Заголовок страницы

Бобурийлар сулоласидан, шоира, маърифатпарвар. Авранзебининг қизи. Онаси Дилрасобону Гулбадан бегимнинг авлодларидан. Барелий («Тазкираи шоироти урду» — «Урду шоирларининг тазкираси»), Шерхони Лудий («Мирот ул-хаёл» — «Хаёл ойнаси»), Ҳакимхон Тўра («Мунтаҳаб ут-таворих» — «Танланган тарихлар»), Фазлий («Мажмуаи шоирон» — «Шоирлар мажмуаси») ва бошқа тарихчи ва тазкиранавис олимлар асарларида Зебуннисо бегим ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар учрайди. Отаси Аврангзеб қизидаги шеър ва шоирликка майлни сезгач, ўша даврнинг машҳур олими Мулло Муҳаммад Саид Ашраф Исфахонийни унга муаллим қилиб тайинлайди. Зебуннисо устозининг тарбиясида забардаст шоира, олима, созанда ва хаттот бўлиб етишади. Устозига бағишлаб илоҳиётга оид асар ёзади. Зебуннисо бегим ўзбек, форс, араб тилларининг сарфу наҳви (морфология ва синтаксис)ни чуқур ўзлаштирган. Хусрав Деҳ-лавий, Навоий, Бобур асарларини синчиклаб ўрганган. Ҳиндистон олимлари, шоирлари ва санъат аҳлларига кўп ғамхўрликлар қилиб, ўз замонида илм ва санъатнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ўша замоннинг кўп олимлари шахсан Зебуннисо Бегимдан маош олар эдилар. Шунинг учун ҳам тарихчилар унга юксак баҳо бериб, Зебуннисо бегим отаси ҳукмдорлик билан қозона олмаган шуҳратни илм ва одоб билан қозонган, деб таъкидлайдилар.
Шоира ижодининг шаклланиши ва камолга етишида адабий муҳитнинг таъсири кучли бўлган. Акаси Аъзамшоҳнинг адабиётга бўлган қизиқиши, уйида бўлиб турадиган мушоиралар унда шеъриятга ҳавас уйғотади. Етук шоир ва олимлар билан танишади. Айниқса, Зебуннисо бегимнинг Бедил билан мушоиралар қилиши икки буюк иқтидор меҳнатига барҳаётлик бағишлаган.
Шоира мураккаб, зиддиятли бир даврда яшаб, ижод этди. 19 ёшидаёқ кўплаб ноҳуш воқеаларнинг шоҳиди бўлди. Аврангзеб салтанат учун курашда акаси Дорошукуҳ, укалари Муродбахш ва Шоҳшужоъларни енгиб, Деҳлида тахтни эгаллайди. Касалманд отаси Шоҳжаҳонни 16 йил уй қамоғида асрайди. Ўз ўғли Акбарни тахт учун курашда айблайди. Қизи Зебуннисо бегимни ҳам бу ишда ҳамфикр ҳисоблаб, Дехлидаги Салимгарҳи қўрғонидан чиқармайди. Мамлакатдаги нотинч ҳаёт, салтанат учун курашнинг авж олиши шоира дунёқарашини тубдан ўзгартирди. Зебуннисо бегим ижодида ижтимоий-фалсафий фикрлар чуқурроқ илдиз ота бошлади. Дастлабки шеърларидаёқ табиат тасвири орқали инсоннинг орзу-умидларини, адолат ва ҳақиқатни куйлади. Ростгўйликни, ҳаққонийликни тарғиб қилди, алдамчи, фирибгарлардан нафратланди («Агар жаннатни ваъда қилса-да, у одам сўзига алданма...»).
Зебуннисобегим ижодининг баъзи томонлари Бедил фалсафасига ҳамоҳанг. Шоира инсоннинг гўзаллиги келтирган фойдали ишида, меҳнатида, қадр-қиммати унинг мақсадида деб билади.
Зебуннисо бегимнинг асосий машғулоти шеърият, мусиқа, илм бўлган. У бутун ҳузур-ҳаловатни, тақдир ва бахтни, кишилар орзу қилган жаннатни ҳам китобда — илмда, деб билган. Лирик шеърлар билан бирга одоб ва ахлоққа оид «Зеб ут-тафосир» («Гўзал тафсирлар»), «Зебун-нашот» («Нашьалар зийнати») ва тасаввуф фалсафасига дояр «Мунис ул-арвоҳ» («Руҳларнинг содиқ дўсти») каби рисолалар ҳам ёзган. Шеърлари аждодларининг юрти Марказий Осиёда, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон, Покистон ва бошқа Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Ғазаллари ўзбек халқининг севимли қўшиқларига айланган. Ҳозиқ, Хиромий, Нодир, Собир Абдулла ва бошқалар Зебуннисо бегим ғазалларига мухаммаслар боғлаганлар.
Шоиранинг шеърий мероси бизгача тўлиқ етиб келмаган. 8000 мисрали бир девони (ғазаллари), 7 қасидаси, 5 таржеъбанд ва бир мухаммасигина сақланиб қолган. Баъзи манбаларда шоиранинг «Махфий» тахаллуси билан ижод қилгани айтилади. XIX асрнинг иккинчи ярми –XX аср бошларида кўчирилган «Девони Махфий»да Зебуннисо бегимга нисбат берилади. Шоира асарлари қўлёзмаси дунёдаги кўпгина кутубхоналарда, шу жумладан, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида ҳам  сақланади. Зебуннисо бегим Деҳлидаги «Зарзари» қабристонига Низомиддин Авлиё, Амир Хусрав Дехдавий ёнида дафн этилган.