Заголовок страницы

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017 йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва параметрлари прогнози тўғрисида"ги қарори билан ҳомиладорлик ва  туғруқ бўйича нафақаларни тўлашнинг янги тартиби тасдиқланди.
Такроран ишга кираётганлар ёки 12 ойдан кўпроқ танаффусдан кейин ўз меҳнат фаолиятини бошлаётганлар учун ишга қабул қилинган кунларидан бошлаб ишлаб берган вақтларига боғлиқ ҳолда ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақаларни белгилашнинг дифференцияланган миқдори амал қилади:  
ишга қабул қилингандан бошлаб 6 ойгача - ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича таътилда бўлган вақт давомида ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи;
ишга қабул қилингандан бошлаб 6 ойдан 12 ойгача - ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича таътилда бўлган вақт давомида ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;
ишга қабул қилингандан бошлаб 12 ойдан кўпроқ - ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича таътилда бўлган вақт давомида ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи.
Начало формы
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 46-бандига кўра, ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси жойларда белгиланган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда олинади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 142-моддасига кўра, ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт, шу жумладан ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлиш вақти йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори 6-иловаси 1-бандига мувофиқ, таътиллар вақтига ҳақ тўлаш, ишдан бўшатиш нафақасини, ишсизлик нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи биринчи йил ишловчиларга ҳисоб­лаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда, уларни ўн иккидан бирга (олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказо), ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчилари учун ҳисоблаш даврида тарифакация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган суммани ўндан бирга оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.
Солиқ кодексининг 178-моддаси 3-бандига кўра, нафақалар, шу жумладан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланмайди, шу муносабат билан улар меҳнат таътили пулини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 233-моддасига мувофиқ, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь куни ва туққанидан кейин эллик олти, туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда етмиш календарь кун муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. 
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади. 
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйҳатидан ўтган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 46-бандига мувофиқ, ходим йиллик — асосий ва қўшимча таътилда ва болани парваришлар учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида аёлларимизни физик ва физиологик холатларини инобатга олган холда қонун нормалари қабул қилинган. Шу жумладан ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шартлиги (МКнинг 78; 224-моддалари), бундан ташкари ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмаслиги (84-модда) белгиланган.
Ҳомиладор аёлларни ва икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги илтимоси, агар бундай иш корхонада мавжуд бўлса, иш берувчи томонидан қаноатлантирилиши керак.(94-модда).
Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилиши ва бундай иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим (226-модда).
Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи икки ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади. (227-модда.)
Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади.(116-модда). Уларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.(228-1-модда).
Аёлларга йиллик асосий таътил ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади (143-модда).
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади, унинг боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам олишга хакли. (234-модда)
Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.
Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади, шу жумладан ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ундан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб) фойдаланилиши мумкин. (232-модда)
Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. (228-модда)
Ҳомиладор аёлнинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир. (229-модда). Ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра, тегишлича ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан кейин берилади.(231-модда)
Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади. (233-модда)
Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади.
Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.
Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин.
Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади. (236-модда)
Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, (237-модда) корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак (237-модда)
Бундан ташкари, корхона ва ташкилотларнинг жамоа шартномаларида ҳам бунданда имтиёзлирок кафолатлар белгиланиши мумкин.
Меҳнат Кодексининг 234-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда белгиланган тартибда нафақа тўланади. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади.
Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.
Болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин.
2002 йил 18 февралда қабул қилинган “Ишлайдиган оналарга бола икки ёшга етгунга қадар уни парвариш қилганлиги учун ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 2-бандига кўра, бола парваришидаги аёлга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида нафақа тўланади. Аммо мазкур Низом бюджет соҳасида ишловчи оналарга татбиқ этилмайди.
Бюджет соҳасида ишловчи оналарга нафақалар тайинлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам  тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомга асосан белгиланади.
Мазкур Низомга асосан, бюджет соҳасида ишловчи оналарга бола парвариши бўйича нафақа ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланади.
Бюджет соҳасида бўлмаган оналарга эса нафақа иш берувчи томонидан тўланади.
– Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш учун асос:
Аёлларимизга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда эса 70 календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилади ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади. Агар ушбу варақа бирон сабаб билан йўқолган бўлса, у ҳолда нафақа такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади. Ҳомиладорлик  ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) вақтинча, меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.
Ходим йиллик таътилда ҳамда болани паваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда нафақа вақтинча лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, юқоридаги Низомнинг 4-бандига асосан, яъни, айрим ҳолларда меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилингандан кейин бир ой ичида ҳомиладорлик ва туғиш  таътили бошланган бўлса, нафақа яшаш жойидаги туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлими томонидан (иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида) тўланади.
Агар ҳомиладорлик ва туғиш даврида иш ҳақи ўзгарган бўлса, шу даврдан бошлаб нафақа миқдори ҳам тегишли равишда қайта ҳисоблаб чиқарилади. Нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақига қўшимча ҳақ ҳисобланган бўлса, нафақа ҳам тегишли равишда ошади.
Ҳомиладорлик  ва туғиш таътили иш вақтида бошланиб, корхона (цех, бўлимнинг) ишни вақтинча тўхтатиши даврида давом этса, нафақа ўша касб ва малакага эга бўлган ходимларга мана шу тўхтатилган давр учун тўланадиган иш ҳақи миқдорида берилади. Бунда нафақа миқдори умумий қоидалар бўйича ҳисобланган  ва олиши лозим бўлган нафақанинг миқдоридан ошиб кетмаслиги лозим.
Агар ҳомиладорлик ва туғиш таътили ишнинг вақтинча тўхтатилган даврида бошланган бўлса, иш тўхтатиб қўйилган давр учун нафақа Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 155-моддасида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорида берилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида ишлайдиган ходимлар учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини (декрет пули)ни ҳисоблаб чиқариш учун ушбу таътил бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олинадиган доимий қўшимча ҳақлар ва устамалар ва барча мукофотларнинг 1/12 қисми ҳисобга олинган ҳолда суғурта бадаллари тўланиши шарти билан, ойлик маош олинади
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ходимнинг бошқа даромадлари таркибига киритилади (Солиқ кодекси 178-моддасининг 1-банди), бироқ унга Солиқ кодексининг 179-моддаси 20-бандига асосан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Ишга қабул қилмаслик ёки унга декрет таътили учун ҳақ тўлаш малол келиб, ишдан бўшатиш ҳолатлари кўп учрайди. Бундай бўлмаган тақдирда ҳам, аксарият раҳбарларда ходимининг фарзанд кутаётгани унга бўлган муносабатни ўзгаришига олиб келади. Бу ўша кадрнинг лавозимини кўтармаслик, мукофот пулларини камайтириш, рағбатлардан чеклаш, аввалгидек муҳим вазифаларни ишонч билан топширмасликда намоён бўлади.
Мазкур ҳолатларни бўлажак оналарнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Шу сабаб, имкон борича ҳомиладорликларини иш шароитида яширишга уринадилар, соғлиқлари кўтармаса ҳам барча вазифаларни уддалашга киришадилар ёки кўнгилдагидек ишлолмаётганлари туфайли айрим ҳолларда депрессияга чалинадилар. Табиийки, бу туғилажак бола учун зарар кўрсатмай қолмайди. Иш билан банд ҳомиладор аёлларнинг ҳуқуқлари, уларга кўрсатилиши керак бўлган муносабат ва шароитлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси орқали ҳимояланган. Кодекснинг бир қанча моддалари (78, 84, 143, 218, 221, 224, 226, 228, 229, 237, 286) бевосита ҳомиладор аёлларга тегишлидир.
Ишга қабул қилинган барча ходимлар бир неча вақт синов муддатида ишлайдилар, ҳомиладор аёлларга эса дастлабки синов белгиланмайди. Шунингдек, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди.
Ҳомиладорлик вақти организмдаги гормонал ўзгаришлар туфайли меҳнат унумдорлигининг пасайиши, айниқса, анемияга чалинган, қон босими паст ва кучли токсикозни бошдан кечираётган аёлларда иш қобилиятига путур етиши тиббиётда тасдиқланган. Ўзини ёмон ҳис қилаётган ҳомиладор аёлга доимий вазифаларини бажариш қийинчилик туғдирса, у шифокор томонидан берилган соғлиғи ҳақидаги тиббий хулосани раҳбарга тақдим этиши керак. Шундан келиб чиқиб, ходим енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш меъёрлари камайтирилади. Бу вақтинча бўлиши мумкин, лекин Кодекс орқали муддат чекланмаган. Бошқа енгил ишга ўтказиш ёки хизмат вазифаларини камайтириш ойлик иш ҳақининг ўзгаришига сабаб бўлмайди. Ноқулай иш шароитида хизмат кўрсатадиган аёлда ушбу муаммо ҳал этилгунга қадар у ишга чиқмай туриши мумкин. Бунда ҳам иш ҳақи сақланади. Ҳомиладор аёллар айрим вазифалардан озод этилади.
Ҳомиладор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, ҳомиладор аёл раҳбардан тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси билан ишлашни илтимос қилса, соғлиғи ҳақидаги тиббий хулосани тақдим этса, раҳбар ушбу талабни қондиришга мажбур.
Агар ҳомиладор аёлнинг иш жараёнида аҳволи ёмонлашса, ўша ташкилот раҳбари томонидан дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган чоралар кўрилиши шарт. Борди-ю биринчи ёрдам ёки иш жойининг тиббиёт пунктида кўрсатилган муолажалар фойда бермаса, ходим даволаш-профилактика муассасаларига олиб борилади. Зарур ҳолларда, тиббий хизмат кўрсатиш харажатлари иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳомиладор аёлнинг меҳнат таътили борасидаги имтиёзлари. Маълумки, йиллик асосий таътил ходимларга биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин аёлларга таътил уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин ҳам берилиши мумкин. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.
Уларга муносиб иш шароитларини таъминлаш, имтиёз ва енгилликлар бериш каби ҳаётий ва зарурий ҳолатлар ҳам назарда тутилган ва бир қатор махсус моддаларда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.
Ҳомиладор аёлларнинг меҳнат фаолияти ва уларга нисбатан адолатли, холис ва ҳуқуқий муносабати рўёбга чиқиши учун фақат бир томонлама эмас, ҳар икки томон ўз хақ-ҳуқуқларини, белгиланган имтиёз ва кафолатлардан қонун талабларини яхши билган ҳолда амалда қўллай олишлари лозим бўлади.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
 
БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИДА ИШЛОВЧИ АЁЛЛАРГА ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА НАФАҚА, ФУҚАРОЛАРНИНГ АЙРИМ ТОИФАЛАРИГА УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР ҲАҚИНИ ТЎЛАШ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР ЎРНИГА ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДА НАЗАРДА ТУТИЛГАН ОЙЛИК КОМПЕНСАЦИЯ ПУЛ ТЎЛОВЛАРИ ҲАМДА БОЛА ТУҒИЛГАНИДА БЕРИЛАДИГАН БИР ЙЎЛА НАФАҚАНИ ТЎЛАШ БЎЙИЧА ХАРАЖАТЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 8-сон, 64-модда)
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 23 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2080
Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 158-II-сон «Бюджет тизими тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 6-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 52-сон, 560-модда) мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 14 январдаги 02/1-1088-сон топшириғини бажариш мақсадида буюраман:
1. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
 
                                 Молия вазири                Р.С. АЗИМОВ
 
Тошкент ш.,
2010 йил 5 февраль,
10-сон

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
2010 йил 5 февралдаги 10-сон буйруғига
ИЛОВА
Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 158-II-сон «Бюджет тизими тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 6-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 52-сон, 560-модда) мувофиқ бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ:
фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақа тўлаш бўйича харажатлар 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;
бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тўлаш бўйича харажатлар тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақа тўлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари (бундан кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) орқали, бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тўлаш бўйича харажатлар эса, ушбу бюджет ташкилотлари орқали амалга оширилади.
2. 2009 йилнинг 31 декабрига қадар (шу куни ҳам) қонунчиликка мувофиқ ҳисобланган, аммо тўланмаган бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақа ўрнатилган тартибга мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан тўланиши шарт.
3. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тайинлаш ва тўлаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
4. Фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлашга ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича харажатлар сметасини тузади.
5. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун бюджет маблағлари 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлар таснифининг тегишли бўлим, боб, параграф ва харажат моддалари бўйича кўзда тутилади.
6. Республика бюджетидан Жамғарманинг ғазначилик ҳисобварағига фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлашга маблағларни ўтказиб бериш Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш Бош бошқармаси билан келишилган тайинлаш сертификати асосида амалга оширилади.
II. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани молиялаштириш тартиби
7. Бюджет ташкилотлари ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар тегишли молия органларига мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тўлашга бюджетдан талаб қилинадиган маблағларни аниқлашга буюртманомани (бундан кейинги ўринларда буюртманома) тақдим қиладилар.
8. Буюртманома бюджет ташкилотлари томонидан:
туман (шаҳар) бюджетида турувчилар — тегишли туман (шаҳар) молия бўлимларига;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджети ва Тошкент шаҳар бюджетида турувчилар — тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармаларига;
Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида турувчилар — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг соҳаларни молиялаштирувчи тегишли бошқармаларига тақдим қилинади.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида турувчи бюджет ташкилотлари буюртманомаларни бюджет маблағларини бош тақсимловчи орқали тақдим қиладилар.
9. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни тўлашга харажатлар:
биринчи навбатда бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлар таснифининг тегишли моддалари бўйича иш ҳақига кўзда тутилган, бўшаб қолган бюджет маблағлари (бюджет ташкилотлари ходимларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиши муносабати билан) ҳисобидан амалга оширилади. Бунда, истисно тариқасида, тегишли молия органлари тегишли Ғазначилик бўлинмалари билан келишган ҳолда керакли ҳисоб-китоблар асосида мустақил равишда Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари харажатлар сметасига иш ҳақи харажатлари бўйича маблағларни камайтириш ва тегишлича ушбу бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа харажатлари учун маблағларни кўпайтириш йўли билан аниқлик киритишни амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар;
иш ҳақи харажатлари бўйича бўшаб қолган бюджет маблағлари мавжуд бўлмаган ёки бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тўлиқ таъминлаш учун етарли бўлмаган ҳолларда, бюджет маблағлари қўшимча равишда мазкур Низомда белгиланган тартибда бюджетдан ажратилади.
10. Бюджет ташкилотларидан олинган буюртманомалар асосида тегишли молия органлари жамланган буюртманомаларни мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича тузади ва ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 12-санасига қадар юқори турувчи молия органига тақдим қилади.
11. Юқори турувчи молия органлари бюджет ташкилотлари ва қуйи турувчи молия органларидан олинган буюртманомаларни текширадилар ва текшириш натижалари бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар жамланган буюртманомаларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилиш учун тайёрлайдилар.
12. Молия органларига белгиланган муддатдан кечикиб тақдим қилинган буюртманомалар молия органлари томонидан ҳисобот ойи буюртманомасига қўшилмайди, балки кейинги ойнинг буюртманомасига қўшилади.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар олинган буюртманомалар асосида жамлашни амалга оширади ва қонунчиликда белгиланган тартибда уч кун муддат ичида:
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети харажатлар ёйилмасига;
Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетларнинг харажатлар параметрига тегишли ўзгартиришларни киритади.
14. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўланишини бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботида акс эттириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
III. Фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани молиялаштириш тартиби
15. Ҳар ой, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасидан кечикмаган ҳолда Жамғарма фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлаш учун талаб қилинадиган маблағларни аниқлайди ва Жамғарма шахсий ҳисобварағидаги маблағлар қолдиғини ҳисобга олган ҳолда 13-сон шаклдаги тайинлаш сертификатини (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш Қоидаларига (рўйхат рақами 1111, 2002 йил 14 март) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2002 й., 5-сон) 6-илова) тайёрлайди.
Тайинлаш сертификатига Ғазначилик бўлинмаларида очилган ҳар бир шахсий ҳисобварақлар кесимида харажатлар ёйилмасини илова қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш Бош бошқармасига келишиш учун тақдим қилади.
16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш Бош бошқармаси тайинлаш сертификатини кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижаси бўйича келишилади. Тайинлаш сертификатини келишиш кўрсатилган харажатларни молиялаштириш учун режали бюджет ажратмаларининг мавжудлиги ва асосланганлиги бўйича амалга оширилади.
17. Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш Бош бошқармаси билан келишилган тайинлаш сертификати молиялаштиришни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат бюджети Бош бошқармасига тақдим қилинади.
18. Ғазна ҳисобварағига маблағлар ўтказиб берилгандан кейин Ғазначилик бўлинмаларида очилган ҳар бир шахсий ҳисобварақлар кесимида юқорида кўрсатилган харажатларни тўлаш учун харажатларнинг ёйилмаси Ғазначиликка берилади.
19. Туман (шаҳар) Жамғарма бўлимлари юқорида кўрсатилган харажатларни тўлаш бўйича маблағларни уларни олувчилар ишлайдиган ташкилотлар, шунингдек, почта алоқаси миллий операторининг бўлинмалари ва тижорат банклари филиаллари ҳисоб рақамларига молиялаштиришни амалга оширади.
20. Агар йил мобайнида юқорида кўрсатилган тўлов ва нафақа олувчилар миқдорининг ўзгариши харажатлар сметасида кўзда тутилган харажатларнинг ошишига (камайишига) олиб келса, Жамғарма белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига нафақаларни тўлаш бўйича харажатлар сметасига ўзгартириш киритиш учун олувчиларнинг ўзгарган миқдорига зарур бўлган маблағларнинг асосланган ҳисоб-китобларини тақдим қилади.
Харажатларни камайишига олиб келадиган харажатлар сметасига киритиладиган ўзгартиришлар, белгиланган тартибда ғазначилик бўлинмалари билан келишилади.
21. Харажатлар сметаси олувчилар миқдори тўғрисидаги маълумотни илова қилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) Жамғарма бўлимларининг бош ҳисобчилари ва раҳбарлари томонидан имзоланади.
Ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ҳар бир туман (шаҳар) бўйича нафақаларни тўлаш бўйича харажатлар сметаси Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари орқали Жамғармага умумлаштириш ва республика бўйича жамланган харажатлар сметасини тузиш учун тақдим қилинади. Жамғарма тегишли текширишлар ва умумлаштиришлардан сўнг Ўзбекистон Республикаси бўйича туман ва шаҳарларнинг тасдиқланган харажатлар сметалари нусхаларини илова қилган ҳолда жамланган харажатлар сметасини мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шакл бўйича тузади ва тасдиқлайди ҳамда ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш Бош бошқармасига тақдим қилади.
Жамғарма Ўзбекистон Республикасининг барча туманлари ва шаҳарлари бўйича тасдиқланган сметалари нусхаларини илова қилган ҳолда, жамланган харажатлар сметасини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига тақдим қилади.
IV. Ҳисоб ва ҳисобот
22. Юқорида келтирилган харажатларни тўлаш учун республика бюджетидан молиялаштирилиб берилган маблағлар республика бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлар таснифининг тегишли бўлим, боб, параграф ва харажат моддалари бўйича касса ва ҳақиқий харажат сифатида акс эттирилади.
Жамғарманинг тегишли ҳисобварақларига тушган маблағлар Жамғарма бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботда Жамғарма даромади сифатида акс эттирилади.
Жамғарманинг тегишли ҳисобварақларидан ҳисобот даври мобайнида ўтказилган маблағлар суммаси Жамғарма касса харажатлари ҳисобланади.
23. Жамғарма ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги билан келишилган фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани ҳисобланиши ва тўланиши ҳақидаги ҳисоботни ойлар ва туман (шаҳар)лар кесимида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилади.
V. Назорат ва жавобгарлик
24. Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлашга ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг назорат-тафтиш Бош бошқармаси томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
25. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
26. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан келишилган.
Юуклаб олиш [127 Kb] (cкачиваний: 4)