Заголовок страницы

Congue iure curabitur incididunt consequat

Тадбиркор қизларнинг энг яхши лойиҳалари аниқланди

Давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг иқтидор ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлган аёллар 45 фоизни, жумладан, саноатда 28,3, қишлоқ хўжалигида 37 фоизни ташкил этади. Фермер аёллар сони эса 1500 нафардан ортиқ бўлиб, истиқлол йилларида уларнинг 3 нафари «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган. Минглаб аёлларимиз ҳунармандчилигимизнинг турли йўналишларида самарали фаолият кўрсатиб, қадриятларимизни давом эттирмоқдалар.

Ҳозирда юртимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида ҳам тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали оилалар фаровонлигини юксалтиришга эътибор кучаймоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонуни, мамлакатимиз Раҳбарининг «Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва бошқа соҳага оид қонун ҳужжатлари хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва изчил ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2016 йилдан буён Давлат дастури доирасида ўтказиб келинаётган «Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси» кўрик-танлови юртимиздаги касб-ҳунар коллежларини битираётган ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркор қизларнинг лойиҳаларини ижтимоий ҳаётга кенг татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим рол ўйнайди.

2017 йилда ўтказиладиган танловнинг қуйи босқичларида жами 1410 та касб-ҳунар коллежларини 223 минг 132 нафар битирувчи қизларидан 16 177 нафари кредит олиб, ўз ишини бошлаш истагини билдирган. Ҳозирги кунда  2457 та ўқув курслари  ўтказилиб унда 114855  нафар битирувчи қизлар иштирок этишди.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган танловнинг қуйи яъни касб-ҳунар коллежлари босқичларида республика бўйича 800 та коллеждан 18 235 нафардан ортиқ битирувчи қизлар ўз лойиҳалари билан иштирок этишди.

19 май ҳолатига банк тузилмалари томонидан касб-ҳунар  коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятларини  ташкил этиш, уларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйишлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ лойиҳаларини молиялаштириш учун 11 млрд. сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

Июнь ойида ташкил этилган танловнинг туман(шаҳар) босқичида республика бўйича жами 1717 нафар қизлар иштирок этди. Танловнинг вилоят босқичи август ойида ўтказилди. Бу босқичда 579 нафар қиз иштирок этди ва учта номиниция бўйича ғолиб бўлган қизлар сони 82 нафарни ташқил этди.

“Қишлоқ хўжалиги соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” номинациясида – 26 нафар, “Сервис соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” – 27 нафар ва “Ишлаб чиқариш соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” номинациясида – 29 нафар қиз ғолиб бўлди.

Бугун  пойтахтимиздаги Ўзбек миллий академик драма театрида «Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2017» кўрик-танловнинг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда республика ташкилий қўмитаси аъзолари, тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, тижорат банклари ва танловнинг вилоят босқичида ғолиб бўлган қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда бизнес лойиҳалари энг муносиб деб топилган 82 нафар коллеж битирувчилари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг махсус дипломлари, тижорат банкларининг сертификатлари, ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, таниқли санъаткорлар иштирокидаги маданий дастур намойиш этилди.















Похожие статьи