Заголовок страницы

Шоира, журналист, таржимон, йирик жамоат арбоби.Зулфия тахаллуси билан ижод қилган шоиранинг тўлиқ исм-шарифи Зулфия Исроилова. У 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида дунёга келган. 1965 йилда Ўзбекистон халқ шоираси, 1984 йилда Меҳнат Қаҳрамониунвонига сазовор бўлган. У шоир Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси.
Зулфия Хотин-қизлар педагогика билим юртини тугатгачЎзбекистон Фанлар қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтининг  аспирантурасига ўқишга кирган. 1938-40 йилларда Ёшлар ва ўсмирлар адабиёти нашриётида муҳаррир, 1938-40 филларда “Ўзбекистон” давлат нашриётида бўлим мудири, 1950-53 йилларда “Ўзбекистон хотин-қизлари» («Саодат») журналида бўлим мудири, 1954-85 йилларда бош муҳаррир бўлиб ишлаган.
3улфиянинг илк шеъри 1931 йилда «Ишчи» газетасида чоп этилган.  «Ҳаёт варақалари» номли илк шеърлар тўплами 1932 йилда нашр этилган. 1934 йилда «Темирой», 1939 йилда «Шеърлар», «Қизлар қўшиғи» номли  шеърий китоблари босмадан чиққан. 3улфия  шеърий ижодининг нурланиши «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944) ва «Ҳулкар» (1947) тўпламлари билан боғлиқ. Айниқса, 1944 йилда Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафотидан кейин  ёзилган руҳий силсилалар ва қалб изтироблари билан тўла шеърлари 3улфия ижодида жиддий ўзгаришлар содир бўлганидан дарак берди. У шахсий фожиаси тасвири орқали иккинчи жаҳон урушидан катта талафот ва йўқотишлар билан чиққан халқнинг дарди, аламларини ифодалади.
40-йилларнинг  охирида эълон қилинган Совет давлатининг санъат ва адабиёт тўғрисидаги қарорлари ўзбек адабиётига ҳам катта зарар келтирди. 3улфия бадбин кайфиятлар — пессимистик кечинмалар куйчиси сифатида таъна тошлари остида қолди. Шундан кейин у бошқа қаламкаш сафдошлари қатори «давр ғоялари»ни ифодаловчи шеърлар ёзишга мажбур бўлди. Ўзбек аёллари ҳаётини яхши билувчи шоира ва журналист сифатида хотин-қизларга оид шеърлар, публицистик мақолалар ёзди, уларни ижтимоий фаолликка чақирди, инсоний ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлмаслиги учун курашди.
50-йилларнинг иккинчи ярмида Осиё ва Африка ёзувчиларининг тинчлик ва халқаро бирдамлик шиори остида ўтган ҳаракатида фаол қатнашиб, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида бўлди. Ҳиндистон, Миср, Япония каби давлатларга, қўшни республикаларга қилган сафари шоира ижодида чуқур из қолдирди. «Мушоира», «Ўғлим, сира бўлмайди уруш», «Қозоғистон ўланлари», «Мен чизолмаган сурат» сингари шеърлари 3улфияга шуҳрат келтирди.  Ижодига хорижий халқлар ҳаёти манзаралари ҳам кириб келди. 70-йиллардан бошлаб 3улфия ижодидаги миллий ҳаёт тасвирида янги ранглар камалаги пайдо бўлди, ҳаётийлик, ҳис-ҳаяжон кучайди. «Ўйлар»  шеърий гулдастаси билан бошланган воқеликни фалсафий идрок этиш тамойили «Висол», «Йиллар, йиллар...» шеърий китобларида давом этиб, 3улфия ижодида чинакам бадиий юксалиш даври бошланганини намоён этди. У яна достон жанрига қайтиб, 1970 йилда устоз Ойбекнинг сўнгги сафарига бағишланган «Қуёшли қалам» достонини яратди. Айни пайтда шоира болаларга бағишланган туркум шеърлар ҳам ёзди («Лолақизғалдоқ», 1975).
3улфия ҳаётининг муҳим бир қисмини Ҳамид Олимжоннинг адабий меросини ўрганиш ва нашр этиш ишига бағишлади. Ана шу жараённинг узвий қисми сифатида у шоирнинг “Семурғ ёки Паризод ва Бунёд” достони асосида қўғирчоқ театри учун «Семурғ» пьесасини (С. Сомова билан ҳамкорликда) ҳамда «Зайнаб ва Омон» операси либретосини ёзди.
А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов. Н. А. Некрасов, М. Воқиф, Л. Украинка, М. Дилбозий, С. Капутикян, Э. Огнецвет, Мустай Карим, Амрита Притам, Е. Багряна ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилди.
3улфия асарлари кўплаб чет тилларида, шунингдек, қардош туркий халқлар тилларида нашр этилди. Шоира 1968 йилда халқаро Жаваҳарлал Неру, 1971 йилда «Нилуфар» мукофотлари ҳамда 1970 йилда Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати бўлди. Шунингдек, у 1972 йилда Болгариянинг «Кирилл ва Мефодий» орденига сазовор бўлган.
Зулфия 1996 йил 1 августда вафот этган. Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг буюк хизматларини, адабиётимиз, маданиятимиз тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини эътиборга олиб, Зулфия номидаги давлат мукофотини  таъсис этди. Тошкентдаги кўчалардан бирига унинг номи берилди.