• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

«Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти» кўрик-танловининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими

Бугун пойтахтимизда «Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти» кўрик-танловининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Республика ҳайъати томонидан 9 та номинация бўйича 1, 2 ва 3 ўринларга муносиб кўрилган 119 нафар бошланғич ташкилотлар раислари иштирок этди.

Ўтган қисқа даврда хотин-қизлар борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та Фармони, 2 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди ҳамда улар асосида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Яхши биламизки, аёл зотини эъзозлаш борасидаги ислоҳотлар ўтган йилларда ҳам босқичма-босқич амалга оширилди. Ва бугун Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан аёлга бўлган муносабат мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида масъулларнинг иштироки етарли даражада сезилмаётгани, шунингдек, аёлларимизга ярашмайдиган салбий иллатларнинг, яъни хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажримлар, эрта никоҳларнинг, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида янгича ёндашувлар йўлга қўйилмоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси тизимининг ислоҳ қилингани, аёлларимиз муаммоларини ҳал этишнинг янгича тизими яратилгани, уларга уй-жойлар берилаётгани, таълим олиши қўллаб-қувватланаётгани, Сенатда илк бор аёл кишининг раҳбарлик қилиши, Гендер тенглиги ва зўравонликка оид 2 та муҳим Қонуннинг қабул қилингани каби ижобий ҳолатлар хотин-қизларнинг давлат сиёсатидаги таъсири «шунчаки пардоз-андоз» тарзидаги чора эмас, балки ҳақиқий маънодаги ҳодиса деб умид қилишга асос бўлмоқда.

Маълумки, жамоат ташкилотлари ўз позицияси ҳамда мақсадларини бошланғич ташкилотларисиз жамоатчиликка етказиб бериши осон кечмайди ва ҳар қандай тузилма ҳамда ташкилотнинг фаолият самарадорлиги унинг қуйи тизимлари, айниқса, бошланғич ташкилотларининг нечоғли фаоллигига боғлиқ бўлади.

Бугунги кунда Хотин-қизлар қўмитасининг вазирлик ҳамда идоралар, корхона ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳарбий қисмлар, таълим муассасаларида 47 мингга яқин бошланғич ташкилотлари рўйхатга олинган.

Бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан 42 минг 500 нусхада “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари учун” номли қўлланмалар тайёрланиб, ҳудудларга етказилди.

2012 йилдан буён Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан «Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти» кўрик-танлови ўтказиб келинаётгани қуйи тизим фаолиятини давр талабларига мос равишда такомиллаштириб боришга хизмат қилмоқда.

Жорий йилда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 16 мингдан зиёд бошланғич ташкилотлар раислари қатнашди. Уларнинг 1 минг 237 нафари ҳудудий босқичларда иштирок этиб, энг сара 118 нафарининг ҳужжатлари Республика ҳайъатига тақдим этилди. Сентябрь ойининг 4-5 кунлари Республика ҳайъати томонидан ишлари бахоланган номзодлар 9 та номинация бўйича 1, 2 ва 3 ўринларга муносиб кўрилди.

Бу йилги танловни ўтказиш, номзодларни саралаш, ҳужжатларни тақдим қилиш ишларига жиддий эътибор билан ёндашган Андижон, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бугун аёллар ҳаётидаги ижтимоий аҳамияти катта муаммоларга давлатимиз ва ҳукуматимиз ечим чораларини кўрмоқда. Бироқ Хотин-қизлар қўмитаси тизимида фаолиятни ташкил қилишда ҳали-ҳамон ечимини кутиб турган муаммолар мавжуд. Шунингдек, бошланғич ташкилотларни номигагина ташкил қилиб қўйиш, уларни тизимнинг давоми сифатида узлуксиз ишламаслиги ҳолатлари ҳам мавжуд.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш, тизимда кескин ижобий ўзгаришларга эришиш лозимлигини таъкидлаган ҳолда, Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари вакилларига қуйидаги вазифалар юкланди:

биринчидан, Хотин-қизлар қўмитаси тизими халқаро аёллар ҳаракатида юқори ўринни эгаллашининг чораларини кўришда кўмаклашиш;

иккинчидан, бошланғич ташкилот вазифасига шунчаки юклатилган маошсиз иш деб қарамасдан, жамоатчилик асосида ишлаш ҳам ватанпарварликнинг бир кўриниши эканини чуқур ҳис этган ҳолда фаолият юритиш;

учинчидан, хотин-қизларимизнинг обрў-эътиборини ошириш ва мустаҳкамлаш, айниқса, аёл зотининг ўз қадрини билиши лозимлигини, у жамиятда ҳам, оилада ҳам маърифатпарвар эканини англатиш ишларини кучайтириш;

тўртинчидан, яқинда бўладиган сайловларда Президентимизнинг “ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт” деган сўзларини амалда исботлаш;

бешинчидан, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишида “Оила — маҳалла — мактаб” ҳамкорлик тизимини кучайтириш, айниқса, ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясида устозлар билан яқин ҳамкорликда бўлишини таъминлаш ва бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича берган топшириқларини бажаришда фаол иштирок этиш;

олтинчидан, ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлаётган тўй ва маросимлардаги дабдабалар, турли янгича салбий одатларга чек қўйилишида жамоатчилик фикрини юзага олиб чиқишни фаоллаштириш ва ҳоказолар.

Тадбирда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари оила, маҳалла, қишлоқ ва овулларда, ўқув муассасалари ҳамда ташкилотлар, йирик корхоналарда давлатимизнинг аёлларга оид сиёсатини тарғиб этиш, Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти ва позициясини, нуқтаи назарини халқимизга етказиш каби ишларда асосий суянч бўлиши таъкидланди.

Эътиборли жиҳати, тақдирлаш маросимида барча совриндорлар муносиб эътироф ва эътиборга сазовор бўлди. Ҳар бир иштирокчи Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг дипломи ҳамда мустакиллик йилларида Хотин-қизлар қўмитаси тизимининг тамал тошини қўйган, Республика Хотин-қизлар қўмитасининг илк раиси, Ўзбекистон Халқ шоири, “Эл юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиеванинг танланган асарлари тўплами билан тақдирланди.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech