• Телефон:+998 (71) 239-40-42
  • Манзил: Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси 30 уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00

Тест режими

Меню

Аёллар тақдиридан

- Эсимни таниганимдан буён гўзаллик салонида ишлайман. Университетда мутлақо бошқа йўналишда таҳсил олишимга қарамай, барибир, ўзим қизиқган касбга меҳрим бўлакча. Бошқа соҳада ишлаб кетишни тасаввур ҳам қилолмайман. Аммо турмуш ўртоғим бу соҳада ишлашимга қарши. Гўзаллик салонларида ишлайдиган хотин-қизларнинг аксарияти тарбиясиз, хулқи бузуқ бўлишини айтиб, доим дилимни хира қилади. Ахир ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқлигини тушунтиролмай мен ҳалак. “Қадамимни ножўя ташлаганимни сезиб қолсангиз, оёқларимни кесиб ташланг, розиман!” дедим бир куни. Аммо фойдаси бўлмаяпти. Бошқа иш топиш муаммо эмас, бироқ инсон яхши кўрган касби билан шуғуллансагина ҳаётида мазмун бўлади-ку. Маҳалламиздаги бир онахоннинг маслаҳати билан хўжайинимга итоат этадиган бўлдим. Куннинг кўпи билан оилавий муносабатларимиз аввалгиданда яхшиланиб бораверди. Бир куни хўжайиним айтган хушхабардан бошим осмонга етди. “Яхши жойдан ер сотиб олдим.  Сенга гўзаллик салони очиб бераман, ўзинг бошқарасан. Ёмон аёл ёмонлигини фақат ишда кўрсатмайди. Сен ҳақингда нотўғри ўйлаган эканман. Айбимни ювмоқчиман”, дедилар. 

Мадина

Тошкент шаҳри

- Оилада ёлғиз қизман, тақдирнинг синовини қарангки, ёлғиз ўғилга турмушга чиқдим. Иккаламиз бир-биримизга кўнгил қўйсакда, ота-оналаримизнинг кўнгли бир-бирига сира туша қолмади. Ҳозирда тўртта фарзанднинг ота-онасимиз, турмуш ўртоғим иккимиз ҳам ишли одамлармиз. Минг таассуфки, рўзғор ишлари билан кўп ҳам машғул бўла олмайман. Бу эса табиийки қайнонамга ёқмайди. Ойижоним иккимизнинг ўртамизда бўлаётган дилхираликларни имкон қадар ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қиламан, аммо кундан кунга етилиб бораётган яра каби ўзимни қўярга жой тополмай қоляпман. Икки ўртада қайнотам ва хўжайинимни қийин аҳволга солиб қўяётганимиздан хижолатдаман. Дадамизнинг қанд касали бор учун уларга сира озор беришни истамайман. Қанча тилимни тийсам, шунча камситяптилар. Мен уларнинг бошимизда узоқ йиллар соябон бўлиб юришидан бошқа нарсани истамайманку ахир.

 

Нуржаҳон

Деҳқонобод тумани

- Кеча синглим уйимизга кўзида ёш билан келибди. Онам дарров койишга тушди. “Ҳа деганда югуриб келаверсанг, эр бўлгандан кейин уради, сўкади. Қачон тинасан, қизим?” Онамнинг бу гапларидан сўнг чидаб туролмадим. Бунақа аблаҳ куёвнинг боридан йўғи яхши, деб кўчага отилдим. Ахир битта-ю битта синглимни уришга нима ҳаққи бор? “Улар сизнинг оналарингиз, холаларингиз…” дея таърифланган аёл ҳам уриладими? Дунёқараши тор, бир гўлмидики, гап билан тушунтирсанг, тушунмаса… Жаҳлимни жиловлолмаганимдан ўзимга ўзим бир нималарни ғулдраб кетиб борардим. Дарвозаси очиқ экан, тағиллатмасдан кириб боравердим. Бир ишни дўндириб ғўйгандек оёғларини чайла қилиб ётган куёвимни ёқасидан олдим. Хуморидан чиққунча росса калтакладим. Синглимга кўтарилган қўлларини синдириб олгим келди-ю, лекин қаерларни ўйладим-да, қўйиб юбордим. Ҳали ортимга қайтмасимдан жон ҳолатда ҳовлига отилиб кирган синглим дарров ер билан битта бўлиб ётган эрининг ёнига келди. Унинг аҳволини кўриб, менга бақира кетди: “Нега урасиз? Шунчалик ҳам урасизми? ўша урган қўлларингиз…” Унинг гапларини эшитишга бошқа тоқат қиломадим. Урган қўлларим синиб тушса ҳам майли, сингилжоним, сен бахтли бўлсанг бўлди…

Ёрғин

Хива шаҳри

- Ноябрь ойида тўнғич фарзандим етти ёшга тўлади. Тенгдошлари билан мактабга чиқишини хоҳлайман, бироқ уйимизнинг катталари “Ҳали ёшига тўлмаган болани қийнаб нима қиласиз? ўғил бола бўлса, ҳали ҳаммасига улгуради”, дейишяпти. Боланинг ўзи ҳам тинмай дарс қилади, нуқул “Ойижон, мен ҳам мактабга чиқаман-а?” деб сўрайверади. Нима қилишга бошим қотган. Ахир келаси йили саккиз ёшни тўлдириб қўяди-ку…                 Биз ўқиган пайтларимизда кўпчилик олти ёшдан мактабга борарди. Қийналмаганмиз ҳам, яхши ҳам ўқиганмиз. ўзбекчилигимиз қурсин, эркин фикрлаб, мустақил қарор қабул қилишга ҳам андиша қилиб қоларкансан. Келин одамнинг таклифи “ўзбошимчалик”ка киради.

Азизахон

Жиззах шаҳри

- Ассалому алайкум, анчадан буён бошимда кучли оғриқ ҳис қилардим. Доим оғриқ қолдирувчи ёки тинчлантирувчи дорилар билан бироз ўзимга келардим. Болалар ва рўзғордан ортиб, шифокорга кўринишга ҳам вақтимни қизғанардим. Бир куни кечаси бошимдаги кучли оғриқдан қулоқларим битиб, кўзим ҳеч нарсани кўрмай қолди. Шунда ҳам ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қилдим, аммо эртасигаёқ шифокорга учрадим. Афсуски, таҳлил натижалари бошимда ёмон тўқимали ўсимта борлигини кўрсатди. Биргина чораси операция қилиб ўсимтани олиб ташлаш экан. Аммо бу ҳам умримнинг узайишига кафолат бермас экан. Энг ёмони, муолажа учун бизда етарли маблағнинг ўзи йўқ.  Агар бу ҳақда хўжайинимга айтадиган бўлсам, бисотимиздаги ягона мулкимиз – уйни сотаман дейишлари тайин. Бироқ саломатлигимни саноқли кунларгагина узайтириш учун оиламни уйсиз қолдира олмайман. Бу ҳаётдан умидим катта. Турмуш ўртоғим, болаларим билан тўйиб-тўйиб гаплашиб оляпман. Уларга муҳаббатим, оиламнинг менга  муносабати мени яна соғлом ҳаётга қайтарадигандек...

Латофат

Марғилон шаҳри

- Пойтахтда яшаётганимга йигирма йилча бўлиб қолди. Кўчиб келганимдан буён уйим меҳмондан, вақтим касалхонага овқат ташишдан ортмайди. Бўйи етиб қолган икки фарзандим бор. Турмуш ўртоғим билан келишмовчиликлар сабаб ажрашиб кетганмиз. Кеча ўғлимнинг “Ойижон, қачон бизга ҳам вақт ажратасиз? ўртоғларим ота-онаси билан кино, ҳайвонот боғларига бориб туришади. Биз эса сизни уйда кўрсак ҳам хурсанд бўламиз”, деган гапларидан юрагим ачишиб кетди. Ёлғиз бошим билан оилани бадастир қилишнинг ўзи бўлмаяпти ахир. Қишлоғдан келаётган меҳмонларим беандишами, билмадим, бир ойлаб турадиган одати бор. Даволанишга келса ҳам, бозорга келса ҳам  меникида тунашади. Қариндошим-қондошим деб эркин сиғиниб келар эҳтимол, лекин боши очиғ ёлғиз аёл, бўйи етган қизи бор хонадонга келишдан аввал киши ўз миясида тафаккур қилиб кўрса ёмон бўлмасди. Ҳеч бир кунимиз йўғки, болаларим билан оилавий бемалол ўтирадиган, эркин бўладиган. Харажатлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлаверади. Оғринмай дейману, лекин бировнинг томоғи, бегонанинг кўнгли учун тун-у кун меҳнат қилишдан чарчадим.

Матлуба

Тошкент шаҳри

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech