Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Хотин-қизлар билан очиқ мулоқотлар: муаммо ва ечим

Халқнинг ҳузурига бориш, унинг дарду ташвишига ечим топиш – бу чинакам инсонпарварлик намунаси бўлибгина қолмай, юксак демократик тамойилларнинг амалий ифодаси ҳамдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқ билан мулоқотнинг очиқ ва самарали усули йўлга қўйилгани юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда юксак самаралар бермоқда. Айниқса, давлат ва нодавлат  ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган сайёр қабуллар, очиқ мулоқотларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, одамларни қийнаётган муаммолар ҳал этилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам асосий эътибор ана шу масалага қаратилди.

Янгиариқ ва Боғот туманларида ташкил этилган мазкур учрашувда  Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Ё.Эрназарова, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси котибият мудираси М.Машариповалар  сўзга чиқиб, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида, ҳудудларда хотин-қизлар билан кенг мулоқотни йўлга қўйишда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг фаоллиги, жумладан, юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган уй бекалари, аёллар ва ўқувчи қизларни қийнаётган масалалар ечими йўлида ташкил этилаётган очиқ мулоқотларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтдилар. 

Йиғилишда “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси”нинг лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтилди. Мазкур стратегияда белгиланган вазифаларнинг ижросида ёш хотин-қизлар ҳамда ёш оилаларнинг ўрни, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аёлларнинг турмуш тарзи, фаолияти хусусида сўз юритилди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчиларининг таклифлари, муаммо ва камчиликлар ечимига қаратилган фикрлари тингланди.

Бугунги тадбирда умумтаълим мактабларидаги меҳнат дарсларига малакали зардўзларни таклиф этишни, улар билан ўқувчилар ўртасида амалий машғулотлар, мастер-класслар ташкил этишни таклиф этдим. Чунки, ўзим фаолият юритиб келаётган мактабда зардўздлик ҳунарига қизиқувчи қизларимиз кўпчиликни ташкил этади. Лекин мутахассис етишмаслиги сабабли, қизларимизнинг қизиқишларини янада бойитиш имконияти йўқ, - дейди Боғот туманида 15-сонли умум ўртатаълим мактаби ўқитувчиси Муқаддас Худоёрова.

Мазкур мурожаат мутахассислар томонидан қабул қилинди ҳамда ўз ечимини топиш юзасидан туман хотин-қизлар қўмитасига тегишли кўрсатмалар берилди. М.Худоёрова томонидан туман ва қишлоқларда жойлашган мактабларда электрон кутубхона ташкил этиш таклифи ҳам ўртага ташланди. 

Янгиариқ туманида яшовчи Сурайё Матёқубова тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ижарага бино сўраб мурожаат қилди. С.Матёқубованинг мурожаати юзасидан Янгиариқ туман хотин-қизлар қўмитаси алоҳида шуғулланадиган ҳамда ушбу мурожаатга ижобий ечим топишда амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.

– Мутахассислигим олий маълумотли ўқитувчи, – дейди янгиариқлик Манзура Машарипова. Президентимиз бошчилигида барча юқори давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, мутахассислари билан аҳоли ўртасида ташкил этилаётган учрашувлар бизни янада фаол ишлашга ундамоқда. Бугунги тадбирда туманимиздаги чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган мактабгача таълим муассасаларида инглиз тили тўгараклари ҳамда логопед машғулотларини ташкил этишни таклиф этдим. Ўзим ҳам мазкур ҳайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида туман хотин-қизлар қўмитасининг кўмаги асосида қишлоқлардаги боғчаларда ўқув машғулотларини ташкил этмоқчиман. Юртимизда ёшлар учун яратилаётган барча шарт-шароит ва имкониятлардан ўз вақтида унумли фойдаланиш бизнинг энг асосий вазифамиздир.

Қизғин баҳс-мунозара ва очиқ мунозаралар асосида ташкил этилган тадбирларда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари Д.Курязова, Д.Маткаримова, Ш.Солаева, О.Исмоилова, Г.Отажоноваларнинг чиқишлари иштирокчилар кайфиятини янада кўтариб, ижодкор ёшларнинг қалбини тўлқинлантирди. Тадбир давомида иштирокчиларга Зулфия номидаги Давлат мукофотининг туман ва шаҳар босқичларида иштирок этиш тартиби ҳам айтиб ўтилди. Шунингдек, иштирокчи ўғил-қизлар ижросида она Ватанимизни, Мустақиллигимизни мадҳ этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар ҳам ижро этилди.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий сиёсат жамият ҳаётининг муҳим соҳаси ва давлат фаолиятининг асосий йўналишидир. Мазкур соҳада изчиллик билан давом эттирилаётган ислоҳотлар юртимизда ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечиришига кўмаклашишдек олижаноб мақсадга йўналтирилган бўлиб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси доирасидаги тизимли ишлар ҳам ана шу мақсад рўёбига хизмат қилмоқда. Қўмита тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар дастури асосида ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи Шанбасида ташкил этилаётган “Қизлар билан очиқ мулоқотлар”да асосий эътибор ёш оилалар, хотин-қизларнинг турмуш тарзини янада юксалтириш, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлашда ўзбек аёлларининг фаоллигини оширишга қаратилмоқда. Вилоятимизнинг Янгиариқ ва Боғот туманларида бўлиб ўтган “Қизлар билан очиқ мулоқот”да ҳам  ҳар бир мурожаатчининг муаммосига вақтида ва оқилона ечим топишга ҳаракат қилинди. Зеро, бу фуқаронинг бугунидан рози, эртанги кунга ишонч билан яшашида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.





Дилрабо Жуматова,
 Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси

Похожие статьи