• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Санкт-Петербург сафари: Вазифалар ижроси кўриб чиқилиб, устувор йўналишлар белгилаб олинди

Хабарингиз бор, жорий йил 20 августда давлатимиз раҳбари “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. Мазкур Фармоннинг устувор мақсади сифатида эса меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, давлат томонидан уларнинг кундалик эҳтиёжлари ҳамда орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтиришдек ижросини бир зум ҳам кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинган.

 

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг турли идораларидан ташкил топган, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова бошчилигидаги делегация аъзолари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб турибди. Мақсад — ватандошларимиз билан учрашиб, уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш.

 

Ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошчилигидаги делегация аъзолари Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг яшаш ва иш шароитлари билан яқиндан танишдилар. Жумладан, Федерацияда энг йирик савдо ва бизнес марказларидан бирининг қурилишида иштирок этаётган 300 нафар ватандошимиз билан самимий мулоқот қилдилар.

 

 

Уларнинг кундалик ҳаётларида учраётган катта-кичик муаммолар ўрганилиб, ечимини кутаётган масалаларга соҳа мутахассислари иштирокида атрофлича жавоб қайтарилди. Шунингдек, йиғилганларга бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламли ўзгаришлар, мазкур жараёнда ёшларимиз учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шоир ва ёзувчилар, таниқли санъат арбобларининг Ватан ҳақидаги шеърлари, мустақил диёримизни кўз қорачиғидек асраш, туғилиб ўсган она юртга муносиб бўлишга чорловлари эса йигитларимизга алоҳида ғурур ва ифтихор бахш этди. Улар бу каби таъсирчан фикрлардан олган таассуротларини миннатдорлик сўзларида, келгусидаги режаларида ифода қилдилар.

 

Санкт-Петербургдаги йирик қурилишда ишлаётган ватандошларимиз билан мулоқотдан.

 

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари икки ярим минг нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган тармоқ тикувчилик корхонасида бир гуруҳ ўзбек аёллари билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар. Учрашувда фабрикада яратилган шароитлар, ижтимоий ҳимоя, ҳатто ишчиларнинг фарзандлари тарбияси билан боғлиқ жараёнлар ҳам эътибордан четда қолмади. Ўз ўрнида Санкт-Петербург администрациясининг миллатлараро муносабатлар ҳамда миграция сиёсатини юритиш қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда фуқароларимизга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадли режаларнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

 

Санкт-Петербургдаги ўзбек аёллари Хотин-қизлар қўмитасининг бу ташаббусидан мамнун эканини билдиришди.

 

Кун давомида яна бир муҳим учрашув Санкт-Петербург давлат йўл алоқалари университетида бўлиб ўтди. Дастлаб олий ўқув юрти президенти билан кечган мулоқотда муассаса раҳбарияти ўзбекистонлик талабаларнинг иқтидори ва маданиятини эътироф этди.

 

Университет раҳбарияти ўзбекистонлик талабаларнинг иқтидорини алоҳида эътироф этди.

 

Талабалар ва делегация таркибидан ўрин олган шоир ва санъаткорлар иштирокида ўтган учрашувда эса истиқлолимизнинг 28 йиллик шодиёнаси, қисқа давр ичида юртимизга кечаётган ўзгаришлар, кадрлар сиёсати, ҳар соҳадаги янгиланишларда малакали мутахассисларга сезилаётган эҳтиёж хусусида сўз борди. Ўз навбатида, талабалар хам бугунги масъулиятли паллада яхши билим олиб, илмий кўникмаларни мустаҳкам эгаллаб, келажакда юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишларини билдирдилар.

 

Талабалар билан учрашув эса жуда ҳам завқли кечди.

 

Делегация аъзоларининг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифи давом этмоқда. Бугун, 7 сентябрь куни “Сайёр қабуллар“, маданий кечалар, турли кўргазмалар ўтказилиши кўзда тутилган.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech