

— Ҳеч қачон, қишлоғимдан кетмайман.

 

Бу жавобни ҳазилга йўйдик. Бироқ шунда бизга яқин келиб қолган Ширингул опа ҳам фикрини билдирди.

 

— Олти нафар фарзандим бор, — деди Ширингул опа. — Ҳаммаси уйли-жойли. Бири Жиззахда, Бири Самарқандда, яна бири эса Тошкентда яшайди. Набираларим бор. Қишлоғимдан чиқсам, икки кунда қайтгим келади. Биздаги каби тиниқ сув, ажойиб табиат ҳеч қаерда йўқ. Йўқса, хориждан ҳар куни ўнлаб сайёҳлар келиб, ҳавас қилиб кетармиди? Ҳамма шароит бор, ўзимизда. Газ масаласида сал қийналаётган эдик, мана бу ҳам ҳал этилди. Ҳар ойда балонда олиб келишмоқда.

 

Бахтли экани юз-кўзида акс этиб турган бу аёлларга “Бахтлимисиз?” саволини бериш ортиқча эди. Шу боис йўлда келаётган қизалоқни суҳбатга тортдик.

 

— Мактабда еттинчи синфда ўқийман, — дейди Севинчхон. — Мактабимиз 200 ўринли. Дарслар тожик тилида ўтилади. Шундай бўлса-да, биз ўзбек ва инглиз тилларини яхши биламиз. Бундан ташқари, хитой тилига қизиқаман. Бизда кичкина болалар ҳам инглиз тилидаги энг муҳим сўзларни тушунади. Сабаби, қишлоғимизга хорижлик сайёҳлар жуда кўп келади. Ҳар куни кўчада, ҳеч бўлмаса, тўртта хорижликни кўрамиз.

 

 

Қизалоқнинг келгусида ким бўлмоқчи экани билан қизиқдик.

 

— Хитой, рус ва инглиз тилини мукаммал ўрганиб, гид бўламан ва албатта қишлоғимга қайтаман, — дейди Севинчхон. — Чунки ёзги таътилда бобом билан Самарқанд ва Тошкентдаги қариндошларимизнинг уйига бордим. Шаҳар менга сира ҳам ёқмади. Ҳамма шошган, қовоқ уйган. Қишлоғимиз эса ажойиб, табиати ўзига хос, одамлари ҳам қувноқ. Хорижликлар билан мулоқот қилиб, дунё хабарларини эшитамиз. Шу қишлоқда яшаётганимдан бахтлиман ва уни ҳеч нарса алишмайман.

 

Шу тариқа чўлда узоқ йўл юриб келганимиз ва чарчоқлар унутилди.

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech