• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошчилигидаги расмий делегация Санкт-Петербургда

Аввал хабар берганимиздек, 5 сентябрь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошчилигидаги расмий делегация Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимда иштирок этиш учун келди. Сафарнинг дастлабки кунида бир қатор учрашувлар ўтказилди.

 

Делегация аъзолари дастлаб Санкт-Петербург губернаторлиги администрацияси ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Хлутков билан мулоқот қилишди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида икки давлат раҳбарлари имзолаган турли ҳуқуқий ҳужжатлар ва келишувлар доирасида ўрнатилган ҳамда бугун янги босқичга кўтарилаётган стратегик шериклик муносабатлари ҳақида сўз борди.

 

Сўнг делегация вакиллари Санкт-Петербург ҳукуматининг меҳнат ва аҳоли бандлиги қўмитаси масъул ходимлари билан музокара ўтказишди. Тадбирда Ўзбекистон Республикасидан Санкт-Петербург шаҳрига келиб вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича ягона тўхтамга келинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 августда имзоланган “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги 5785-сонли Фармонида кўрсатиб ўтилган устувор масалалар ижросини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликда ишлашга келишилди.

 

Шунингдек, туризмни ривожлантириш бўйича ҳам тегишли қўмита билан музокара олиб борилди. Унда қўмитанинг Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Nafis travel” туристик агентлиги билан изчил шериклик алоқаларини ўрнатиши, Россия Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил қилиш юзасидан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши хусусида сўз борди.

 

Делегация аъзолари бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонасида ва Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербургдаги бош консуллигида ўзбек диаспораси вакиллари, “Мадад” маркази ходимлари билан қатор учрашувларни ўтказишади.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech