• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек тум., Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кафиллиги остида 10 нафар аёл озодликка чиқиб, оиласи бағрига қайтди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида 2018 йил 20 июлда имзоланган Меморандум асосида жазони ўташ муассасаларидан аёллар озод этилмоқда ва жазо муддатлари қисқартирилмоқда.

 

Жорий йилнинг ўтган олти ойида жазони ўташ муассасаларида жазо ўтаётган 227 нафар аёлнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. 51 нафар аёл жазони ўташдан шартли озод қилинди, 131 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган очиқ суд мажлисида жазони ўташ муассасасида жазо ўтаётган 11 нафар аёлнинг назорат тартибида берган шикоят аризаси кўриб чиқилди.

 

Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров раислигида ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг назорат тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил кўриб чиқилди. Маҳкума аёлларнинг жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзини ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.

Суд мажлисларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маърупова ҳамда қўмитанинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Озода Исламова иштирок этди.

 

Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кафолати хати инобатга олиниб, 10 нафар аёл жазодан муддатидан олдин озод қилиниб оиласи бағрига қайтди. Бир нафар маҳкума аёлнинг жазо муддати қисқартирилди.

 

 

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech