• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Сайёр қабул форумнинг кульминацияси бўлди

Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Аёллар ижтимоий ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусидаги форум бир неча жабҳаларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди.

 


Хотин-қизлар қўмитаси раислари, маҳалла мутахассислари учун маҳорат сабоқлари, алоҳида эҳтиёжга эга инсонлар учун зарур жиҳозлар тарқатилиши, лидер ва кўмакка муҳтож қизларнинг бир жойга жамланиши, фермер аёллар билан учрашув, хотин-қизлар саломатлиги борасидаги амалий кўргазмали семинар, аёллар ижтимоий реабилитация маркази билан танишув каби тадбирларни жамлади. Тўғри, вақт нуқтаи назаридан уларнинг барчаси кўзланган асосий мақсадига эришолмаган бўлиши мумкиндир. Дейлик, фаол қизлар билан учрашувга қисқа вақт қолгани учун уларнинг фикрларини эшитиш имкони бўлмади, аммо улар ёзма етказилиши ва албатта эътиборга олиниши билдирилди.

 


Форумнинг асосий, кульминацион нуқтаси Самарқанд шаҳридаги Чашма маҳалласида ўтди. Бош вазир ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова бошчилигида вилоятдаги барча туман, шаҳардан, муаммолари билан келган хотин-қизларга ёрдам бериш чоралари изланди.

 


- Икки йилдирки рафиқам онкологик хасталикка чалинган, - дейди Самарқанд шаҳридан С. Толибов. - Унга ортиқча уриниш мумкин эмас, ҳам рўзғор ишларини қилиб, ҳам пул топишим керак. Рафиқамни даволашга эса катта миқдорда маблағ керак. Шу масалада ёрдам керак эди.

 


Хасталик билан курашаётганлар ва бу масалада ёрдам сўраганлар кўпчиликни ташкил этди. Шунингдек, қизининг уйи ёниб кетгани ва уйсиз қолгани туфайли ёрдам сўраган, уйини тиклаб беришда кўмак истаганлар ҳам бор эди.

 


Иш топиб беринг, кредит олишда қийналаяпман каби мазмундаги сўровлар 30 га яқин мурожаатлар орасида деярли учрамади. Кўпчилик учун таниш чеҳралар: муҳими, нимадир ундириб олсам, деган хаёл билан келганлар ҳам йўқ эмас. Менинг ҳақ-ҳуқуқларим бор, ҳақиқат борми ўзи, дея кўчага чиқиб айюҳаннос солганлар ҳам бўлди. Қизиғи, улар кимнидир эшитгиси келмайди, гўё уларнинг мақсади бошқа, атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилиш, муаммосини кўпиртириш. Ҳатто яхши маошли иш таклифига ҳам менсимай қарашади. Аммо уларнинг мақсадини аллақачон кўпчилик тушуниб қолди.

 


Сайёр қабулдаги мурожаатлар ечимига эса ҳали тўхталиб ўтамиз.

 


Гулруҳ Мўминова

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech