• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ДИҚҚАТ! ДИҚҚАТ! ДИҚҚАТ!

Агар ижодий ёндашган ҳолда расм чизиш, электрон плакат тайёрлаш, иншо ҳамда мақола ёзиш қобилиятига эга бўлсангиз, бу танлов айнан Сиз учун!

 

Сизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД), Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида жорий йилнинг сентябрь ойида ташкил этилаётган «16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни»га бағишланган «Озон қатлами ва Мен» мавзуида ўтказиладиган ижодий ишлар танловига таклиф этамиз.

 

 

Танловнинг мақсади:

  • она табиатни, хусусан, озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш;
  • тадбир иштирокчиларига озон қатлами емирилишининг оқибатлари, унинг ҳимояси ҳамда иқлим ўзгариши ҳақида маълумот бериш;
  • иштирокчиларнинг бўш вақтларини унумли ташкиллаштириш ва рағбатлантириш.

 

«Озон қатлами ва Мен» мавзуидаги ижодий ишлар танлови қуйидаги йўналишлар бўйича махсус талаблар асосида ўтказилади:

 

  • “Энг яхши мақола” йўналишида

Танловга журналистлар томонидан чоп этилган, озон қатламининг аҳамияти ҳамда унинг муҳофазасига бағишланган мақолалар қабул қилинади. Мақолалар босма ва интернет нашрларида чоп этилган бўлиши мақсадга мувофиқ.

 

  • “Энг яхши иншо” йўналишида

Танловга умумтаълим муассасалари ўқувчилари томонидан тайёрланган, озон қатламининг аҳамияти ҳамда унинг муҳофазасига бағишланган «Озон қатлами ва Мен» мавзуидаги иншолар қабул қилинади. Иншолар электрон шаклда бўлиши ва 5 бетдан ошмаслиги лозим.

 

  • “Энг яхши электрон плакат” йўналишида

Танловга озон қатлами ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган ҳамда махсус шиор ва логотиплар қўлланган электрон плакатлар қабул қилинади. Танлов барча иштирокчилар учун очиқ.

 

  • “Энг яхши расм (3-7 ёш, 7-16 ёш, 16 ёшдан юқори)” йўналишида

Танловда иштирокчилар озон қатламининг аҳамияти ҳамда унинг муҳофазасини ўзида акс эттирган расмлари билан қатнашишлари мумкин. Танловга келиб тушган расмлар учта ёш категорияси бўйича баҳоланади — 3-7 ёш, 7-16 ёш ва 16 ёшдан юқори иштирокчилар. Ижодий ишлар А3 форматда бўлиши лозим.

 

Агар Сиз танловда қатнашмоқчи бўлсангиз, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига жорий йилнинг 12 сентябрь кунига қадар ўз ижодий ишингизни ҳамда ариза ва паспортингиз (ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома) нусхасини топширишингиз лозим.

 

Танлов ғолиблари ҳамда фаол иштирокчилари «16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни»га бағишланган тадбирда эълон қилинади, ташкилотчилар томонидан махсус совринлар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланади.

 

Танлов юзасидан барча саволга батафсил жавоб олиш учун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг (71) 202-08-58 телефон рақамига ва tanlov@o3.uz электрон манзилига ёки www.wcu.uz ҳамда www.o3.uz сайтларига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Танлов ташкилий қўмитаси манзили: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзакалон Исмоилий кўчаси, 1-“Г” уй.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech