• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ахбороти

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Денов тумани, Соҳибкор маҳалласида яшовчи фуқаро Турдихол Кенжаева билан боғлиқ ва асл воқеликни инкор этувчи бир қатор хабарлар тарқалди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бўлган оддий юртдошларимиз эса ҳақиқат қаерда тугаб, ёлғон қаерда бошланганидан ҳам бехабар равишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳақида турли нохолис фикр-мулоҳазаларни билдиришмоқда.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бу ҳақда расмий маълумот беришни маъқул топди.

 

Турдихол Кенжаева 1978 йилда туғилган, 1 нафар фарзанди бор. Ёлғиз она ҳисобланади.

 

Аниқланишича, У 1999 йилда Ўзбекистон маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳазратов Машраб билан қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуриб, 1 йил яшагандан сўнг 2000 йилда ажрашиб кетган. 2007 — 2009 йилларда Лўпон маҳалласида яшовчи Фахриддин исмли йигитга турмушга чиққан ва 2008 йилда ундан фарзандли бўлган. Бироқ тақдир тақозоси билан 2010 йилда Соҳибкор маҳалласида яшовчи фуқаро Астанов Тўрақулга 1 нафар фарзанди билан турмушга чиқиб, 2012 йилда ундан ўғил фарзанд кўрган. 2017 йилда эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар юзага келган. 2018 йилда ўзи билан бирга олиб келган 1 нафар қизи вафот этган. Ўрталаридаги келишмовчиликлар натижасида 2018 йил ноябр ойида турмуш ўртоғи Т.Астановнинг уйидан 10 — 15 кун чиқиб кетганлиги сабабли эри уни бошқа эрга тегиб кетган деган важлар билан уйига киритмаган. Вазиятга туман хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фаоллари аралашиб, Турдихолнинг яшаши учун уй-жойи йўқлиги сабабли унинг турмуш ўртоғи Т.Астановни муросага чақириб, уйидан 1 хона ажратиб беришга кўндиришди.

 

2019 йилнинг ўзида Т.Кенжаевага Сурхондарё вилояти ва Денов тумани Хотин-қизлар қўмиталари ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан бир неча маротаба кўмак берилди. Хусусан, жорий йил биринчи чораги давомида Т.Кенжаева соғлиғини тиклашида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати бўйича туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бепул 10 кун соғломлаштирилди.

 

2019 йил 15 апрелда туман ҳокимлигига моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилиб, “Қизил Яримой” жамияти томонидан бир марталик 220 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

 

Туман хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фаолларининг аралашуви билан уни вақтинча яшаш учун уй-жой билан таъминлаш мақсадида отаси Кенжаев Тўрахондан қолган ҳовли-жойдан акаси Кенжаев Ғайрат 3 сотих майдон ва 1 хона уй ажратиб берди.

 

Лекин фуқаро Т.Кенжаева “Мен бу ерда яшамайман, менга ҳоким бепул уй-жой қилиб берсин ёки турмуш ўртоғим Астанов Тўрақулнинг уй-жойидан алоҳида уй-жой қилиб берсин” деганча акасининг уйида яшашдан бош тортиб, бу ердан чиқиб кетган. У ўзи ва фарзанди учун алоҳида уй-жойда яшашни истаётганлиги маълум бўлди.

 

Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Т.Кенжаевага Қорахон маҳалласи ҳудудидан уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилиб, ташаббускор ҳомийлар томонидан фуқаро Т.Кенжаеванинг 1 нафар фарзанди билан яшаши учун уй қурилиши ишлари амалга оширилиши давом этмоқда. Қурилиш ишлари якунига етгунига қадар у 2019 йил 23 июнда Жаматак маҳалласидаги Истиқбол кўчаси 18-уйда яшовчи фуқаро Маматова Дилфузанинг 4 хонали, ошхона, ҳаммом ва бошқа шароитларга эга бўлган 0,06 сотихли уй-жойга бепул тартибда жойлаштирилди.

 

2019 йил 24 июнь куни фарзанди Қувондиқ Қорақулов турмуш ўртоғи А.Тўрақулов қарамоғидан қайтариб олиб берилди. Шунингдек, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳомийлар кўмагида унинг фарзандини учун болаларга мослаштирилган велосипед ҳамда кийим-кечаклар билан таъминлади. Т.Кенжаеванинг ўзига эса ошхона анжомлари (қозон, челак, чойнак, гилам ва кунлик ишлатиладиган рўзғор буюмлари) берилди.

 

Бундан ташқари, ўғлининг Жаматак маҳалласидаги Жўраев Абдурасул Абдумажитович номидаги 6-сонли нодавлат мактабгача таълим муассасасига имтиёзли равишда жойлаштирилишига кўмаклашилди. Қолаверса, ўғлини 1-синфга чиқиши арафасида тўлиқ мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш чоралари кўрилди.

 

Т.Кенжаеванинг 2019 йил 7 августдан 19 августгача оёғини даволатиш мақсадида туман касалхонасининг хирургия бўлимида 12 кун ётиб даволаниши учун имкониятлар яратилиб, тиббиёт ходимлари томонидан муолажа ишлари имтиёзли олиб борилди, бепул дори-дармонлар билан таъминланди.

 

Т.Кенжаеванинг 1 нафар фарзанди моддий таъминоти учун ажратилган алимент тўлови июль, август ойи учун турмуш ўртоғи томонидан ундириб берилди.

 

Фуқаро Т.Кенжаевани фуқаролик паспортининг муддати ўтганлиги сабабли туман ХЧК ва ФРБ бўлимида расмга тушириш ишлар олиб борилди ва белгиланган муддатда паспорт берилиши назоратга олинди.

 

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Т.Кенжаева шу пайтга қадар ўзига таклиф қилинган ишларни соғлиғи кўтармаслиги важи билан рад этган ва ўзини ногиронлик гуруҳига ўтказишларини талаб қилган. Шундан сўнг туман Бандликка кўмаклашувчи маркази раҳбарининг буйруғи билан Т.Кенжаева ишсиз, деб топилган ва унга 2019 йил 1 августдан эътиборан ишсизлик нафақаси тайинланган. Айни пайтда унинг ногиронликка ўтказиш ҳақидаги даъвоси тегишли мутахассислар билан биргаликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, қонуний асосда ёрдам берилади. Шунга қарамай, Т.Кенжаевани доимий иш билан таъминлаш чораси ҳам кўрилмоқда.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech