• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

МАЪРИФАТЛИ МУНОСАБАТ МАҲСУЛИ

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова  ижтимоий тармоқларда аёлларнинг сиёсатдаги ўрни ҳақидаги фикри билан  кўп баҳс-мунозараларга мавзу бўлган “Миллий тикланиш” партияси депутати Кабул Дусов (Қобилжон Дўстов) билан учрашди. Суҳбат шарқона ва ўзаро ҳурмат ҳамда эҳтиром руҳида кечди.

Учрашув жараёнида К.Дусов аввало ОНА зотига доим таъзимда эканини, аёлларга ҳурмат ва эҳтироми чексизлигини ва бугунги айрим раҳбар аёлларининг салоҳиятини юқори баҳолашини, “Қачонки сиёсатда аёллар билан болалар ҳукм юргизадиган пайт келса, билинг, мамлакат тез орада пароканда бўлади...” деган фикр ўзиники эмаслигини ва буни маълумот тарзида жойлаштирганини, аёлларга салбий қарашни шакллантириш фикридан йироқ эканини билдирди.

 

Ўз навбатида Элмира Боситхонова шундай фикрларни қайд этди:

“Ўғлим Қобилбек,

Мен Сизга уруш эълон қилмадим, иддао ҳам қилмадим. Чунки, дунёда баҳслар, тортишувлар, ижтимоий тармоқлардан туриб ҳақорат қилишлар шунчалар кўпайиб кетганки, бу жараённи давом эттиришдан, бу занжирга бир халқача бўлиб қўшилишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Аждодларимиз ҳам шарқона дипломатия, муросаи мадора усулларини қўллаб кам бўлишмаган.

 

Қолаверса, Сиз ҳали ёшсиз ва ёшлик фикрлари мунтазам, қотиб қолган ақида ҳисобланмайди. Шунингдек, Сиз каби хорижда Ўзбекистонимизнинг шаъни учун курашиб, ўқиб-ўрганиб келган салоҳиятли бир йигит бу каби салбий фикрлар билан яшашига ишонмадим.

 

Яна бир нарсани айтишим керакки, Хотин-қизлар қўмитаси ижтимоий тармоқлардаги шу мавзудаги баҳсларга “шунчаки муносабат билдириб қўйиш ёки умуман эътиборсиз қолдириш” деган икки ҳолатдан ҳам йироқ. Шу боис мана Сиз билан очиқ мулоқот қилиб турибмиз.

 

Мен Сизга йўллаган хатимда ҳам айтганимдек,  фикр билдириш инсоннинг ўз шахсий ҳуқуқи эканини яхши биламан. Лекин, аввало ОНА, кейин шу мамлакатнинг аёллари бахту саодати йўлида фаолият юритаётган йирик бир жамоат ташкилотининг раҳбари, ҳукумат вакили сифатида фикр билдириш ҳуқуқи ўта шахсий бўлса-да, қайси мавзуда фикр билдириш у қадар шахсий эмас деб ўйлайман.

 

Қаранг, юртимизда аёллар, болалар, оила фаровонлиги учун қанча ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Биринчидан, Муҳтарам  Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг 21 июнь кунги ялпи мажлисида: “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу, аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир”, – дедилар. Бу изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқат!

 

Иккинчидан, бугун давлат сиёсатининг умумий руҳиятида аёлларга муносабат янада юқори босқичга кўтарилди.

 

Учинчидан, Президентимиз Ўзбекистонда  гендер тенглик масаласини ҳал этишнинг йўлларини куюнчаклик, фидойилик билан кўрсатиб бериб, яъни  Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф қилдилар.

 

Тўртинчидан, жорий 30 фоизлик квотани кўр-кўрона эмас, сифатли бажаришни талаб қилмоқдалар.

 

Бешинчидан, Олий орган – Сенат раислигига аёл кишини тавсия қилиб, аёлнинг ўрни, мақоми ва қадрини кўрсатиб бердилар!

 

Шунингдек, Суриядаги жанг майдонларидан бир гуруҳ хотин-қиз ва болаларни қайтариб, оқ ювиб, оқ тараб, уларга меҳр ва инсонпарварлик кўрсатилди. Нега? Чунки, улар инсон! Уларнинг аксарияти АЁЛ ва БОЛАлардир!

 

Мана шундай улкан ижтимоий-сиёсий ҳодисалар даврида ҳар бир ўзини қадрлаган фуқаронинг шахсий фикри ҳам юртининг тараққиётига, мамлакати оналарининг қадрини юксалишига хизмат қилиши ва бундай пайтда юртимизнинг сиёсий майдонидаги Сиз каби билимли, тадбиркор  йигитлар Юртбошига камарбаста бўлиши зарур деб ҳисоблайман.

 

Бугун аёл зотини ерга урадиган, унинг қадрига таҳдид қиладиган ҳолатлар шундоқ ҳам “етарлича”. Дунё давлатларининг аксарияти аёлга бўлган муносабатни юксалтира олмай оввора ва бу овворалик умуминсонийлик, ижтимоийлик касб этиб бормоқда. Бу ҳолга қарши қандай курашиш мумкин?!

 

Менимча аёлни ижтимоий-сиёсий фаоллаштириш, гендер тенгликни таъминлаш ҳам ана шу ҳолни бартараф этишга ёрдам беради.

 

Бироқ, Гендер тенглик дегани эркак билан аёлнинг вазифа ва мажбуриятларининг алмашиб қолиши, аралашиб кетиши, ёки миллий ва диний қадриятларимизда азалдан устувор бўлган ЭРКАК УЛУҒ ЗОТ деган илоҳий тушунчанинг йўқолиб кетиши дегани эмас!

 

Гендер тенглик, аёлни ижтимоий-сиёсий фаоллаштириш дегани бу Яратганнинг ўзи нозик қилиб яратган АЁЛ, ОНА зотини қўллаб-қувватлаш, жабрдан, зулмдан ҳимоялаш, барча инсоний ҳуқуқлари билан бахтли яшашини таъминлаш деганидир!

 

Қолаверса, аёл бўлиш, оналик мақомига эришиш осон иш эмас. Аёл зотининг бир ташкилотни бошқариб ўтиришдан ҳам кўра мураккаб ва оғир илоҳий вазифалари бор! Сиёсатда эса аёлнинг оқилалик билан кўп нарсага эришиши у қадар қийин ва ўринсиз эмас.”

 

Ушбу суҳбат чоғида К.Дусов ўзининг онаси, оиласи, аёли, уч нафар қизалоқларига, Ватанига бўлган меҳру муҳаббати юксак эканини, Президентимиз олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлашини, бу борада ўзи ҳам депутат сифатида халқимизга фойдаси тегадиган ишлар қилаётганини ва бундан кейин ҳам шу эзгу фаолиятида давом этишини билдирди.

 

К.Дусов: “Мана шу баҳслар жараёнида мени фақатгина  ўз онам ва Хотин-қизлар қўмитаси чуқур тушина олди, бундан кейин тимсолида оналаримизнинг ҳаёти, сиймоси акс этган ушбу ташкилот билан яқин ҳамкор бўламан!” деган хулоса билан фикрини якунлади.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech