• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Ўзбек санъатининг Польшадаги илҳомчиси

Ўзбекистон замини дунёга кўплаб санъат ва маданият вакилларини етказиб берган. Хоразм фарзанди, поляк-немис халқлари бастакори, дунёнинг ўнлаб тилларида куйлаган машҳур қўшиқчи, Монте-Карло, Сан-Ремо, Неаполь ва бошқа бир қатор халқаро мукофотлар лауреати Анна Герман ана шундай истеъдод эгаларидан биридир.

 

Айтиш жоизки, жорий йил 2 октябрь куни пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Польша ва мамлакатимизнинг таниқли ижодкорлари иштирокида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Польшанинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Польша аёллар лигаси ҳамкорлигида илк маротаба Анна Герман ижодига бағишланган мусиқа фестивалини ўтказиш режалаштирилган.

 

Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси биносида “Анна Герман — ўзбек санъатининг Польшадаги илҳомчиси” мавзуида поляк санъаткорлари билан учрашув ва журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

 

1936 йили Урганч шаҳрида туғилган ва болалик даври Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларининг турли шаҳарларида ўтган Анна илк ижодий фаолиятини 1960 йилда “Каламбур” талабалар театрида актриса сифатидаги дебют ижроси билан бошлаган. 1961 йилда эстрада хонандалиги бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтади ва Италиянинг махсус стипендиясини қўлга киритиб, Римда ижодини давом эттиради.

 

“У менга ёқади”, “Севги садоси”, “Шопен мактуби”, “Боғлар гуллаганда”, “Ён, ёнавер, менинг юлдузим”, “Бошқача бўлолмайман”, “Умид”, “Тасодиф”, “Мен баҳорни кутаман”, “Мовий осмон”, “Ошиқлар шаҳри” сингари юзлаб қўшиқларида Аннанинг санъаткор сифатидаги ноёб истеъдоди намоён бўлади.

 

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова Анна Германнинг барча қўшиқлари ўз вақтида муҳаббат мадҳиясига айланганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, хонанданинг овози лирик сопрано бўлиб, юқори тембрга эга эди. Ранг-баранг оҳангдорликда баланд пардаларни ҳам ола биларди. Унинг табиатидаги артистизм овозининг образлилиги, мусиқийлиги орқали акс этарди.

 

Польша аёллар лигаси раиси Альдона Михаляк Анна Герман санъат осмонида ёрқин юлдуз бўлиб нур сочганида ҳам инсоний вазифаларини унутмаганини, кўплаб ёш хонандаларнинг кашф қилинишига йўл очганини, янги овозларни концертларига олиб чиқиб, оммага таништирганини айтиб ўтди. А.Михалякнинг эслашича, хонанда шон-шуҳратнинг ортидан қувмади, қалби буюрган вазифасини адо этишга бор кучи, бор умрини сарфлади.

 

 

Тадбирда ушбу халқаро қўшиқ фестивали тўрт иқлимни ўзида жамлаган ижодкор (Ўзбекистон — туғилган ватани, Польша — иккинчи ватани, Россия — буюк шуҳрат келтирган ижод маскани ва Германия — ота юрти) фаолиятига бағишланиши айтиб ўтилди.

 

Шунингдек, сўзга чиққанлар Польшадан ташриф буюрувчи 15 нафар қўшиқчи ҳамда ўзбекистонлик ижодкорлар иштирокида уюштирилаётган мазкур халқаро қўшиқ фестивали ёшларда Ватанга муҳаббат, санъатга ошуфталик, миллатидан ғурурланиш туйғуларини янада юксалтиришини таъкидлашди.

 

 

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволга батафсил жавоб олдилар.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

 

Хосият Ҳакимова олган суратлар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech