• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик ва истиқболдаги режалар доирасида

“Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт”

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.М.Мирзиёев

 

 

Бугун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида сиёсий партиялар билан ҳамкорликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари учун 2019 йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан йўл харитасини имзолаш мақсадида учрашув ўтказилди.

 

Жорий йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар сафига билимли, ташаббускор ва ташкилотчи аёлларни жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилиб, бир қатор вазифалар белгиланди.

 

 

Ўтган қисқа даврда хотин-қизлар борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 2 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди ҳамда улар асосида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

 

 

Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.

 

 

Республика бўйича жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислиги учун ўтказилган сайловларда 1 минг 25 нафар аёл ўзини ўзи бошқариш идоралари раиси лавозимига сайланди.

 

 

Юртимиздаги турли корхоналарда ишлаётган раҳбар аёллар сони ҳам ўсиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2017 йили 44,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 45,3 фоизга етган.

 

 

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг сони эса 311 нафарга етди. Уларнинг 10 нафари ҳокимият тизимида, 33 нафари турли вазирлик, идора ва ташкилотларда, 67 нафари таълим тизимида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунда депутатликка номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланган бўлсада, охирги 2014 йилги парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 24 нафар, Олий Мажлис Сенатига 10 нафар, 1 минг 75 нафар хотин-қизлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайланди.

 

 

Бугунги кунда вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди.

 

 

Аёллар манфаатларини ҳимояловчи йирик жамоат ташкилоти бўлмиш Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси юртимиздаги 5 та сиёсий партия билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, 6 минга яқин салоҳиятли, фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирди ва уларни депутатликка ҳамда турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан Меморандум имзоланиб, сиёсий ва профессионал билимларини ошириш, раҳбарлик кўникмаларини шакллантириш юзасидан ўқувлар ташкил этилмоқда.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари учун 2019 йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан йўл харитасини имзолашдан кўзланган мақсад:

Парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва 2019 йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 фоиздан кам бўлмаслигига эришиш;

 

 

Сайловларда хотин-қизларнинг номзодларини кўрсатиш учун сиёсий ва ҳуқуқий саводхон, ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат захира кадрлар ўртасида сиёсий ўқувлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш;

 

 

Шунингдек, ҳудудий Хотин-қизлар қўмиталари раислари ва маҳалладаги мутахассислар, бошланғич хотин-қизлар қўмитаси ташкилотлари раислари ўртасида сайловлар жараёнида аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, сайлов соҳасидаги билимларини ошириш, сайлов олди ва сайлов жараёнларига хотин-қизларни кенг жалб қилинишига қаратилган ҳуқуқий ўқувлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиш;

 

 

Сайловларда аёллар эркинликлари ва ҳуқуқларини амалга оширишга бағишланган “Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштироки” мавзусида видеоконференция, “Аёллар ижтимоий ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида Республика форуми ўтказилиши режалаштирилган.

 

 

Мазкур ишлар юртимизда хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилиш ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахборот ва мафкуравий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришда ўз самарасини беришига умид қиламиз.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган барчага ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.

 

Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech