• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

“Қизлар тарбияси жамият ҳаётида муҳимдир”. Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб “11 октябрь — Халқаро қизлар куни” кенг нишонланмоқда

Халқаро қизлар куни (ингл. International Day of the Girl Child) — ҳар йили 11 октябрда нишонланадиган сана бўлиб, қиз болаларнинг ҳаётига таҳдид туғдириши муқаррар бўлган турли муаммолар ва хавф-хатарларнинг олдини олишга барчанинг эътиборини қаратиш мақсадида 2012 йили БМТ томонидан махсус таъсис этилган. Бу санани нишонлашдан асосий мақсад қизлар ҳар куни тўқнашаётган ижтимоий муаммоларнинг ечимини топиш ва уларни камситишнинг ҳар қандай турини бартараф этишдан иборатдир. Мазкур муаммолар сирасига таълим олишнинг чекланганлиги, тўйиб овқат емаслик, тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиш имкониятининг йўқлиги, ижтимоий ҳуқуққа эга эмаслик, зўравонлик ҳамда вояга етмаган қизларни мажбурий никоҳлаш сингари долзарб муаммолар киради.

 

Халқаро қизлар кунини нишонлаш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилиш ташаббусини БМТ Бош Ассамблеясида Канада аёллар ишлари бўйича вазири Рона Эмброуз илгари суради. 2011 йил 10 декабрь куни мазкур резолюция кўпчилик овоз билан қабул қилинади ҳамда 2012 йил 11 октябрдан эътиборан бутун дунёда “Халқаро қизлар куни” кенг нишонланиб келинмоқда.

 

Халқимизда қиз болани парваришлаш, уларга таълим ва тарбия бериш, қизларни оила ва юрт шаъни деб ардоқлаш ҳамиша устуворлик касб этган. Шоирона таъбир билан айтганда “Ўғил бола уйнинг, қиз бола кўнгилнинг султони” ҳисобланади.

 

Тарихда қиз болага нисбатан камситувчи, ачинарли муносабатларни ҳам, қизларни эъзозловчи одатларни ҳам кўп кузатганмиз. Масалан, жоҳилият даврларида 4-5 ёшга тўлган қиз болаларни тириклайин кўмиб, у келтирадиган балодан, шаънсизликдан қутулдим, деб ишонилар эди. Муқаддас ислом динимиз бу каби ваҳшиёна одатларга барҳам берган.

 

Ҳозир бу каби аянчли одатлар кузатилмаса-да, қизларнинг таълим олиш, яъни оддий мактабга бориш имкониятлари чекланган давлатлар ҳам йўқ эмас. Баъзи мамлакатларда урушлар сабаб, баъзиларида қашшоқлик, сувсизлик боис болалар мактабга боролмайдилар. Баъзи давлатларда эса мактаб сабоқлари ўта даражада қиммат.

 

Глобал миқёсда ҳар ўн нафар қиз боланинг тўққиз нафари бошланғич таълим, тўртдан уч нафари эса ўрта таълим олади. Кам даромадли мамлакатларда қизларнинг 2/3 қисми бошланғич мактабда ўқийди, фақат ҳар уч қиздан бири ўрта мактабнинг юқори босқичини тугатади.

 

Бу каби фактларни ўқиганда, Ўзбекистонимизда таълимнинг бепул ва мажбурий экани, битта ўқувчининг тақдири билан ўнлаб ташкилотлар шуғулланиши, Президентимизнинг шахсан ўзлари қизларнинг таълим ва тарбиясига жиддий эътибор қаратаётгани мазмун-моҳиятини чуқур англаб етади киши.

 

Айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонимизда мактаб таълимига жалб қилинган умумий ўқувчилар сони 5 миллион 821 минг 861 нафарни ташкил этса, уларнинг 2 миллион 840 минг 166 нафари, яъни 48,8 фоизи ўқувчи қизлардир.

 

Юртимизда қизлар тақдирига, уларнинг келгусида ҳар томонлама баркамол ва соғлом, энг муҳими, қувноқ ҳамда дуркун бўлиб ўсишига алоҳида аҳамият қаратиб келинади. Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қиз фарзандларимизни болалигидан миллий қадриятлар руҳида маънавияти юксак, ҳақиқий ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш тизими сифатида мактабгача таълим муассасаларида “Зумрадойлар давраси” тўгараклари (3-6 ёшгача), мактабларда “Ораста қизлар” тўгараклари (1-8-синф) ва “Қизларжон” клублари (9-11-синф) фаолиятини йўлга қўйган. 

 

Қолаверса, қизларимизнинг ҳаётда улкан ютуқларга эришишини таъминлаш учун мўлжалланган махсус давлат мукофотлари ҳам таъсис қилинган бўлиб, бу борада сўз кетганда, биргина “Зулфия” номидаги ҳамда “Ниҳол” Давлат мукофотларини эслаб ўтишнинг ўзи кифоядир.

 

Қизларнинг маърифати ва маънавиятини юксалтириш учун “Саодат”, “Дугоналар” каби журналлар, бир қанча тарбиявий китоблар, ёшларни ҳаётга тайёрловчи инновацион мактаблар, “Машриқ машъали”, “Машҳура” каби юзлаб ўқув марказлари фаолият юритмоқда.

 

Бу нашрлар, марказу мактабларнинг вазифаси қизларимизни фақатгина келинликка, бичиш-тикиш, меҳмон кутиш, пардоз қилишга ўргатиш эмас, балки уларнинг ота-онага, яқинларга, қайнонаю қайнотага, турмуш ўртоғига эҳтиромда бўлиш, маърифатли, зиёли, юксак инсоний фазилатлар соҳибаси бўлиб улғайишига ёрдам беришдир.

 

Шунга қарамай, қизларни ҳаётга тайёрлаш, уларни юқори даражадаги таълимга жалб этиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, қизларни муносиб иш жойларда банд бўлишини таъминлаш борасида муайян камчиликлар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

 

Масалан, биргина эрта турмушга узатиш ҳолати минглаб қизларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслигига сабаб бўлиб келмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, 17 ёшда никоҳи қайд этилган хотин-қизлар сони 2017 йилда 4853 тани, 2018 йилда эса 5123 тани ташкил этган.

 

Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонуни маъқулланиб, мамлакатимизда никоҳ ёши қизлар учун ҳам 18 ёш қилиб белгиланди. Узоқ вақтдан бери кўп муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётган никоҳ ёши масаласида зарур мантиқли қарорга келинди.

 

Бу Қонун қизларнинг умумий ўрта таълим олишини янада кафолатлайди ҳамда эрта туғиш хавфини 75 фоиз камайтириш имконини беради.

 

Кеча Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Чиноз туманидаги Чиноз туманидаги Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасида “11 октябрь — Халқаро қизлар куни” муносабати билан “Қизлар тарбияси жамият ҳаётида муҳимдир” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда булар ҳақда батафсил тўхталиб ўтилди.

 

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Баситханова иштирок этди ва сўзга чиқди.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech