• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

“ITWomenUz” — хотин-қизларнинг инновацион парвоз майдони

Бугун Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “ITWomenUz” — хотин-қизлар инновацион ойлигининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

 

Мазкур ойлик Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлиги қошидаги Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган бўлиб, жорий йилнинг август — сентябрь ойларида унинг доирасида турли тадбирлар ўтказилади.

 

Инновацион ойликнинг очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова мазкур инновацион ойликни уюштиришдан кўзланган мақсад хотин-қизларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига кенгроқ жалб қилиш, уларни мобиль илова, веб-сайт, дастурий маҳсулотларни яратиш, компьютер графикаси ва дизайн фаолиятига ўқитиш ҳамда дастурчи сифатида шаклланишларига кўмаклашиш орқали фрилансер сифатида бандликларини таъминлашдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

Инновацион ойлик мобайнида аёлларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш ва ушбу соҳада ишга жойлашишга эҳтиёжи бўлган хотин-қизларни кўпроқ жалб этиш учун itwomen.wcu.uz сайти ишлаб чиқилди ҳамда тадбирда қатнашишни хоҳловчиларни онлайн тарзда рўйхатга олиш йўлга қўйилди. Айтиш жоизки, шу орқали “ITWomenUz” — хотин-қизлар инновацион ойлигида иштирок этиш истагида бўлган 500 нафардан зиёд хотин-қизлар ичидан 160 нафар юртдошимиз танлаб олиниб, 19 сентябргача мобиль иловалар тайёрлаш, веб-сайтлар яратиш, компьютер графикаси ва дизайн, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш йўналишларида бепул ўқитилади.

 

Ўқув-амалий машғулотлар Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида жорий йилнинг август ойида бир ҳафта (19 — 24 август кунлари) давомида назарий билим бериш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ташкилот ва корхоналарда уч ҳафта (26 август — 19 сентябрь) мобайнида амалиёт ўташ тарзида ташкил этилади.

 

Хотин-қизларнинг ўқув-амалий машғулотларда ҳамда амалиёт давомида эришган натижалари баҳоланиб, яхши кўрсаткичларни қайд этган иштирокчиларга сертификат берилади.

 

Қолаверса, “Энг яхши мобиль илова”, “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши дастурчи”, “Энг яхши дизайнер” номинациялари бўйича танлов ғолиблари аниқланиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

 

Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш истагида бўлган хотин-қизларга кредит маблағлари ажратилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

 

Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, айни пайтда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида 28 минг 323 нафар дастурчи фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 8 минг 383 нафарини (29,5%) хотин-қизлар ташкил этади Мазкур ойликни ўтказишдан кўзланган энг устувор мақсадлардан бири эса келгусида ушбу кўрсаткични 50% га етказишни таъминлашдан иборат.

 

Очилиш маросимида мазкур соҳада хотин-қизларнинг улушини ошириш ҳамда дастурчи хотин-қизларимизни халқаро даражадаги тадбирларда муносиб иштирок этишга тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлиги қошидаги Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан

алоқалар хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech